20:52 / 06.03.2020
4 115

Азиз Ҳайдаров кескин баёнотлар берди, сўнг гапларини изоҳлади

Азиз Ҳайдаров кескин баёнотлар берди, сўнг гапларини изоҳлади
Фото: ЎФА
27 февраль, пайшанба куни, футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 1-тури доирасида «Пахтакор» ўз уйида «Навбаҳор»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувда Наманган клуби аъзоси Ислом Исоқжонов икки марта сариқ карточкага лойиқ кўрилиб, майдондан четлатилди. Бу орада «Навбаҳор» 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Шундан сўнг «Пахтакор» 2 та гол уриб, ғалабани илиб кетди. Қайд этиш жоиз, ҳисоб 1:1 бўлиб турган вақтда «шерлар» етакчиси Егор Кримец ҳам ўйиндан четлатилди. Ўйинни Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб борди.

Беллашув ҳакамлигидан норози бўлган «Навбаҳор» клубининг бир қатор мухлислари ўйин якунига етгач Ўзбекистон футбол ассоциацияси биносига боради. У ерда мухлисларга ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров дуч келади. Мухлислар Ҳайдаровга ҳакамлик борасида норозилик билдириш билан бирга ўртадаги суҳбатни ёзиб олади.

Мухлислар ва Ҳайдаров ўртасидаги суҳбатда ЎФА мулозими «Навбаҳор» клубининг собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ишлаган вақтда уй ўйинларида ҳакамларга ҳар бир баҳс учун 150 миллион сўмдан берилганини таъкидлаган. Бу пул эса «болалар»дан йиғилганини маълум қилган. Шу боисдан Мўминжонов ва футболчилар ўртасида низо юзага чиққани келтирилган.

Ҳайдаров суҳбат давомида «Ўзбекистонда 3 марта кубок ютган бўлса ҳам бирор марта уни мен ютганман демайман, балки уни менинг бошлиқларим ютган. Мен ҳеч нарса ютмаганман» деган жумлаларни ҳам келтирган.

Маълумот учун, Ҳайдаров футболчилик вақтида «Бунёдкор» билан 3 марта (2008, 2009, 2010) Ўзбекистон чемпиони бўлган. Икки марта мамлакат кубогини (2008, 2010) қўлга киритган.

Азиз Ҳайдаровнинг тарқалган аудиоёзувларга муносабати
Орадан бир ҳафта ўтиб 5 март, пайшанба куни, ЎФА терма жамоалар бўлим бошлиғи Азиз Ҳайдаров «Қалампир» нашрига қуйидагича изоҳ бериб, аслида Мўминжонов ҳакамларга қанча берганини билмаслигини, мураббий «Навбаҳор»да ишлаган вақти у БААнинг «Аш-Шабоб» клубида тўп сурганлигини таъкидлаган.

- «Пахтакор» ва «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг, бир гуруҳ наманганлик мухлислар тўпланиб туришганини кўрдим. Уларни олдига бордим ва тинчланиб, тарқалишларини сўрадим. Улар мен билан мулоқот қилишга киришди. Хабарингиз бор, ўша ерда бўлган мухлис ўзаро суҳбатни ёзиб олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган. Аудиоёзув 3 дақиқадан иборатлигини яхши биласиз. Лекин мен у ерда 3 дақиқа эмас, балки 20 дақиқадан ошиқ гапирганман.

Мен у ерда фақат футболимиздаги ёмон иллатлар ҳақида гапирмаганман. Футболимиз ривожланаётганини ҳам гапирганман. Нима учун аудиоёзувни тўлиқлигича тарқатмади? Илҳом Мўминжонов мураббий бўлиб ишлаган пайтда уй учрашувлари учун ҳакамларга 150 миллион берилди деганман. Аслида қанча берилганини билмайман. Чунки Мўминжонов «Навбаҳор»да ишлаган пайтда мен «Ал-Шабаб»да бўлганман. Бу суммани уларни тинчлантириш учун тахминан айтганман. Нима бўлган тақдирда ҳам Илҳом Мўминжоновни кўриб турибсизлар. Футболдан четлатилган. Бунинг барчаси бекорга эмас.

У ерда гапирилган кўп гаплар аудиоёзувда йўқ. Аудиоёзув тарқалгандан кейин ишдан кетиш ҳақида ҳам ўйладим. Мен бу ерга футболни ривожлантириш учун келганман.

Орадан бироз вақт ўтсин, албатта, интервью бераман. Айнан мана шу ҳолатга тўхталиб ўтаман. Фақат бунинг учун бироз вақт керак
, - дейди ЎФАнинг терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг бўлган воқеликларга муносабати
Ташкилот Ҳайдаровнинг тарқалган аудиоёзуви ва унда ходимнинг айтган сўзлари бўйича ўз муносабатини билдирганича йўқ.

«Пахтакор»—«Навбаҳор» учрашуви бош ҳаками қуйи лигага 1 ойлик сургунга юборилди
ЎФА ҳакамлик қўмитаси 2 март, душанба куни «Пахтакор» — «Навбаҳор» учрашувидаги ҳакамликни кўриб чиқди. Қўмита қарорига кўра, Танташев ўйин тизгинини қўлдан чиқарган ва интизомий қарорлар чиқаришда хатога йўл қўйган. Шу сабаб ҳакам бир ой муддатга Суперлига ўйинларидан четлатилиб, қуйи лигага туширилди. Мазкур бир ой ичида Суперлигада учта тур учрашувлари ўтказилади.

Мўминжонов дисквалификацияси
«Навбаҳор» футбол клуби собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжонов футболчиларни ўйинни сотишга ундаги учун 2019 йилнинг апрелида ЎФА Этика қўмитаси томонидан 50 миллион сўм миқдорида жарима тортилган ва 5 йил муддатга футболга оид ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганди.

2020 йилнинг 3 январида «Сурхон» футбол клуби Этика қўмитасига Илҳом Мўминжонов ишини қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилган ва клуб мураббийга кафил бўлишини қайд этган.

Этика қўмитаси шулардан келиб чиқиб Мўминжоновнинг дисквалификация муддатини қисқартирган. Эндиликда бу чеклов 2020 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. Таъкидлаш жоиз, ЎФАнинг 2019 йилдаги қарори (мазкур хабар ўчиб кетган, бу орада ташкилот сайти янгиланган) бўйича Мўминжонов умумий ҳисобда 5 йил муддатга футболга оид фаолиятдан четлатилгани маълум қилинганди. Бироқ ташкилотнинг 25 февраль кунги баёнотида муддат 4 йил деб кўрсатилган. Ташкилот қарорини қачон ўзгартиргани номаълум. Шу тариқа Мўминжоновнинг 5 йиллик дисквалификацияси 1 йил-у 9 ой деганда якунига етади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Азиз Ҳайдаров кескин баёнотлар берди, сўнг гапларини изоҳлади