Фото: Mundo Deportivo
«Барселона» ҳозирда қийин даврни ўтказмоқда. Клуб можаро марказига тушиб қолди: ОАВда директорлар кенгаши буюртмаси билан амалдаги раҳбарият қарашларини оқлаш учун пиар-кампания бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу жараёнда раҳбарият ҳатти-ҳаракатидан норози бўлганларнинг барчаси нишонга олинди. Ҳаттоки «Барселона» футболчиларини очиқчасига танқид қилиш ва ижтимоий тармоқларда кулгига қолдириш ҳолатлари кузатилди. Танқидлар бўрони остига қолиб кетганлар орасида Лионель Месси ҳам бор эди.
«Барселона»да аҳвол яхши эмас. Клуб Мессини қоралашга интилгани айтилмоқда. Бунга далил ҳам бор. Бундай қийин дамда Лео Каталониянинг «El Mundo Deportivo» газетаси таҳририятига келиб, катта интервью берди. Суҳбат давомида аргентиналик футболчи шахсий ҳаёти, клуб спорт директори Эрик Абидал билан ўзаро можаро, янги мураббийнинг мослашуви ва пиар-можаро ҳақида гапирди.
Оиласи ва шахсий ҳаёти ҳақида
- Барселонадаги илк кунларимдан Антонелла доимо ёнимда бўлган. У ҳаётимга хотиржамлик бағишлайди ва футболдан бошқа нарсаларга ҳам эътибор беришимга ёрдам беради. Одатда бу жараён менда қийин ўтади. Ҳаётим ўзимга ёқади: биз яшайдиган Кастельдефенс ҳудуди, кун тартибим, оилам билан бирга бўлиш. Кўпроқ вақтимни оиламга сарфлайман. Кун охирида чарчоқ сезилади, ҳар ҳолда учта фарзанд – кўп. Одатда барвақт ухлаймиз. Сешанба ва пайшанба кунлари болаларимизни футбол мактабига олиб борамиз. Одатий ҳаёт тарзи ўзимга ёқади.
«Барселона»дан кетиши ҳақида
- Бу борада доимо айтган фикримни такрорлайман: клуб мени жамоада қолишимни истаркан, мен тарафдан ҳеч қандай қаршилик бўлмайди. Бу клубда тўп суриш мен учун шараф. Яна бир карра Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишни истайман ва бунга умид қилаяпман. Айни дамда клуб муваффақиятли лойиҳага муҳтож.
Клубни текинга тарк этишим ҳақидаги шартнома банди? Бу банд ҳеч нарсани ўзгартира олмайди. Аввалги йилларда ҳам шундай ҳолатлар бўлардики, ўшанда клубни тарк этиш имконияти бўлган. Исталган маошни беришга тайёр клублар пайдо бўлганди. Бу борада муаммо йўқ. Яна қайтараман: агар клуб кетишимни истамас экан, бундай фикр мендан чиқмайди.
«Барселона» ўйинидаги ўзгаришлар ҳақида
- Биз мураббийлар алмашинувидан кейин мослашиш жараёнини ўтказаяпмиз. Ҳар бир мураббийнинг ўз қараши бор, шу боис бизга осон тутмаслик керак. Айтайлик, Вальверде биздан бир хил ўйнашни сўраган бўлса, янги мураббий бошқача ўйинашни сўраяпти. Ўз ўйиним ҳақида гапирадиган бўлсам, Сетьен менга кўпроқ эркинлик бермоқда. Гоҳида тўққизлик нуқтасида тўп сурсам, гоҳида қанотда ўйнаяпман. Тер Штегеннинг ҳам тўпни ўйинга киритишдаги иштироки аввалгидан ошмоқда.
Албатта бунда хавф ошади, лекин ҳимоядан чиқишда шундай ўйнаш талаб этилади. Бошқа ўзгаришлар ҳам бор. Масалан, прессинг. Биз юқори прессинг ва контрпрессинг орқали рақибга босим ўтказишимиз ҳамда тўп йўқотилгач дарҳол курашга қўшилишимиз керак. Аввал бу тарзда ўйнамаганмиз, шундай экан бундай услубга кўникиш учун вақт талаб этилади. Сетьен қандай одам? У фақат мураббий эмас, футболчилар учун яқин инсонга айланишни истайди. Кике доим футбол ҳақида гапиради, ўйинчилар билан муҳокама қилади.
Вальверденинг истеъфоси ҳақида
- Чинданам, Вальверденинг жамоадан кетиши хафа қилди, сабаби у нафақат ажойиб мураббий балки яхши инсон ҳам эди. Аслида, муҳим очколар қўлдан бой берилган ўйинларда мураббийдан кўра, кўпроқ биз жавобгар эдик. Аммо футболда бутун жамоадан кўра, биргина мураббийни алмаштиришни осон кўришади. Айтайлик, ўша Суперкубок ярим финалидаги ўйинда ҳам биз бутун ўйин давомида барчасини назорат қилдик, аммо сўнгги беш дақиқада «Атлетико»га имкониятни бой бериб, турнирдан чиқиб кетдик. Якунда эса ҳаммаси истеъфо билан тугади. Бу ачинарли.
Ла Лига ва Чемпионлар лигасидаги имконият ҳақида
- Ушбу мавсумда биз ҳам, «Реал» ҳам кўп очко йўқотаяпмиз. Икки жамоанинг ўйинида ҳам барқарорлик кўринмаяпти. Ўйлашимча, чемпионатдаги кураш сўнгги тургача давом этади. Дейлик, «Сельта» каби жамоалар билан ўйинда ҳам очко йўқотаверсанг, «класико»даги ҳеч қандай натижа чемпионлик йўлида устунлик бермайди. Биз билан ҳам шундай ҳолат кузатилиш мумкин. Чемпионлар лигаси ҳақида гапирадиган бўлсам, биз ўсишимиз керак. Ҳозирги ҳолатимизда Чемпионлар лигаси бош соврини учун курашишда имкониятларимиз яхши эмас.
Бизга ишонч етишмаяпти. Барқарор ўйнай олмаяпмиз – мавсум давомида кузатилаётган ахмоқона хатоларимизни тўхтатишимиз керак. Худди «Рома» ва «Ливерпул»га қарши ўйинда майдонга чиқиб, жамоадошлар билан алоқани бутунлай йўқотиб қўйгандек ўйнамаслик лозим. Чемпионлар лигасида кичик бир вазият сенга ҳукм ўқилиши учун етарли бўлади, шундай экан биз тезроқ янги мураббийнинг ғояларини амалга ошириб, энг яхши спорт формамизни тиклашимиз керак.
«Рома» ва «Ливерпул» билан ўйин ҳақида
- Очиғини айтсам, ҳозиргача ўшанда нима бўлганини англолмайман. Тўғри, бундай ҳайратланарли натижалар учраб туради. Аммо биз билан бундай даҳшатли натижалар кетма-кет икки марта содир бўлди. Буни ҳеч қачон тушуна ҳам, тушунтира ҳам олмасам керак.
(«Энфилд»даги ўйин олдидан Мессининг «Рома» билан баҳсдаги натижа такрорланишига йўл қўймаймиз», - дея айтган фикри эслатилгач) «Ливерпул»нинг ўз уйида кўп гол ура олишини тушуниб тургандик. Уларнинг тажовузкор ўйин услубига тайёр бўлсак-да, якунда йирик ҳисобда мағлуб бўлдик. Улар ҳар жабҳада биздан устунлик қилишганди. Ҳаттоки ўта ёмон ўйинимизга қарамай, бизда гол киритиш учун имкониятлар бўлганди, бироқ биз фойдалана олмагандик.
Роналду ҳақида
- Криштианунинг кетишидан сўнг «Реал» нима йўқотди? Кўплаб голларни! У гол уришдан тўхтамаяпти. Криштиану яримта имкониятдан ҳам гол уриб кетадиган йиртқич ҳужумчи. «Реал»да жуда яхши футболчилар тўпланган, аммо бир мавсумда 50тадан гол киритадиган Роналдудек футболчи энди улар сафида эмас. «Реал»даги фарқ шу.
Клуб спорт директори билан можаро борасида
- Уни (Абидални) бундай гапиришга нима мажбурлаган билмадим-у, аммо ўзимни менга кимдир ташлангандек ҳис қилдим. Клубимиздаги ички ҳолат ҳақида шусиз ҳам тинмай гапиришмоқда. Қандай қилиб футболчилар мураббийни тайинлаши ёки истеъфога чиқариши мумкин? Худдики қарорни мен қабул қиладигандек. Бу ҳақда кўчадаги одам эмас, клуб директорларидан бири гапириши мени ташвишлантирди.
Футболчиларга мураббийни истеъфога чиқариш ташаббускорлари сифатида қараш шахсан менга пасткашликдек кўринди. Директор қарорни қабул қилади, жавобгарлик айнан унинг гарданида бўлиши керак. Футболчиларнинг мураббийдан норози бўлганлиги ҳақида гапириб, уларнинг номини айтмаслик бу – жамоадаги барча футболчиларга қилинган ҳужумдир.
«Барселона» президенти атрофидаги пиар-можаро ҳақида
- Тўғриси, клубдаги умумий вазият мени ташвишлантирди. Барча футболчилар клуб президенти билан учрашдик, суҳбат давомида у матбуотда айтилган гапларини такрорлашдан нарига ўтмади. Шу боис ҳозир далил исботни кўриш учун кутишимиз керак. Ўшандан кейин бу маълумотлар ёлғон ёки ҳақиқат эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Клуб президентининг тушунтириши мени ишонтирдими? Биласизми, бундай ҳолатлар жуда кам учрайди. Баъзи далил ва исботлар бор дейишмоқда. Кутайлик-чи, уларни кўришимиз керак. Умуман олганда, йилнинг бошидан буён бизда доимо нимадир юз бераяпти. Клубдаги айрим муаммолар диққатимизни ўйинга қаратишга тўсқинлик қилади. Футболчилар бу гап-сўзлардан узоқлашиб, бор эътиборни олдиндаги ҳал қилувчи ойдаги ўйинларга қаратишимиз шарт.
Чемпионлар лигасидаги рақиблар ҳақида
- «Манчестер Сити»нинг четлатилиши? Тўғриси, бу қарор мени ҳайрон қолдирди. Барча иш шу даражага етиб боришини кутмаганди. Адашмасам, «ПСЖ» шунчаки жарима пулини тўлаш билан чекланганди. «Сити»дек клуб ажойиб таркиби, шунча пуллари билан охир-оқибат мусобақадан четлатилса бу жудаям ғалати бўлади. Бундай вазиятда Агуэро «Барселона»га келадими? Дунёдаги ҳамма футболчилар бизга ўтишини истамайсизми?
Билмадим, эҳтимол Чемпионлар лигасисиз кўплаб футболчилар жамоадан кетишни истаса керак. Мусобақадаги энг қийин рақиблар ҳақида гапирадиган бўлсам, биринчи ўйинлар кўрсатдики, исталган жамоа қийинчилик туғдира олади. «Ливерпуль» ютқазди, «ПСЖ» мағлуб бўлди. Ўйлашимча, ғолиблик учун асосий даъвогарлар - «Реал», «Ювентус», «Ливерпуль» ва «ПСЖ». «Ливерпул»га қарши яна бир марта тўқнаш келишни истардимми? Бунинг учун энг аввало «Наполи»га қарши майдонга тушиб, ғалаба қозонишимиз керак.
Усмон Ибодов тайёрлади
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди