09:32 / 21.05.2020
2 987

Ўзбек футболчиси Европага йўл очмоқда

Ўзбек футболчиси Европага йўл очмоқда
Ҳамюртимиз Шохруҳ Гадоев ва унинг клуби жиддий мақсад сари курашмоқда.
Эътибор берган бўлсангиз, хорижда тўп сураётган легионерларимизнинг бугунги ҳолати, уларнинг келажаги ва кейинги тақдири борасида имкон қадар маълумотлар бериб бормоқдамиз. Ўйлаймизки, хорижда ўйнаётган ҳар қандай ўзбекистонлик футболчи ҳақидаги хабар ва ўзгаришлар сизни ҳам бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.

Озарбайжон чемпионатида ҳам ҳамюртимиз фаолият олиб бораётганидан хабардорсиз. “Кешла” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ярим ҳимоячи Шохруҳ Гадоевнинг ҳам ўзига яраша ишқибозлари бор ва унинг фаолиятига қизиқиб туришади.

Яқинда унинг карантин ҳақида билдирган фикрлари тарқалганди. Аммо Гадоевни Озарбайжонга нима етаклаб келгани, бу ердаги мақсадлари, янги клуби, “Бунёдкор”дан кетиши ва яна бошқа масалалар бўйича ҳали ўз муносабатини билдирмаганди. Биз эса шуларни ҳисобига олиб, Шохруҳ билан мулоқотга киришдик.

Янги клуби ва “Бунёдкор”дан кетиши
Ҳамюртимизнинг фаолиятида “Кешла” клуби туфайли янги саҳифа очилди. Натижада Гадоев бутун диққат-эътиборини янги жамоасига қаратган. Ўтган йили эса у “Бунёдкор”да тўп сурганини ҳам биласиз. Шохруҳ эса “Кешла”га келиши ва “Бунёдкор”дан кетиши ҳақида гапирди.

- Клубда мени жуда яхши кутиб олишган. Бу ерда ниҳоятда аҳил жамоа бор. Бош мураббий ҳамма вақт жамоани бир оила сифатида ушлаб турибди. Клубимизнинг асосий мақсади Европа Лигасида иштирок этиш. Бизнинг бор ҳаракат ва эътиборимиз шунга қаратилган.

“Бунёдкор”дан кетишимга келсак, у ерга қўшилган пайтимда клуб раҳбари ва бош мураббий билан шундай келишгандикки, агарда менга четдан яхши таклиф бўлса, қўйиб юборишларини айтгандим ва уларга бунга рози бўлишган.

Гадоев нима учун четда ўйнашни ёқтиради?
У бунгача ҳам легионер сифатида бошқа чемпионатларда тўп сурганини инобатга олсак, Озарбайжондаги фаолияти унинг биринчи хориж клуби ҳисобланмайди. Лекин нима учун Гадоев кўпинча четда тўп суришни ёқтиради? Бунга қуйида ўзидан жавоб олишингиз мумкин.

- Шубҳасиз, хорижда легионер бўлиб ўйнашнинг қийинчиликлари бор. Масълулият кучли бўлади ва сиздан кўп нарсаларни талаб қилишади. Албатта, улар асосан жамоага фойдангиз кўпроқ тегиши учун талаб қилишади. Сизни ёш ва бошқа учун чақиришмайди, асосан ҳамма ўз клубига фойдаси тегиши учун таклиф қилишади.

Хорижда ўйнасангиз, асосан савияли рақиблар билан ўйнайсиз. Бу ерда ҳам кучсиз жамоалар деярли йўқ ҳисоби. Легионер сифатида ўйнасангиз тажрибангиз ортиб бораверади. Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнаш учун ҳам кўпроқ четда тўп сурсангиз, малакангиз ортаверади ва бу борадаги имкониятингиз ҳам ошади. Чунки легионер бўлиб ўйнаётганингизда сизни ҳам албатта кузатишади.

Чемпионатлар ўртасидаги тафовут ҳақида
Ўз навбатида легионеримиз Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон чемпионатларини солиштирди ва бу борада ўзининг фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

- Озарбайжон футболига тўхталсак, ўзимизнинг футболдан фарқли равишда устун томонлари бор, деб айта олмайман. Аммо ўзига яраша кучли жиҳатлари йўқ эмас. Масалан, бу ердаги иштирок орқали Европа Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасига йўлланмани қўлга киритишингиз мумкин. Айнан шу томонлама Озарбайжон футболининг устун томонлари мавжуд. “Қорабоғ”, Нефтчи”, “Интер Боку” каби жамоалар халқаро майдонларда иштирок этишган. Бу ердаги клублар асосан Европа турнирларига йўлланма учун ҳаракат қилишади.

Гадоев ҳам Насимов каби энг яхши легионерлардан бири бўла олармикин?
Ёдингизда бўлса, ўз вақтида Озарбайжонда ҳамюртимиз Баҳодир Насимов самарали фаолият олиб борганди. У “Нефтчи” ҳамда ҳозирда Гадоев ўйнаётган “Кешла” клубларида тўп сурганди. Озарбайжонлик мухлислар эса Насимовни яхши билишади. Шохруҳ эса бу борада шундай деди:

- Тўғри, озарбайжонликлар Баҳодир Насимовни анча яхши танишади. У бу ерда кўп йиллар муваффақиятли фаолият олиб борган. Шу боис ўзидан яхши таассурот қолдирган, чемпионат тўпурари ҳам бўлган. Мен ҳам у каби ўзимдан илиқ таассуротлар қолдиришни хоҳлайман ва бу ерга мухлислар ишончини қозониш мақсадида келганман.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбек футболчиси Европага йўл очмоқда