23:30 / 10.01.2020
3 648

«Насаф»ни футболчилар нега тарк этмоқда? Жамоа бош мураббийи жавоб берди

«Насаф»ни футболчилар нега тарк этмоқда? Жамоа бош мураббийи жавоб берди
Сўнгги вақтларда Қаршининг “Насаф” футбол клубининг асосий футболчилари бошқа жамоаларга ўтиб кетмоқда. Бу эса жамоага кўп йиллик мухлислик қилган фанатларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда.
Сайтимизнинг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Номоз Чориев жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевга айни кунларда клубнинг аҳволи, футболчиларнинг кетиш сабаби ва бошқа саволлар билан юзланди.

- Шу пайтга қадар “Насаф” футбол клубини 6 киши тарк этди. Улар ичида истеъдодли футболчиларимиз ҳам бор. Қайси футболчи жамоада қолишини истаган бўлар эдингиз?
– Албатта, клубимизни тарк этган футболчилар борасида эътирозлар бўлди. Лекин кўп нарса мураббийнинг қўлида эмас. Агарда мен ҳал қилолганимда ҳеч бир футболчини қўйиб юбормаган бўлар эдим. Ҳар бир ўйинчининг ўз ўрни бор. Улар орасида Умар Эшмуродов ва Ҳумоюн Муртазоевнинг жамоани тарк этиши “Насаф” учун катта йўқотиш бўлди деб ўйлайман.

- Нега футболчилар жамоадан кетишмоқда?
- Буни табиий қабул қилиш керак. Қайсидир футболчи билан “Насаф”нинг тузилган шартномаси бекор қилинган, яна қайсидири жамоада ўз ўрнини тополмаган. Кимдирга бошқа жамоадан яхши таклиф тушганки, бугун “Насаф”дан бошқа жамоага ўтиб кетишяпти. Футболчиларнинг трансфер нархларига келадиган бўлсак, бу билан клубнинг ўзи шуғулланади. Лекин кетганларнинг кўп қисми эркин агент сифатида бошқа жамоага ўтди.

- Жамоада кучли ўйинчиларни йўқотди. Бу ҳолат давом этадими? Жамоани яна қайси футболчи тарк этмоқчи?
– Қолган футболчиларимиз билан шартномаларимиз ҳали тугагани йўқ. Агарда уларни бошқа жамоалар сотиб оламан деб келишувларимизга рози бўлса, бошқа жамоага ўтган футболчининг трансфер нархидан фойдаланишимиз мумкин. Бунга тўғри қараш керак. Чунки катта трансфердан тушган маблағлар эвазига жамоани яна ривожлантириш мумкин.

- Биламизки, “Насаф” футболчилари орасида Азиз Ғаниевнинг мавқеи баланд. Унга бошқа клублардан ҳам таклифлар тушмоқда. Хориж футбол клублари футболчига қизиқиш билдиришдими?
- Азиз Ғаниев ҳақиқатдан маҳоратли футболчи. Унга жуда кўп футбол клубларидан таклифлар тушади. Ҳаттоки Корея ва Туркия футбол клублари Ғаниевнинг трансфер нархи билан қизиқиб кўрди. Лекин уларнинг талаблари бизни қониқтирмади.

- Дониёр Нарзуллаев жамони тарк этишини қандай қабул қилдингиз?
- Буни Дониёрнинг ўзи хоҳлади. Чунки у етакчи ўйинчи ҳисобланмасди. Шунинг учун бошқа жамоага кетишни маъқул кўрди. Мен ўйлайманки бу тўғри қарор. Чунки биз Дониёрни кетишини катта йўқотиш деб ҳисобламаймиз.

- Эндиликда “Насаф” таркибини қандай кучайтирмоқчисиз?
- Жамоамиз кўп ўйинчиларни йўқотди. Уларни тўлдириш учун малакали футболчилар керак бўлади. Менинг фикримча маҳаллий ўйинчиларни тарбиялашга анча вақт кетади. Биз “Насаф”га хориж футболчиларини жалб қилишимиз керак деб ўйлайман.

Номоз Чориев суҳбатлашди

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Насаф»ни футболчилар нега тарк этмоқда? Жамоа бош мураббийи жавоб берди