19:36 / 07.04.2020
3 096

ФИФА раҳбарлари Россия ва Қатардан қанча пора олгани очиқланди

ФИФА раҳбарлари Россия ва Қатардан қанча пора олгани очиқланди
Фото: «Google Images»
АҚШ Федерал қидирув бюроси бир неча йилдан буён давом этаётган тергов-суриштирув якунида ФИФАнинг бир қатор собиқ раҳбарларига айблов эълон қилди. Улар жаҳон чемпионати ўтказиш ҳуқуқини бериш эвазига Россия ва Қатардан пора олганликда гумонланмоқда.

Терговчиларга кўра, халқаро футбол уюшмаси собиқ вице-президенти Жек Уорнер Россия расмийларидан 5 миллион доллар пора олган.

2010 йил 1 ноябрь куни Ж.Уорнернинг ёрдамчиси электрон почтасига «Илтимос, унга (яъни Уорнерга – таҳр.) келишув шартлари ушбу ҳафтада бажарилишини етказиб қўйинг» деган мазмунда хабарнома келади. Келгуси ой давомида эса Ж.Уорнер банк ҳисоб рақамига 5 миллион доллар келиб тушади. Ушбу маблағ Кипр ҳамда Виргиния оролларидаги офшор компаниялар орқали ўтказилади.

Жек Уорнер Тринидад ва Тобаго давлати фуқароси бўлиб, АҚШ ҳозиргача уни экстрадиция қилишнинг уддасидан чиққани йўқ.
Айблов томонига кўра, ФИФА ижроия қўмитасининг бошқа бир собиқ аъзоси Рафаэль Сальгерога 1 миллион доллар пора ваъда қилинган. Гватемалалик мулозим айбини тан олган ва футболдан умрбод четлатилган.

АҚШ прокурорлари Жанубий Америка футбол федерацияси собиқ президенти Николас Леос ҳамда Бразилия футбол федерацияси раҳбари Рикардо Тешейра ҳам Қатарни қўллаб-қувватлаш эвазига пора олган деб ҳисоблайди. Николас Леос ўтган йили, ватани Парагвайда уй қамоғини ўташ пайти вафот этди. Рикардо Тешейра эса умрбод футболдан «бадарға» этилди.

Қайд этиш жоизки, Россия айбловларга қарамай 2018 йилда жаҳон чемпионатини ўтказиб олишга улгурди. Қатар эса 2022 йилда энг нуфузли футбол турнирига мезбонлик қилиши кўзда тутилган.

ФИФА раҳбарияти 2010 йилдаги овоз бериш якунларига кўра, навбатдаги жаҳон чемпионатларини ўтказиш ҳуқуқини Россия (2018) ҳамда Қатарга (2022) тақдим этган. Кейинроқ халқаро футбол уюшмаси раҳбарияти бунинг эвазига катта миқдорда пора олгани борасида айбловлар янгради. Шу тариқа ФИФА президенти Зепп Блаттер ва УЕФА етакчиси Мишель Платини мажбуран истеъфо берди. Коррупцияга оид жиноий иш доирасида 42 нафар катта-кичик мулозимларга айблов эълон қилинди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ФИФА раҳбарлари Россия ва Қатардан қанча пора олгани очиқланди