19:20 / 01.03.2020
2 686

“Реал” - “Барселона”: Муҳим ўйин олдидан асосий саволлар

“Реал” - “Барселона”: Муҳим ўйин олдидан асосий саволлар
“Барселона” 13 та ўйиндан сўнг Ла Лигада биринчиликни яна қўлига олди. Бугун “Сантьяго Бернабеу” стадионида бўлиб ўтадиган баҳс кўп саволларга ойдинлик киритади.

Жамоаларнинг ҳеч бири ушбу мавсумда стабил ўйин намойиш этмаяпти ва иккала клуб ҳам таркибда йўқотишларга учраган. “Реал” сўнгги 3 ўйинда ғалаба қозонмади. Беқарор ўйин намойиш этаётган бу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари олдидан мавҳум саволлар кўп. Қуйида улардан баъзиларига тўхталиб ўтамиз.

Бензема зарба бера оладими?
Мадридликлар ушбу мавсум ҳужум чизиғида жиддий муаммолар билан курашишмоқда. “Леванте”дан учралган мағлубият (0:1) яна бир марта буни исботлади. Ушбу баҳсни ҳам қўшиб ҳисоблаганда клуб барча мусобақаларда 8 та ўйинда рақиблари дарвозасига йўл тополмаган.

Чемпионат бошида жамоа марказий ҳужумчиси Карим Бензема Ла Лига тўпурарлар баҳсида якка пешқадам бўлиб турганди. Франциялик ҳужумчи 13 та турдан сўнг рақиблар дарвозасига 16 та тўп киритган эди. Бу “галлактикос”нинг жарима майдони ичидаги муаммоларини яшириб турганди. Аммо Бензема янги йилдан сўнг атиги битта гол урди. Шунда ҳам “Атлетико”га қарши қийин учрашувда.

“Реал”нинг Ла Лигадаги тўпурарлари (пенальтиларсиз)
11 - Бензема
3 - Каземиро, Кросс, Модрич
2 - Бэйл, Рамос, Родриго, Варан, Васкес, Йович, Вальверде
1 - Винисиус, Карвахаль, Начо, Иско, Азар, Хамес

Юқоридаги статистика “Реал”нинг бугунги ҳужуми нақадар ночор аҳволда эканлигини кўрсатиб беради. Бенземадан бошқа ҳеч бир футболчи пенальтиларсиз учтадан кўп гол киритмаган. Клубнинг иккинчи тўпурари 5 та гол билан жамоа сардори Серхио Рамос ҳисобланади. Аммо уларнинг 3 таси 11 метрлик жарима зарбаси орқали киритилган.

Жамоа ҳужумчилари жуда ёмон мавсум ўтказишмоқда. Улардан кўра орқа чизиқ вакиллари: Тони Кросс, Федерико Вальверде (ва, албатта, Рамос) сермаҳсулроқ ўйин намойиш этишяпти. Қайсидир маънода, жароҳатлар ҳужумчиларнинг натижаларига таъсир қилаётгани бор гап. “Леванте” билан беллашувда Эден Азар яна жароҳат олди. Бу ўйин бельгиялик футболчи учун 3 ойлик жароҳатдан сўнг бор-йўғи иккинчиси эди. Азар тўпиғидан олган жароҳат сабаб мавсум якунига қадар жамоасига ёрдам бера олмаслиги мумкин.

Зиданнинг аввалги “Реал”ида ҳам жароҳатлар масаласида талай муаммолар бўлар эди. Аммо у жамоа гол уришга қийналмасди. Бунда Роналду эффекти юқори эди. Ҳозирги “Реал” аввалгисига қараганда жамоавийроқ ўйин намойиш этмоқда. Бироқ ҳужумларни якунлашда кучли ижрочи етишмаяпти. Мадридликларнинг асосий муаммоси мана шу.

“Барселона”даги жароҳатлар асосан ҳимоя чизиғида
Каталонияликлар ушбу учрашувда асосий қанот ҳимоячиларисиз ўйнашади. Серхио Робертонинг 1 ойга сафдан чиққани ҳақида хабар берилди. Ҳорди Альба учрашув қайдномасига киритилди. Аммо Сетъен узоқ муддатли жароҳатдан қайтган футболчини биринчи ўйинданоқ таваккал қилиб “Эл Классико”га туширмаса керак. Шундан келиб чиқиб, катта эҳтимол билан бугунги баҳсда Семеду ва Фирпо жуфтлигини кўришимиз мумкин. “Наполи”га қарши баҳснинг охирида Херард Пике жароҳатланиб, майдонни тарк этганди. У ҳам учрашувга 100% тайёр эмас.

Мураббий Кике Сетъен Мессининг эркин футбол ўйнашига шароит яратиб беришга интилмоқда. Месси ушбу мавсум Ла Лигада 18 та гол ва 12 та ассистни амалга оширган ҳолда энг сермаҳсул ўйинчи бўлиб турибди. “Наполи”га қарши учрашувда мураббий ҳужумда Месси ва Гризманн тандемидан фойдаланди. Ярим ҳимояда танлов имконияти йўқ эди: Бускетс, Ракитич, Де Йонг ва Видаль.

Сетъен бугунги баҳсга ҳам ўша таркибни ташлаши мумкин. Лекин интригани ошириб берувчи ўзгартиришлар эҳтимоли бор. Аввало, ёш иқтидор эгаси Ансу Фати. У жамоага кенгликлар, голлар ва янги қон бағишлаши мумкин. Унинг майдонга тушиши ҳужум чизиғини кучайтиради. Аммо ҳақиқий ўзгариш деб ўтган ҳафтада сенсацион тарзда харид қилинган Мартин Брейтуэйтни айтсак бўлади. “Миддлсбро”нинг собиқ футболчиси “Алавес”га қарши ўйинда ажойиб дебютни амалга оширди. Учрашув сўнгида майдонга тушган ҳужумчи янги жамоасининг охирги 2 та голига ассистентлик қилди. Бу билан даниялик форвард жамоага ҳали кўп ёрдам бера олишини исботлашга уринди. “Бернабеу”да ҳам, агар унга имконият берилса, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади.

Қай бири хавфлироқ: тўп назорати ёки кескин кириб бориш?
Ўтган йили декабрдаги “класико” 2002 йилдан бери дастлабки нурсиз ўйин бўлганди. Юқоридаги фикрлардан келиб чиқсак, бу гал ҳам голсиз ўйин эҳтимоли йўқ эмас. Атиги 2 очко! Ғолиб жамоа 3 очкодан ҳам кўп нарсаларни ютади. Тўплар фарқида тенглик, ўзаро ўйинлар статистикаси ва Ла Лиганинг қолган жамоаларининг улардан анча олислиги – буларнинг бари интригани чўққига олиб чиқади.

Асосий савол: Сетъеннинг тўп ушлаб туриши ёки Зиданнинг жарима майдонига таваккал кириб бориши – қайси бири кучлироқ?
Мураббийларнинг муаммолари ҳам бир хил: Месси ва Гризманн жуфтлигини қандай тўлдириш ҳамда Бензема атрофида қандай ҳужум чизиғини ташкиллаштириш. Бэйл жароҳатланган Азар ўрнини тўлдириши мумкин, бироқ у сўнгги пайтларда “Эл Класико”ни асосий таркибда бошлайдиган ишлар қилмади. Винисиус ҳамда Васкес вариантлари ҳам бор, лекин Родриго ўринбосарлар таркибида олган қизил карточкаси сабабли майдонга тушолмайди.

Зидан таркибни тез-тез ўзгартиришни ва рақибларига сюрпризлар тайёрлашни ёқтиради. Балки бу гал ҳам охирги ўйинларда ҳужумчиларга қараганда кўпроқ майдонга тушаётган Каземиро, Кросс, Вальверде, Иско ва Лука Модричдан фойдаланар.

Ўз навбатида, Сетъен тўпни назорат қилишни ёқтиради. “Гранада”га қарши баҳсда унинг жамоаси 1000 та тўп узатишни амалга оширди. Мураббий орқа чизиқда ҳам тўп назоратини ушлашга интиляпти. “Хетафе”га қарши учрашувда дарвозабон Марк Андре тер-Штеген 69 та узатмани амалга оширган.

Сетъен ўз “овчи”лари Месси ва Гризманни “ўқ дори”лар билан таъминлаб бера оладими?
Класико кўплаб саволлар туғдирмоқда. Унинг натижаси чемпионлик ҳақидаги саволларга жавоб бўла оладими? Биргаликда кузатамиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Реал” - “Барселона”: Муҳим ўйин олдидан асосий саволлар