14:00 / 27.02.2020
2 127

Янги схема ва идеал алмаштириш: Гвардиола Зиданни икки юришда мот қилди

Янги схема ва идеал алмаштириш: Гвардиола Зиданни икки юришда мот қилди
«Манчестер Сити» бош мураббийининг ностандарт қарорлари сафарда «Реал» устидан ғалабани таъминлади (2:1).
«Реал» — «Манчестер Сити» — 1:2 (0:0)
Голлар:
Иско, 60 (1:0). Габриэл Жезус, 78 (1:1). Де Брюйне, 83 — пенальти (1:2).
«Реал»: Куртуа, Карвахаль, Серхио Рамос, Варан, Ф.Менди, Каземиру, Вальверде, Модрич (Васкес, 84), Иско (Йович, 84), Бензема, Винисиус Жуниор (Бэйл, 75).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Отаменди, Ляпорт (Фернандиньо, 33), Бенж.Менди, Эрнандес, Гундўған, Де Брюйне, Маҳрез, Габриэл Жезус, Бернарду Силва (Стерлинг, 73).
Огоҳлантиришлар: Ф.Менди, 29. Вальверде, 48. Модрич, 54.
Четлатиш: Серхио Рамос, 86.

Бир йил муқаддам биз Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи тарихидаги энг муросасиз ва эҳтиросли тўқнашувларга гувоҳ бўлгандик. Бу мавсум эса «футбол шахмати» атамаси тез-тез ёдга олинмоқда. Масалан, ўтган ҳафтада «Атлетико» «Юрген Клоппни қандай енгиш мумкин?» мавзусида мастер-класс ўтди. Гарчи «Ливерпуль»нинг мағлубиятига қисқа таътил сабаб сифатида келтирилган бўлсада — Диего Симеоненинг тактик футболи бенуқсон кўринди. «Наполи» ҳам тактик жиҳатдан «Барселона» ва Мессини деярли иложсиз аҳволда қолдирди.

Чоршанба оқшомида Зинедин Зидан ва Хосеп Гвардиола илк мураббийлик дуэлини ўтказишди. Француз шу кунларда ўз ҳамкасбига хушомадлар ёмғири ёғдирди ва Пепни жаҳоннинг энг яхши мураббийи деб атади. Албатта Зизунинг ўзининг фанатлари ва Клопп таланти мухлислари бу сўзларга қўшилмайди. Умуман, бу дид иши — фигурали учиш ва бадиий гимнастикадаги каби, бу ўринда ҳакам фикрини ўзгартирганидан кейин ҳам баҳо субъективлигича қолади.

Спортда ҳамиша натижа объектив ўлчов бўлиб қолади.

«Манчестер Сити» еврокубоклардан икки мавсумга четлатилар экан, клуб учун бу мавсумда ягона овунч Чемпионлар лигаси ғолиблиги бўлиб қолар экан, Гвардиола прагматикка айланиши табиий. У ҳеч ким кутилмаган бошланғич таркибни танлади. 4-4-2 схемаси ва Габриэл Жезус қанотда, Де Брюйне ва Бернарду Силва сиймосида иккита «ёлғон тўққизлик» — буни кимдир кутганмиди?

Бу қарор кутилганидан ҳам зиёд ўзини оқлади. «Сити» фақат танаффус арафасида тўпга эгалик қилиш бўйича устунликни бой бера бошлади, лекин бу «Реал»га ҳеч нарса келтирмади. Мадридликлар биринчи бўлимда жуда кам зарба беришди — 45 дақиқада уч уриниш, бу сўнгги 7 мавсумда Чемпионлар лигасидаги энг ёмон натижа, турнирдаги юзинчи ўйинини ўтказган Бенземанинг бош билан бурчакка йўллаган зарбасини Эдерсон қайтариб юборди.

Эдерсон фақат бир марта қутқарди, майдоннинг нариги тарафида эса Куртуа доимий равишда қаҳрамонлик кўрсатиб туришига тўғри келди. Бельгиялик футболчи кетма-кет сэйвлар ижро этар экан, Зиданга уч марта «қулоқли» кубок ютишда ёрдам берган Навасдан кам жойи йўқлигини исботлади.

Иккинчи бўлимда Бензема ва Модрич босим уюштириб, рақибни тўпни йўқотишга мажбур қилишди, Отаменди, Эрнендес ва Уокер хатолар сериясини ижро этиб беришди, тўпга эга чиққан Винисиус Жуниор эса қарши ҳужумни якунлашни Искога қўйиб берди - 1:0. Барча шу вақтгача ҳеч қачон ЕЧЛдан чиқиб кетмаган Зизунинг сеҳрига ишона бошлади.

Аммо, статистикага қарасак, бу ўйинда Зидан шогирдларининг мағлуб бўлиш эҳтимоли 94 фоизга тенг бўлган. 60-дақиқага қадар Бенземанинг ягона голли вазиятига қарши меҳмонлар камида 6та голли вазият яратишган, Габриэл Жезус ва Маҳрез камида биттадан гол уриши керак эди. Бунинг барчаси — Гвардиоланинг хизмати. У танлаган режа иш берди, унинг таваккалчилиги жамоа ўйинини бузиб қўймади, биргина футболчи алмаштириш билан ўйинда бурилиш ясалди.

Эндигина жароҳатини тузатиб қайтган Стерлинг ва Жезус шунчаки ўз позицияларидаги ўз ишларини қилишди. Биринчиси биринчи гол урилган ҳужумда голли узатмадан олдинги узатмага муаллифлик қилди ва кейинроқ ҳал қилувчи пенальти ишлади. Иккинчиси — Де Брюйненинг аъло узатмаси узатилган жойда ўз имкониятини кутди. Ҳисобдаги устунлик вақтида Зидан майдонга ташлаган Бэйл эса ҳеч нарса қилиб бера олмади.

Албатта, барчаси бошқача сценарийда кечиши ҳам мумкин эди, ҳисоб 1:0 бўлиб турган вақтда Серхио Рамоснинг жарима майдони ичида туриб берган зарбасини Фернандиньо тўсиб қолди. Кейин эса жамоа сардори Жезус гол урган вазиятда тўп учун курашни бой берди.

«Барселона»дан кейин унинг Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизликлари учун дашномлардан чарчаган Пеп таниб бўлмас даражада ўзгариб ҳам кетган, энди у ўз танқидчиларига жуда зўр жавоб қайтарди. Бу ўйинда ниҳоят ВАР ҳам унга ёрдам бераётгандек, «Сити» биринчи голни урганида Жезус Рамосга тегингани қўполлик сифатида қайд этилмади.

Кўп ўтмай Стерлинг Карвахални ўзига қўполлик ишлатишга мажбур қилди, бошқа жамоадошларидан фарқли равишда Де Брюйне хотиржамлик билан пенальтини аниқ ижро этди — 1:2! Инглизлар беш дақиқа ичида барчасини ўзгартириб юборишди.

Рамос ўйин антиқаҳрамонига айланди - иккинчи гол ўтказилганидан кейин ҳам меҳмонлар ҳужумлар уюштиришда давом этишди ва шундай ҳужумлардан бирида сардор Жезусни қувиб етолмади ва у жарима майдонига киришидан олдин қўполлик билан тўхтатди. Ҳакам уни майдондан четлатди, энди жавоб ўйинида Пеп Гвардиола — Зинедин Зиданни турнирдан четлатиши ойдинлашмоқда.

Бир йил аввал бўлгани каби Рамос 1/8 финалнинг жавоб учрашувини ўтказиб юборади. «Аякс»га қарши жавоб ўйини қандай кечганини эса мадридликлар эслашни ҳам исташмайди. Гвардиолага эса титул ҳар қачонгидан кўра зарурроқ.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Янги схема ва идеал алмаштириш: Гвардиола Зиданни икки юришда мот қилди