Ўзбекистон U23 сардори Ислом Қобилов жамоа БААга қарши ўйин олдидан тикланишга эътибор берганини ва бу ўз самарасини берганини айтди
Ўзбекистон U23 жамоаси Осиё чемпионати чорак финалида БААни йирик 5:1 ҳисобида мағлуб этиб кейинги босқичга йўл олди. Футболчиларимизни Токио олимпиадаси йўлланмасидан атиги битта ўйин ажратиб турибди. Яримфиналда уларга Саудия Арабистони рақиб бўлади. БААга қарши ўйиндан кейин футболчилар ва мураббийнинг ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
Бу ўйинда «Насаф» футболчиси Ойбек Бозоров чинакамига порлади. У аввалига Илҳом Алижоновга голли узатмани амалга оширди. Кейинчалик унга қарши ишлатилган қўполликдан сўнг пенальти белгиланди ва стандартни Ислом Қобилов аниқ амалга оширди. Ва ниҳоят Ойбек БАА дарвозасига ўзи ҳам супер гол урди.
Ойбек ўйиндан кейин шундай деди: «Олдинги ўйинда мухлисларни хафа қилиб қўйгандик деб ўйлайман. Бугунги ўйиндан кейин улар хурсанд бўлишса керак. Худо хоҳласа, олимпиадага чиқамиз, бунга бир қадам қолди. Ҳа, ўйин олдидан Рўзиқул Бердиевнинг келгани кайфиятимни кўтарди».
БААга қарши мусобақадаги иккинчи ўйинини ўтказган Достон Ибрагимов кўп ҳаракат қилган жамоа ғалаба қозонганини айтди: «Бугун майдонда ким кўпроқ ҳаракат қилса, ўша жамоа ғолиб бўлишини билгандик. Биз ғалабани кўпроқ хоҳлаган эканмиз, бунга эришдик. Олимпиадага жуда яқин келганимизни ҳамма сезиб турибди. Худо хоҳласа, яримфинални ҳам ютамиз».
Жасур Яхшибоев бу гал ҳам чорак финалда гол уришни бошлади. У икки йил аввал Хитойда ўтган мусобақада ҳам айнан чорак финалга келиб голлари ҳисобини очиб Японияга иккита гол урганди. Жасур гол ургач елкасидан тоғ ағдарилганини айтди: «Гол урмаётганимдан сўнг кўпчилик гапираётганди, бугун елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Албатта, рақибнинг тезкор голи бироз таъсир қилди, бироқ биз тезда ўзимизни қўлга олиб натижага эришдик».
Ҳимоячилар одатда кўп гол уришмайди. БАА билан ўйинда эса иккита ҳимоячи гол урди. Айниқса Илҳом Алижоновнинг голи жуда чиройли чиқди. Камгап йигит бўлган Илҳомни урган голи ҳақида гапиришга кўндирдик: «Ҳаммаси жуда тез бўлиб кетди. Ойбек Бозоров 2-3 футболчини ўзи билан чалғитиб тўпни менга узатди. Бу вақтда бўш ҳудуд пайдо бўлди ва зарба йўлладим. Ўзим ҳам кутмагандим бундай имконият бўлишини».
Бобур Абдухолиқов БАА билан ўйинда гол ура олмаган бўлса-да, жуда фаол бўлди. У жамоанинг биринчи голи муҳим бўлганини айтди: «Ўйин қийин бошланди. Тезкор гол ўтказиб юборгандан кейин ҳисобни тенглаштириш муҳим эди. Яхшиям тезда жавоб бера олдик. Бизни олдинда Саудия билан муҳим ўйин кутиб турибди».
Санжар Қодирқуловнинг айтишича, ўтказиб юборилган гол ҳам яхшиликка бўлган: «Худога шукур яримфиналга чиқиб олдик. Олимпиадага бир қадам қолди. Ўтказиб юборилган гол ҳам яхшиликка бўлди деб ўйлайман, чунки ўша голдан кейин темпни оширдик. Ўйинда устунликка эга бўлиб ҳақли ғалабага эришдик. Бундай ўйинларда кўп куч кетиши муҳим эмас. Худа хоҳласа, кейинги ўйингача тикланиб бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз».
Микс зонада жамоа бош мураббийи Любинко Друловични ҳам учратиб қолдик. Мураббийнинг айтишича, чорак финал олдидан Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамовнинг келиши футболчиларга фақат фойда берган: «Бугун мукаммал ўйин ўтказдик. Футболчиларим билан фахрланаман, улар зўр ўйин кўрсатишди. Ҳисоб 1:1 бўлганидан кейин майдонда ҳамма нарсани назорат қилдик. Ўйин бошида дарвозабон жуда ишончли ўйнади. Алижоновнинг ҳисобни тенглаштирган голи ажойиб чиқди.
Абрамов ва Бердиевнинг келгани? Бу жамоага, футболчиларга фақат яхши таъсир қилди. Уларни катта профессионаллар деб биламан. Олдимизда жуда муҳим ўйин бор. Биз қолган икки ўйинда ҳам ғалаба қозониб олимпиадага чиқишни хоҳлаймиз».
Жамоа сардори Ислом Қобилов БАА билан ўйин олдидан жамоа асосий эътиборни тикланишга қаратганини айтди ва унинг фикрича, бу натижага ижобий таъсир қилган: «Жанубий Корея билан ўйиндан кейин тикланиш машғулотларига эътибор бердик: бассейн, сауна, массаж. БААнинг Бурирамдан бу ерга келишга вақт сарфлагани ҳам бизнинг фойдамизга ишлади деб ўйлайман.
Гол ўтказиб юборгандан кейин бизда яна 80 дақиқа бор эди ва мен шерикларимга хотиржам ўз ўйинимизни давом эттириш кераклигини айтдим. Ўйиндан қониқдимми? Мен ҳимоячиман ва вазифам гол ўтказиб юбормаслик. Гол ўтказиб юборилган ўйиндан ҳимоячи қониқиш ҳосил қила олмайди. Умуман олганда жамоа жуда яхши ўйнади. Бугун БААга 5 та гол урдик, аммо савияси юқорироқ бўлган жамоа бунга имкон бермаслиги мумкин эди».
Биринчи ўйинда асосий таркибда майдонга тушган Нурилло Тўхтасинов гол ура олмаганди, кейинги ўйинларда эса мураббий уни захирадан ўйинга тушира бошлади ҳамда бу ўз самарасини берди. «Бунёдкор»да ёрқин мавсум ўтказган футболчи 3 та ўйинда 2 та гол урди ва битта голга ассистенлик қилди. Нуриллодан демак уни захирадан тушгани фойдалироқ экан-да, деб сўраганимизда шундай жавоб олдик: «Ҳа, шундай десак ҳам бўлади. Жамоага қанақасига бўлса ҳам ёрдам бериш муҳим. Кейинги ўйинда ҳам насиб бўлса, захирадан тушиб гол ураман. Мухлисларга бизни дуо қилиб турганлари учун раҳмат. Бугун мухлислар учун ўйнадик, ҳаммамиз ота-онамиз бизни дуо қилиб турганини билардик. Абрамов ва Бердиевнинг келгани барчамизнинг кайфиятимизни кўтарди».
Ўткир Жалолхонов ёзиб олди
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи