Икки ярим йил давомида «Насаф» шарафини ҳимоя қилиб келган Умар Эшмуродов учун фаолиятида яна янги саҳифа очилди. Эндиликда у «Пахтакор»нинг янги аъзосига айланган ҳолда Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони билан расман шартнома имзолади.
«Пахтакор»нинг таклифи менга қизиқ кўринди»
Айтиш жоизки, «Насаф» жамоасининг сардори сифатида ўйнаган Умарнинг «Пахтакор»га ўтишини эътиборга молик ўзгаришлар қаторига қўшиш мумкин. Чунки унинг Қаршидан кетишини кўпчилик кутмаганди ҳам. Эшмуродов эса бу таклиф қачон ва қандай юз бергани ҳақида гапирди.
- Менга декабрь ойларида «Пахтакор» клубидан таклиф билан чиқишди. «Пахтакор» кучли клуб ва улар Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишади. Мана шундай жамоадан чақирув бўлгани ҳам ўзимга жуда қизиқ кўринди. Шу сабабли клубнинг таклифига розилик билдирдим.
«Бу таклиф устида узоқ ўйладим»
«Пахтакор»дек клубда тўп суриш чемпионатимизда ўйнаётган барча футболчиларнинг истаги бўлса керак. Чунки бу ерда футболчи учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Шундай экан, Эшмуродовнинг «Пахтакор» таклифини қабул қилгани ҳам бежиз эмасди. Уларнинг чорловига дабдурустдан рози бўлдими ёки бу таклиф устида узоқ ўйландими?
- Мен бу таклиф устида узоқ вақт ўйладим. Менинг «Насаф» билан тузган шартномам 2019 йилнинг 31 декабригача амал қиларди. «Пахтакор»нинг таклифи устида ўша муддат тугагунча ўйладим. «Пахтакор»дагилар менинг жамоа аъзосига айланишимни хоҳлашди. Ўзимда ҳам Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишга ва муҳитни ўзгартиришга хоҳишим бор эди. Натижада «Пахтакор» таклифини қабул қилдим. Энг асосийси, жамоадагилар мени хоҳлашгани учун бу чорловни қабул қилдим.
«Насаф» барибир Ўзбекистондаги яхши жамоалардан бири»
Умуман олганда, Умар Эшмуродовнинг «Пахтакор»га ўтиб кетишига «Насаф» клуби қандай муносабат бўлгани ҳам қизиқ. Бунинг устига қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиевга ҳам Умар Эшмуродов каби ҳимоячилар керак эди. Футболчи эса «Насаф» бош мураббийи билан кетиш олдидан гаплашганини айтди.
- Рўзиқул аканинг менга «Пахтакор»дан таклиф борлигидан хабари бор эди. Ўзим ҳам бу масала бўйича Бердиев билан гаплашдим. Айтганингиздек, «Пахтакор» Ўзбекистоннинг чемпиони ва улар Осиё Чемпионлар лигасида юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Рўзиқул ака ҳам барчасини ўзимга қўйиб берди. Ҳаммасини ўзинг ҳал қиласан деди. Аслида бундай жамоадан кетиш ўзимга ҳам осон бўлгани йўқ. Аммо ўтган мавсумда биз учинчи ўринга ҳам чиқа олмадик. Агар шундай бўлганида вазият бунчалик ўзгариб кетмаган бўлиши мумкин эди.
Агар бронзани эгаллаганимизда Осиё Чемпионлар лигада иштирок этишимиз инобатга олиниб, таркиб янада кучайтирилган бўларди. Аммо ҳозирга келиб вазият бошқа. Биз икки йил давомида жамоанинг янада кучайишини ва юқори ўринлар учун кураша олишини кутдик. Ўтган вақт давомида қанча қийинчиликлар бўлмасин қўлимиздан келганича «Насаф»ни юқори ўринларга олиб чиқишга ҳаракат қилдик. Бу жамоадан нолимайман, аксинча улардан миннатдормиз. Барибир «Насаф» яхши жамоа. Ўзбекистонда ҳамма бу клубни яхши кўради ва ҳурмат қилишади.
Ўзимиз ҳам «Насаф»ни яхши кўрганимиздан ўтган вақт давомида ўша ерда ўйнаб ёрдам беришга қарор қилдик. Ўтган йили жамоамиз ёмон эмасди. Аммо охирига келганда кучимиз етмай қолди. Кўпчилик терма жамоаларга бориб келишди. Учинчи ўринга кучимиз етмай қолишини ҳамма тушуниб етди. Мана шундай вазиятда клубни янада кучайтириш керак бўлган ҳолатда бундай ҳаракат кўзга ташланмади. Шунингдек, «Насаф» билан шартномам ҳам тугаганди. Натижада фаолиятимда юқорига кўтарилишни хоҳладим.
«27 га кирдим ва юқорига қараб интилмасам бўлмасди»
Умар Эшмуродов катта футболга «Шўртан» клуби орқали кириб келган. Ўша пайтлардаёқ у ўз ўйинлари билан кўзга ташланиб қолганди. «Насаф»га ўтганидан кейин эса у янада кучайишга эришди. Ҳар ҳолда «Шўртан»даги Эшмуродов билан «Насаф»даги Эшмуродов ўртасида катта фарқ бор.
- «Шўртан»да ўйнаган пайтларимизда биз ўртамиёна жамоа бўлиб ҳаракат қилгандик. «Насаф»ни эса янада кўпчилик кузатади. Шу боис ушбу жамоага кўчиб ўтганимда бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Қаршида ўйнашни бошлаганимда ҳамма сизни кузатиб бораётганини ҳис қилар экансиз. Сизнинг янада танилишингизга жамоалардаги савияларнинг ҳам алоқаси бор. Афсуски, охирги икки йилдан бери «Насаф» медаллардан четда қолди. Мен эса 27 ёшдаман, барибир футболчи тепага қараб интилиши керак. Биз ҳам олдинги «Насаф»даги каби жамоа бўлишини хоҳлардик. Лекин Қаршидан кетиш қарорини қабул қилиш ўзимга ҳам жуда қийин бўлганини айтишим керак. Аслида мен кўп жамоа алмаштирмайман. Бунгача асосан «Шўртан» билан «Насаф»да ўйнаганман ва «Пахтакор» фаолиятимдаги учинчи жамоага айланди. «Пахтакор» билан икки йилга шартнома имзоладим.
«Ҳаммаси мураббийнинг қарорига боғлиқ»
«Пахтакор»нинг кучли жамоага айланганининг яна бир сабаби шундаки, клубнинг таркиби ҳам кучли. Шунга яраша у ердаги рақобат ҳам кучли кўринишга эга. Бундай кучли рақобатга Умар Эшмуродов қанчалик дош бера оларкин? Бу ҳам ўзига яраша жиддий масала. Футболчи эса ушбу вазиятга қуйидагича муносабат билдирди:
- Биз машғулотларда қатнашамиз, ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Кимни майдонга туширишни эса фақат мураббий ҳал қилади. Бизнинг ишимиз футбол ўйнаш ва шуғулланиш. Ҳаммаси мураббийнинг қарорига боғлиқ.
«Арвеладзенинг менга ишонаётганини ҳис қилдим»
Шунингдек, Эшмуродов «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе билан гаплашганини ва унинг ишонч билдираётганини ҳис қилаётгани борасида ҳам тўхталиб ўтди.
- Ўйлашимча, бош мураббий билан гаплашмасдан туриб ўша жамоа билан шартнома тузиш нотўғри. Шунинг учун албатта Шота Арвеладзе билан гаплашдим. Унинг ўзи ҳам мени «Пахтакор»да кўришни хоҳлаётгани учун таклифни қабул қилдим. Ўзаро суҳбат жараёнида мураббийнинг ишончини ҳис қилдим. Агар бундай бўлмаса ҳаммаси бефойда бўлади. Биринчи навбатда аввало мураббий хоҳлаши керак.
«Янги жамоага мослашиш менга қийин бўлмайди»
Яна бир гап: «Пахтакор» клуби охирги пайтларда «Насаф»да ўзини кўрсатган бир қатор футболчиларни ўз сафига чорлади. Натижада улар бугунги кунга келиб «Пахтакор»нинг етакчиларига айланишди. Умар Эшмуродов ҳам ўтган вақт давомида «Насаф»да ўйинчи сифатида анча шаклланди ва жамоа сардорига айланди. Натижада «Пахтакор» унга ҳам «оғиз» солди. «Насаф»дан «Пахтакор»га футболчиларнинг кўчиб ўтаётгани нима билан боғлиқ бўлиши мумкин? Бу ҳақида Эшмуродов шундай деди:
- «Насаф»нинг ўйин услуби, жамоа ва мураббий яхши бўлгани учун футболчилар у ерда ўсишга эришишади. Қаршида футбол ўйнаш учун яхши шароит бор. Ҳамма бошқа клубга борса ўйнаб кетавермайди. Аммо «Насаф»га ўтган футболчи албатта ўсишга эриша олади. «Пахтакор»даги барча футболчиларни эса яхши танийман. Миллий терма жамоада шуғулланган пайтимда ҳам ўйинчилар билан яқиндан танишганман. Бунинг устига аксарият ўйинчилар билан «Насаф»да ҳам бирга тўп сурганмиз. Янги жамоамга мослашиш мен учун қийин бўлмайди.
Шуҳратбек Жўраев
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди