06:00 / 07.02.2020
3 196

Месси «Барселона»дан кетиши мумкин. Бу ҳақда нималар маълум?

Месси «Барселона»дан кетиши мумкин. Бу ҳақда нималар маълум?
Пайшанба куни «бомба портлади» — «Барселона» афсонаси Лионель Месси рўй бераётган воқеалардан норозилиги туфайли клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин, аргентиналик футболчининг келажаги қандай кечиши мумкин?

Нима бўлди?
Пайшанба куни Lа Gazzetta dello Sport нашрида Месси «Барса»ни тарк этиши мумкинлиги тўғрисида хабар тарқалди. Сабаби — каталонлар клуби сардори клубда бўлаётган ишлардан норози. Мавсум ўртасида клуб раҳбарияти бош мураббий Эрнесто Вальвердени ишдан бўшатиб, унинг ўрнига Кике Сетьенни тайинлаганди.

Аргентиналик футболчига Сетьен ўтказаётган интенсив машғулотлар ҳам ёқмаган, у юклама оғирлиги туфайли шикастланиб, сўнгги ўйинларни жароҳат билан ўтказган.

COPE нашри маълумотига кўра, Мессига барчасига ўзи балогардон бўлаверишидан ҳам тўйган. Энг асосийси эса, Лионель Инстаграм орқали клуб спорт директори Эрик Абидаль билан зиддиятга киришгани бўлди. Айнан шу ҳақдаги хабарлардан кейин жаҳондаги етакчи спорт нашрлари ҳам Месси «Барса»дан кетиши мумкинлигини муҳокама қила бошлади ва унга янги клуб қидиришга киришиб кетишди. Кўк-анорранглилар раҳбариятини оғир кунлар кутмоқда — можаро ҳал қилиш ва ахборий ёнғинни ўчириш керак.

Абидаль билан зиддият
Барчаси «Барса» спорт директори Эрик Абидаль клубни 2017-2020 йилларда бошқарган собиқ бош мураббий Эрнесто Вальверденинг ишдан бўшатилиши тафсилотларини маълум қилганидан кейин бошланди.

— Барчасига тайёр туриш керак. Биз 2018 йилдаёқ янги мураббий қидиришни бошлагандик. Барча маълумотларни тўпладик, аммо кейин Вальверде билан шартнома узайтирилди. Бу президентимизнинг қарори эди ва биз уни қабул қилгандик, аммо ишни давом эттирганмиз. Барча тушуниб турарди, гап фақат натижаларда эмас, клуб ичкарисида кўп ишлар бўлиб ўтди. Декабрда «Реал»га қарши ўйиндан (0:0) кейин Вальверденинг кетишига тайёргарлик кўра бошладик, — деди Абидаль Diario Sport учун берган интервьюсида.

У кўплаб футболчилар мураббийнинг фаолиятидан қониқиш билдирмагани ва борини бериб ўйнамаганини қўшимча қилган.

— Мураббийдан кўплаб футболчилар норози эди. Мен собиқ футболчи сифатида кўп нарсаларни пайқайман. Коммуникация билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келган. Мен бу ҳақда раҳбариятга хабар бердим ва биз қарор қабул қилдик. Сетьен (каталонлар жамоасининг янги бош мураббийи) бизга тўла мос келди — у ишлашни ёқтиради ва ҳамиша футболчиларга ёрдам беради. Унинг даврида футболчиларда ўзига ишонч пайдо бўла бошлади, — деганди Абидаль.

Мессининг реакцияси
Бу интервьюга кутилмаганда ҳамиша хотиржам юрадиган Лионель Месси кескин эътироз билдирди. У аввалига Инстаграмдаги саҳифасида Абидалнинг интервьюсидан парчани сториз қилиб жойлади: «Кўплар мураббийдан норози эди ва кўп ишлашмасди». Унинг ортидан ўз норозилигини баён этди.

«Бундай футболчилар ҳақида гапираётганда аниқ исмларни келтириш керак. Агар бундай қилинмаса, барчага нисбатан туҳмат бўлиб қолади. Очиғини айтганда, менга бундай баёнотлар бериш ёқмайди. Фикримча, ҳамма ўз вазифаси учун жавобгар бўлиши керак. Ўйинчилар муаммони биринчи бўлиб ҳис этишади, чунки биз клуб ва майдонда нима бўлаётганини яхши биламиз. Раҳбарият ўз қарорлари учун масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Агар футболчиларни тилга олишса, у ҳолда аниқ фамилиялар билан айтишсин. Акс ҳолда бутун клуб обрўси зарар кўради. Футболчилар майдондаги ишларга жавобгар. Нимадир ўхшамаса, биринчи бўлиб ўзимиз тан оламиз», — дея ёзди Месси ўз Инстаграм саҳифасида.

Мессининг бу муносабати портлаган бомба эффектини келтириб чиқарди. ОАВда, Лионель Абидалнинг сўзларини нотўғри талқин қилгани, клуб президенти Хозеп Бартомеу эса бўлаётган воқеалардан ҳайратдалиги ҳамда аргентиналик ва французни яраштириш ҳаракатида экани ҳақида ёза бошлашди.

Шунингдек, Месси ва Луис Суарес Вальверденинг истеъфосига қарши чиққан икки футболчи бўлишгани ҳақида эслаб қолишди.

Абидалнинг реакцияси
Абидаль ўзини оқлашга ва изоҳ беришга уринмади. У фақат битта нарсани қайд этди — Месси «Барселона» учун муҳим ва клуб унга янги шартнома тайёрламоқда. Мессининг «Барса» билан амалдаги шартномаси 2021 йил ёзига қадар тузилган.

«Биз Лионелнинг янги шартномаси устида ишлаяпмиз. Аммо менимча у билан ҳар йили шартномани янгилагандан кўра, узоқ муддатли шартнома тузган маъқул, — дея Абидалнинг сўзларини келтирди Sport.es нашри. — Месси бу ерда бахтиёр, у рекордларни янгиламоқда ва клуб бундан максимал даражада фойда кўрмоқда. Биз Месси ва клуб президенти билан музокараларни бошладик».

Абидаль ишдан бўшатиладими?
5 февраль куни Абидаль клуб президенти Жозеп Бартомеу ҳамда бош директор Оскар Грау билан учрашув ўтказди. Унда Месси билан низосига қарамай, 40 ёшли француз клубда ишлашда давом этиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Буёғига нима бўлади?
Кўринишидан, можаро давом этмайдигандек эди. Аммо 6 февраль куни Lа Gazzetta dello Sport нашри, Месси «муқаддас сигир бўлишдан тўйгани» ва у бутун фаолиятини ўтказган клубдан кетишни истаётгани ҳақида ёзиб чиқди. Қолаверса, аргентиналик футболчига ўзини бошқалардан ажратиб кўрсатишлари ёқмайди. COPE маълумотига кўра, Месси ҳамиша барча масъулиятни ўз зиммасига олиб ўйнамоқчи эмас.

Лионель қаерга йўл олиши мумкин?
«ПСЖ», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Ювентус» ва «Интер». Ҳозирча турли манбаларда шу жамоаларнинг номлари тилга олинмоқда.

ESPN нашри маълумотига кўра, инглизлар агар у «Барса»дан кетишни ихтиёр этса, у учун рақобатда ютиб чиқишга умид қилмоқда. Айтишларича, 32 ёшли форварднинг шартномасида у ўзи истаса мавсум сўнгида клубни текинга тарк этиши мумкинлиги тўғрисида пункт бор.

Radio 24 нашри маълумотига кўра, Месси йилига 50 миллион евро миқдоридаги маошга рози бўлади. «Сити» эса унга бундай маош тўлашга қодир саноқли клублардан ҳисобланади.

Айни вақтда «Манчестер Сити» раҳбариятида Мессининг эски танишлари спорт директори Чики Бегиристайн, ижрочи директор Ферран Сориано фаолият кўрсатмоқда, «шаҳарликлар»ни ўз вақтида «Барселона»да аргентиналикка устозлик қилган Хосеп Гвардиола бошқармоқда.

Яқин кунларда Мессига бошқа жиддий даъвогарлар ҳақида ҳам эшитишимиз мумкин. Ҳозирча бошқа номлар вазиятдан келиб чиқиб айтилмоқда. Месси «Барселона»ни тарк этишига кўпчилик ишонмаяпти, аммо футболда нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди, балки уни Европанинг бошқа клуби футболкасида ҳам кўриб қолишимиз мумкин.

Рақамлар
Жорий мавсумдаги 24 ўйинда Месси 19 гол урди ва 12 голга узатма берди. Transfermarkt унинг трансфер қийматини 140 миллион еврога баҳолаган.

Месси — «Олтин тўп»нинг олти карра соҳиби, тўрт бор Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган, Испания чемпионатининг 10 карра ғолиби. У «Барселона» билан уч мартадан УЕФА Суперкубогида ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган. Аргентина термаси сафида Лионель 2008 йилги Олимпиадада ғалаба қозониб, 2014 йилги жаҳон чемпионатида вице-чемпион бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Месси «Барселона»дан кетиши мумкин. Бу ҳақда нималар маълум?