3 406
«Уч савол»: Гуруҳдан чиқиш, чорак финалдаги эҳтимолий рақиблар ва Олимпиада йўлланмаси ҳақида
Гуруҳдан чиқиш имкониятимиз қандай?
Хитой устидан қозонилган ғалаба табиийки, имкониятимизни ошириб юборди, аммо Ислом Қобилов голдан кейин ишора қилганидек байрам қилишга ҳали эрта. Тақвимнинг бизга қулай тарафи шу бўлдики, гуруҳ фаворити ҳисобланаётган Жанубий Корея футболчилари билан биз сўнгги турда, яъни улар плей-офф масаласини расман ҳал қилиб бўлган пайтда ўйнаймиз. Албатта, гуруҳ ғолиби ким бўлиш масаласи ҳали очиқ турибди, лекин дуранг ҳам корейсларни бемалол қониқтиради ва 3-турда ўта шиддатли тўқнашувни кутмасак ҳам бўлади.
Хуллас, агар Жанубий Кореяни мағлуб этадиган бўлсак, 7 очко билан гуруҳда биринчи ўринни олиб, плей-оффга чиқамиз.
Агар ушбу учрашувда дуранг қайд этиладиган бўлса ҳам, жадвалдаги ўрнимизни сақлаб қоламиз ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритамиз. Икки турдан кейин атиги бир очкога эга бўлган Эрон ҳар қанча гол урсаям, бизга ета олмайди.
Агар Кореяга мағлубиятга учрасакчи? Юқорида корейсларнинг босимсиз ўйнашини эътироф этгандик, Эрон терма жамоасига ҳам худди шундай рақиб рўбару келади. Хитойликлар худди Япония сингари, кейинги босқичга чиқа олмасликлари аниқ бўлиб улгурди. Демак, Эрон Хитой дарвозасига кўпроқ гол уришга ҳаракат қилади. Эронликлар биз Кореяга мағлуб бўлишимизни кутган ҳолда, тўплар нисбатини яхшилашга уриниб кўришлари турган гап. Ана ўшанда биз ва Эроннинг очколари сони тенг бўлиб, регламент бўйича тўплар нисбатига қаралади. Сабаби, ўзаро ўйин дуранг билан якунланган.
Эрон Хитойни иккидан ортиқ тўп фарқи билан мағлуб этса ёки биз Кореяга йирик ҳисобда мағлуб бўлсак, тўплар нисбатига кўра учинчи ўринга тушиб кетишимиз мумкин. Агар 3-турдан кейин бир хил тўплар нисбати кузатилса, урилган голлар сонига қаралади. Урилган голлар сони ҳам тенг чиқадиган бўлса, футболчиларга кўрсатилган сариқ ва қизил карточкалар санаб чиқилади.
Икки турдан сўнг, Эрон олимпиячилари 5 марта огоҳлантирилган. Ўзбекистонда атиги 2та сариқ карточка бор. Агар сўнгги ўйин ўта тартибсиз кечмаса, бу борада Эрондан устун бўлиб турибмиз. Демак, аввало Кореядан имкон қадар камида бир очко олишга уриниш керак. Мағлуб бўлиб ҳам имкониятимиз бор, лекин у ҳолда Эрон Хитой дарвозасига иккитадан кўп гол урмаслиги талаб этилади.
Чорак финалда ким билан ўйнашимиз мумкин?
Нисбатан олганда, қийинроқ гуруҳда тушиб қолганимиз билан, чорак финалда бизни осонроқ рақиб кутиб туриши ҳақиқатга яқинроқ. Ҳар ҳолда, Жанубий Корея билан гуруҳда ўйнаяпмиз, Австралия тушмайди, шунингдек, майдон эгаларига қарши ҳам ўйнамаймиз. Бу ҳам ноқулай бўлар эди.
C гуруҳи ғолиблари чорак финалда D гуруҳидаги омадли жамоаларга қарши майдонга тушади. У ерда ҳозирча, Вьетнам, Иордания ва БАА жамоалари кейинги босқичга чиқиш учун даъвогар бўлиб турибди. Шимолий Кореяда ҳам имконият бор ҳали. Нима бўлгандаям, бу жамоаларга қарши бемалол ўйнаш, ғалаба қозониш мумкин.
Бугун бўлиб ўтадиган Иордания – Вьетнам, БАА – Шимолий Корея ўйинларида бу гуруҳдаги вазиятга ойдинлик киритилади. Иордания ғалаба қозонса Жанубий Корея ортидан муддатидан олдин чорак финалга чиқади. БААнинг ҳолати, худди бизнинг Хитойга қарши ўйинимиздан аввалги вазиятимизни эсга солади. Агар ҳаммаси кейин ҳам мана шундай параллел кечса, бизга чорак финалда Иордания U23 тушиш эҳтимоли юқори.
Олимпиадага қандай чиқилади?
Токиода ўтадиган Олимпиада учун Осиёга 3та ўрин берилган. Мезбон – Япония терма жамоасидан ташқари, албатта. Демак, йўлланмани қўлга киритиш учун камида ярим финалга чиқиш талаб этилади.
Агар Япония кучли таркиб билан келиб, чемпионлик учун курашганда, яъни ярим финалгача етиб борганида, бизга яхшироқ бўларди. Ўзбекистон Япония билан чорак финалда барибир дуч келмасди, чорак финалдаги ғалаба эса, расман Олимпиада йўлланмасини бизга тақдим этарди. Чунки агар ярим финал иштирокчилари Япония ва яна уч жамоа бўлиб қолса, японлар шундоқ ҳам йўлланмага эга, қолган уч жамоа ҳам мақсадига етган бўларди.
Энди эса бироз қийинроқ. Чунки ярим финалга чиқадиган 4 жамоадан биттаси Олимпиада ўйинларидан четда қолишга маҳкум. Энди хулоса қилиб, саволларга жавоб берамиз. Олимпиадага чиқиш учун нима қилиш керак?
1. Жанубий Кореяга қарши ўйинда камида дурангга эришишимиз керак. Мағлуб бўлсак, Эрон–Хитой ўйини натижасига қарашимизга тўғри келади.
2. Чорак финалда ғалаба қозонишимиз шарт. Бошқа йўл йўқ. Олимпиада йўлланмаси учун ярим финалга чиқиш керак бўлади. Чорак финалда бизга Иордания, БАА ва Вьетнам терма жамоаларидан бири рўбару келади.
3. Ярим финалда ғалаба қозонишимиз керак. Бу бизга учинчи қадамдаёқ Олимпиада йўлланмасини тақдим этади. Ярим финалдаги ғалаба бу финал, яъни камида 2-ўрин дегани.
4. Агар ярим финалда мағлубиятга учрасак, бизда Токиога бориш учун ягона имконият қолади. У ҳолда Ўзбекистон 25 январь куни бўлиб ўтадиган 3-ўрин учун баҳсда ғалаба қозониши шарт.
Демак, бизни тўрт ўйин кутиб турибди. Агар вазиятга Олимпиада йўлланмаси нуқтайи назаридан қарасак, бу ўйинларнинг 2тасида (чорак финал, 3-ўрин учун баҳс) фақат ва фақат ғалаба учун майдонга тушар эканмиз. Жанубий Корея билан ўйинда ютқазмаслик шарт. Ярим финалда эса, мағлубият ҳам бизда яна бир имкониятни сақлаб қолади. Олдинда мана шундай турлича синовлар кутиб турибди.
Энг яхши вариант эса, албатта, финалга чиқиш. Олимпиада йўлланмасини чўнтакка солган ҳолда, балки ҳеч қандай босимсиз, бу турнирдаги чемпионлик мақомини ҳам ҳимоя қилиш. Зўр бўларди...
Қаҳрамон Асланов
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”