14:21 / 09.01.2020
2 110

Санъат Шарипов ЎФАга қайтадими ёхуд футболимиздаги муаммолар ва унинг ечими ҳақида

Санъат Шарипов ЎФАга қайтадими ёхуд футболимиздаги муаммолар ва унинг ечими ҳақида
Бир неча кун аввал Санъат Шариповнинг ўзбек футболига оид ижтимоий тармоқдаги фикрларини чоп этгандик. Унинг ЎФА ва “Пахтакор” борасидаги қарашлари кўпчиликни эътиборини тортди. Айрим инсонлар Санъат Шарипов ЎФАдан кетиб, танқид қилишни бошлади деган хаёлга ҳам боришди.
Ўз навбатида биз Санъат Шарипов билан интервью ташкил этдик. Бир неча кун аввал Шарипов фикрларини биринчи қисмини тақдим этгандик. Бугун эса мутахассис билан ана шу интервьюнинг иккинчи қисмини ҳавола қиламиз.

- Отабек Ғуломхўжаевни ЎФА қандай ҳимоя қилишини кутгандингиз ва нима учун?
- Дунё тажрибаларини кўп биламан. Бунақа вазиятларда мураббийлар озгина бўлса ҳам ўзи ишлайдиган федерация ёки ассоциациялар ҳимоясига муҳтожлик сезади. Чунки бундай пайтда бир-биримизни ўзаро қўлламасак, аҳиллик йўқолади. Бундай паллада мураббий огоҳлантирилиб, унинг ойлигидан ушлаб қолиниши орқали Отабек Ғуломхўжаевни олиб қолиш мумкин эди, деб ўйлайман. Сабаби, ОФКдан мураббийни олиб ташланглар, акс ҳолда биз Ўзбекистон U-19 терма жамоасини мусобақадан четлатамиз, деб хат келмайди. Бу шахсан ҳар бир ассоциациянинг ўзига ҳавола.

Энди Ғуломхўжаев ҳақида яна бошқа ёзган қўшимчаларимнинг сабаби у қўлидаги футболчиларни билади, анча тайёрланди, улар билан йўлнинг катта қисмини босиб ўтди, унга охиригача имконият бериш керак эди деган маънода айтдим. Лекин бу чиқишларимдан кейин ЎФА унинг ўрнига Темур Кападзе келганини эълон қилди. Тўғрисини айтадиган бўлсам, Кападзени жуда хурмат қиламан. Узоқ йиллардан бери унинг отаси Тоҳир ака билан яхши алоқадамиз.

Бежизга аввалги раҳбарият Темур Кападзени вақтинча бўлса-да, Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббий этиб тайинламаганди. Сабаби, Кападзеда замонавий футболга бўлган қарашлар, ундан ташқари кўпчилик мухлислардан эшитаман “Темур пайтида терма жамоамиз ўйини бошқача эди”. Ишонаманки, у янги жамоада футболчилар билан тил топишиб кетади ва мусобақага яхши тайёрлайди. Бу борада мен унга омад тилайман. Ўзи учун бу биринчи жиддий синов. Бу йўлда ҳаммамиз уни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шу билан бирга Отабек Ғуломхўжаевни хурмат қилган ҳолда айтаманки, уни ҳам ҳали олдинда ёрқин кунлар кутмоқда. Нафақат клуб даражасида, балки терма жамоага ҳам бундай мураббийларнинг қайтишига ишонаман.

- Сизга ҳозирги кунда берилаётган энг кўп савол қандай?
- Менга терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқадими ёки йўқми? деган саволни беришмоқда. Бу нафақат ҳозирги, балки доимий рақишда учраб турадиган мурожаат. Саволлар орасида рейтинг тузадиган бўлсак, иккинчи ўринни нега бизнинг футболчилар Европага кетмайди? дея сўрашади. Энди бу ҳақда кўп гапирганмиз, фикрларимни билдирганман. Шунинг учун шу саволларга фақат яхши ният билан жавоб бераман.

- ЎФАда нималарни қила олдингиз ва нималар қолиб кетди?
- Мен ишлаган ва ҳозирги ЎФАнинг мақсади битта. У ҳам бўлса олимпия терма жамоасини Токио-2020га йўлланма олишини таъминлаш ва шу билан бирга миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига чиқиши устида меҳнат қилиш. Ҳозир ҳам бу ўзгармаган ва янада кучайган. Футболда натижага қандайдир 1 ёки 2 йил ичида эришилмайди.
Мисол тариқасида айтишим мумкинки, Президентимизнинг ўзлари бош қош бўлиб туришлари натижасида, ёрдамлари ва кўрсатмалири билан футболимизнинг 10 йиллик дастури эълон қилинди. Бу нимани англатади? Демак, бу футболда яқин бир икки йил ичида ютуққа эришиш жуда қийинлигини, ривожланган мамлакатларга ўхшаб 10-15 йиллик дастурларни эълон қилишдан бошланади.

Ундан ташқари, 2020-2021 йилдан бошлаб тегишли таълим муассасаларида спорт шифокори, спорт психологи, спорт фармакологи, спорт ҳуқуқшунослари ва спорт диетологи йўналишлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил қилиш ЎФАнинг ўз олдига қўйган энг устувор мақсадларидан бири. Буни ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Сабаби, ўзим ҳам ЎФАга келганимда Россия футбол иттифоқидан мамлакатнинг спорт қонунчилигидан архитекторларини таклиф этиб, Тошкентда Суперлига ҳамда Про лигада иштирок этаётган жамоаларнинг спорт директорлари, ҳуқуқшунослари учун семинарлар ўтказган эдик ва ўйлайманку, шу материални ўқиётган инсонлар ўзлари учун жуда ҳам кўп саволларга жавоб топишди.

Балким биз ўша бошлаган нарса ҳозирги бўлаётган ўзгаришларнинг бир дебочаси бўлиши мумкин. Бу жуда тўғри йўналиш қилинди. Раҳбариятнинг ўзи футболни қаттиқ назорат қилиб, ичидаги ҳар хил тушунмовчиликларнинг олдини олиб, яқин орада 10 йиллик дастурга қатъий амал қилинадиган бўлса, албатта, халқаро саҳнага чиқамиз.

- Футболимизнинг асосий муаммоси нима?
- Бу менимча, болалар футболи. Чунки болалар футболида етарликча шарт-шароитларнинг йўқлиги, майдонларнинг камлиги (йўқлиги). Европага борганимизда ҳам кўрдик – оддий клубларнинг академияларидаги шароитлар бизнинг болалар учун ҳали ҳам орзулигини.

Биринчи навбатда, вилоятларда академиялар бинолари ҳамда майдонларига эътибор қаратишимиз керак. Болалар учун об-ҳавога қараб юқори сифатли табиий ўтдан майдон қуриб, ичида ўзи ўқийдиган таълим муассасаларини барпо этиб, бассейнлар ва ҳамма шароитларни муҳайё қилинадиган бўлсак, бунинг мевасини оламиз. Шароитлар яхшилансагина келажакка бошимизни кўтариб қарашимиз мумкин.

- Ўз олдингизга қандай мақсад қўйгансиз? Яъни ЎФАга қайтиш ният борми?
- Ҳаётда мақсадларим жуда кўп. Ҳаммаси ҳам футбол билан боғлиқ эмас. Футболни яхши кўрганим учун хоҳласам ҳам, хоҳламасам ҳам шуни ичида ўтади. ЎФАда ишламаган тақдиримда ҳам футбол билан яшайман. Буни юракдан олиб ташлаш қийин. Худдики, бу муҳаббатга ўхшайди. Бир нарсани севиб қолганингиздан кейинги охиригача унга вафодор бўлишга ҳаракат қиласиз. Шунинг учун футбол менинг ҳаётим. У менга ҳаётни янада жозибалироқ қилиб кўрсатади. Усиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Ўзим ҳам футбол ўйнаб тураман.

Юқорида айтганимдек, 20 йиллик умримни хорижда ўтказдим, кўплаб тажриба тўпладим, ўқидим, шу соҳага ўзининг бевосита меҳнатларини аямаётган ФИФА, УЕФАдаги катта инсонлар билан мулоқотда бўлиб, улар билан бирга ҳамкорлик қилдим. Ўйлайманки, агар қачондир мен ўрганган илмларга раҳбарият, футболда бевосита ишлайдиган инсонлар муҳтож бўлса, албатта, ватаним, халқим, футболимиз учун ҳеч қачон ёрдамимни аямайман. Бунга ҳар доим тайёрман. Лекин шу билан бирга ҳозирги жамоага шахсан ўзим омад тилайман.

Олдимизда Олимпиада ўйинлари турипти. Мана шу йигитлар билан танишман, йиғинларда бирга бўлдик. Агар улар саралашдан ўтишса, бу ютуқда маълум миқдорда бўлса ҳам ҳиссамиз бор деб ҳисоблаймиз ва унинг бир қисми сифатида ғурурланамиз. Токио майдонларида футболчиларимизни ўша ернинг ўзидан қўллаб-қувватлаш насиб қилишини тилаб қоламан.

Шу билан бирга 2020 йил миллий терма жамоамиз учун омадли келишини тилаб қоламан. Ҳаммамизнинг орзуимиз қачонлардир терма жамоамиз мундиалга чиқишини кутиб яшаш. Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳамда футбол ишқибози сифатида шахсан мен термамизни ЖЧга чиқишини чин дилдан хоҳлайман. Яқинларим билан бирга Қатарда ўзимизнинг футболчиларни қўллаб-қувватлаш орзуим!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Санъат Шарипов ЎФАга қайтадими ёхуд футболимиздаги муаммолар ва унинг ечими ҳақида