18:32 / 17.02.2020
3 349

Жанубий Кореялик промоутер ўзбек боксчисидан узр сўради

Жанубий Кореялик промоутер ўзбек боксчисидан узр сўради
Ўзбекистонлик профессионал боксчиларнинг Жанубий Корея промоутерлик компанияси “Cocky Buffalo” билан ҳамкорлик қилаётганидан хабарингиз бор. Албатта, ушбу компания қандай имкониятларга эга ва истиқболли режалари нималардан иборат эканлиги барча бокс ихлосмандларига қизиқ бўлса керак. Шуни инобатга олиб, биз “Cocky Buffalo” асосчиси ва раҳбари Санг Бум Ким билан суҳбат уюштирдик. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Жаноб Ким “Cocky Buffalo” ҳақида ўзбекистонлик боксчилар билан шартнома имзоланганидан сўнг, хабар топдик. Умуман олганда ушбу промоутерлик компаниясининг фаолияти қачондан бошланган?
- "Cocky Buffalo" 2017 йилда ташкил топган ва ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирда, Ўзбекистон, Филиппин ва вьетнамлик боксчилар билан шартномага эгамиз. Ўзбекистон ва Филиппин боксчилари ҳар икки йўналишда жаҳонда ўз ўрнига эга саналади. Вьетнамда эса нисбатан ҳаваскор йўналиш ривожланган. Лекин профессионал боксчилар деярли йўқ десак ҳам бўлади. Биз эса, бу юртда ушбу йўналишни ривожлантириш истагидамиз.

- “Cocky Buffalo” Жанубий Корея промоутерлик компанияси саналади. Шунингдек сиз ҳам ушбу юрт фуқароси ҳисобланасиз. Лекин баъзанглар Хо Ши Минда жойлашган. Қолаверса, юқорида таъкидлаб ўтдингизки, айнан ушбу юртда профессионал боксни ривожлантирмоқчисиз. Бу шунчаки бизнесингиз Вьетнам билан боғлиқлиги учунми?
- Тўғри, иш фаолиятим ушбу юрт билан боғлиқ. 21 йилдан буён Вьетнамда ўз ишларимни олиб бораман. Бу заминда айтиб ўтганимдек, профессионал бокс яхши ривожланмаган. Шунинг учун, мен бу йўналишни ривожлантириб, чемпионлар тайёрлаган ҳолда, Вьетнамга ўзига хос миннатдорчилик изҳор этмоқчиман.

- Нафақат бошқа юрт балки АҚШ да фаолият олиб борадиган баъзи промоутерлик компанияларнинг имконияти ҳам ҳаминқадар бўлади. Яъни, ўз мижозларини сўнги босқичга қадар олиб боришга, уларга топ жанглар ташкил қилишга қурби етмай қолади...?
- Нима демоқчи бўлганлигингизни тушундим. Биз ўз олдимизга жиддий мақсадларни қўйганмиз. Мақсад “Golden Boy” даражасига чиқиш. Қолаверса, АҚШ нинг ўша машҳур промоутерлик компаниялари билан бемалол рақобат қила олишдир. Бу борада бизда муаммо бўлмайди. Тўғрироғи, молиявий имкониятимиз бунга етади. Лекин, гап фақат молиявий томонда эмас. Ўз ўрнингизга, ишончга эга бўлишингиз керак. Бунинг учун аста-секинлик билан бу оламнинг бизга яширин бўлган сир-асрорларини ўзлаштириб бориш ва қандай кучга эга эканлигимизни исботлашимиз керак. Биз тайёр машҳур боксчи билан эмас, аксинча нолдан чемпионликка қадар йўлни босиб ўтишни танладик.

- Демак, ҳамюртларимизнинг салоҳияти етса, уларни топ боксчилар қаторига олиб чиқиш режангиз мавжуд эканда?
- Албатта, мен ҳозир ҳам жаҳон чемпионлик камари учун жанглар ўтказа оламан. Бунинг учун, қўл остимдаги боксчилар рейтингда хеч йўғи 5 таликка кирса бўлди.

- Бир қатор боксчиларимиз ва ёш мураббийий Бобур Нажмиддинов сизлар билан фаолият юритмоқда. Умуман уларнинг савияси ва натижаларидан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
- Мен ўз ишимни ёш мураббий Бобур Нажмиддинов билан бошлаганман. Мураббий ва боксчиларнинг ёшларини танлашимга сабаб, улар ғалабага ва мехнатга чанқоқ бўлади. Биласизми, промоутерликни чиройли гулга ўхшатаман. Яъни, уруғи боксчилар, томири мураббийлар... Улар чиройли гулга айланса, бу промоутер бўлади. Бу уч тоифа бир-бири билан узвий боғлиқдир. Шунинг учун, қўл остимдаги мижозларим бироз ўтиб, қуриб қолишини хоҳламайман. Аксинча, ўсиб, гуллаб-яшнаши учун бор имкониятимни ишга соламан.

- Нега ўз ишингизни айнан Бобур Нажмиддинов ва ўзбек боксчилари билан ҳамкорликдан бошлагансиз?
- Ўзбекистонлик мутахассислар ва боксчиларга қизиқишимга, Бобурнинг отаси Набижон Исманов сабаб бўлган. Унинг ўзбек профессионал бокси учун жуда кўп мехнати сингган. Бу соҳада биринчи маслаҳатчим ва керак бўлса устозим ҳам айнан мазкур инсон бўлади.

- Олим Назаров жуда тез кўтарилишга эришмоқда. 29 февраль куни яна навбатдаги жангини ўтказади. Эҳтимол, у жаҳон чемпионлик камари йўлидаги илк мижозингизга айланар?
- Олимжонга ишонаман ва унинг тажрибаси ва маҳоратига шубҳам йўқ. Шуни айта оламанки, ушбу юртдошингиз жорий йилнинг сўнгига қадар, жаҳон чемпионлик камари учун жанг қилади. Бу менинг биринчи навбатдаги мақсадимдир.

- Ўзбек боксчилари билан боғлиқ яна қандайдир режаларингиз бордир?
- Ўзбек боксчилари қандай кучга эканлигини бутун жаҳон бокс жамоатчилиги, мухлислар ҳаттоки ушбу спорт турига бефарқ бўлган инсонлар ҳам яхши билишади. Улар курраи-заминимизда етакчи эканлигини исботлаб келишмоқда. Лекин юқорида таъкидлаб ўтганимдек, менинг биринчи навбатдаги мақсадим Олимжон Назаровни мазкур йили юқори титул учун жанг қилишига имконият яратиш. Қолаверса, Абдурасул Исмоиловни ҳам шундай даражага олиб чиқиш истагидаман. Эҳтимол, янги ўзбек боксчилари билан шартномалар ҳам тузиб қолармиз. Буни вақт кўрсатади.

- Демак, юртдошларимиз ҳақида яхшигина маълумотга эгасиз ва уларнинг натижаларидан ҳам бохабар бўлсангиз керак. Айтингчи, айни кунда профессионал боксда яхши натижалар қайд этаётган ўзбекистонлик қайси чармқўлқоп усталарини биласиз ва уларнинг орасида сизга қай бирининг ҳаракатлари маъқул келади?
- Тўғриси, барча диққат-эътиборим ўзимни қўл-остимдаги боксчиларга қаратилган.

- 29 февраль куни бўладиган жанг кечасини Камбоджада ўтказилишига сабаб нимада? Адашмасам, ушбу бокс оқшоми ҳам сиз томонингиздан ташкил қилинмоқда. Балки Ўзбекистон варианти ажойиб бўлармиди... Ҳар ҳолда уч нафар ҳамюртларимиз рингга кўтарилар эди?
- Биласизми, бу жанг кечаси "Felix" казиносида ўтказилмоқда. Бу казино раҳбари менинг яқин дўстим ва кўп йиллик ҳамкорим саналади. У бизга ушбу таклифни берди. Албатта, Ўзбекистонда ҳам бундай бокс кечаларини ташкил қилиш режамизда бор.

- Абдурасул Исмоилов WBA Asia камари учун кечган жангда яхши ҳаракат қилган эди. Шахсан мен учун ютқазмаганди. Мазкур жанг ҳақида қандай фикрдасиз?
- У менинг хатоим эди. Бунинг учун Абдурасулдан узр сўрайман! Чунки у тайёр бўлмаган ҳолатида қийин ҳолатга солиб қўйгандим. Исмоилов ажойиб боксчи, унда мен хоҳлаган услуб мавжуд. Ишонаманки у албатта, улкан натижалар қайд этади ва бу йўлда унга барча шароитларни яратиб бераман.

- Тошкентга бир неча бор ташриф буюрдингиз, умуман олганда Ўзбекистон ва халқимиз сизда қандай таассурот қолдирди?
- У ерда уч маротаба бўлдим. Халқингизни мехмондўстлигига қойил қоламан. Қаерга борсак ҳам бизни аъло даражада кутиб олишди. Ўзбек таомларини жуда яхши кўраман. Шу ўринда дўстим Набижон Исмановга асосий ҳамкорлик ва бизга бераётган ёрдамлари учун ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

- Жаноб Ким қимматли вақтингизни аямаганингиз учун ташаккур!
- Рахмат. Ишингизга омад тилайман!

Суҳбат уюштиришимизда ёрдам берганлиги учун Муҳаммадюсуф Нажмиддиновга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз!

Аҳмадбек Эшматов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жанубий Кореялик промоутер ўзбек боксчисидан узр сўради