15:12 / 13.06.2020
1 833

Суперлига карвони яна йўлга отланмоқда. «Насаф» - «Навбаҳор» ва турнинг яна 6 интригаси

Суперлига карвони яна йўлга отланмоқда. «Насаф» - «Навбаҳор» ва турнинг яна 6 интригаси
Ниҳоят, уч ойлик танаффусдан кейин Ўзбекистонда расман футбол мавсумига рестарт берилди. Шанба кунидан Суперлиганинг 4-тур ўйинлари билан мамлакатимизнинг бир қатор шаҳарларига катта футбол қайтади. Бу сафар мухлислар футболни стадиондан эмас, ойнаи жаҳон орқали томоша қилишларига тўғри келади.

Суперлига. 4-тур
13 июнь (шанба)
«БУНЁДКОР» — «ҚЎҚОН-1912»

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: «Sport» (жонли)
Турга старт берувчи учрашув 13 июнь куни Тошкентда «Бунёдкор» ва «Қўқон-1912» ўртасида кечади. Ўтган уч турдан кейин турнир жадвалида 6 очкодан тўплаган клублар ўртасидаги баҳс қизиқарли ўтиши аниқ. Вадим Абрамов жамоаси ўз уйида тўпга эгалик қилиш эвазига ғалаба ҳақида ўйлайшса, Бахтиёр Ашурматов шогирдлари қарши ҳужум ва стандарт вазиятлари ҳисобига Тошкентдан очко билан қайтишлари мумкин. Йил бошида ОЧЛда «Бунёкдор» шарафини ҳимоя қилган Мурод Холмуҳаммедов собиқ жамоасига қарши баҳсда қўқонликларинг асосий фигурасига айланиши мумкин.

Тошкентдаги охирги 3 ўйин:
2019 йил: «Бунёдкор» – «Қўқон-1912» - 2:1
2018 йил: «Бунёдкор» – «Қўқон-1912» - 1:3
2017 йил: «Бунёдкор» – «Қўқон-1912» - 2:1

«ҚИЗИЛҚУМ» — ОКМК
Ўйин бошланиш вақти: 20:00

ТВ-трансляция: «Mahalla» (жонли)
«Қизилқум» ва ОКМК ўртасидаги баҳс ҳам барчанинг эътиборида туриши аниқ. Навоий клуби Тачмурод Агамуродов бошчилигидаги илк учрашувини Миржалол Қосимов жамоасига қарши ўтказади. Икки бақувват ҳомийга эга Навоий ва Олмалиқ шаҳарларининг клублари ўртасидаги тўқнашувдан жанговарлик кутиш мумкин. Олмалиқ жамоаси сўнгги марта 2009 йилда Навоийдан ғалаба билан қайтган. Улар бу сафар 11 йил олдинги натижа учун курашишса, бу мавсум ғалаба нималигини билмаган мезбонлар нохуш анъанани бузишга интилишади.

Навоийдаги охирги 3 ўйин:
2019 йил: «Қизилқум» – ОКМК - 3:1
2018 йил: «Қизилқум» – ОКМК - 2:1
2017 йил: «Қизилқум» – ОКМК - 2:2

14 июнь, якшанба

«СЎҒДИЁНА» — «ПАХТАКОР»

Ўйин бошланиш вақти: 18:00

ТВ-трансляция: «Sport» (жонли)
Якшанба кунги баҳсда Улуғбек Бақоев бошчилигидаги «Сўғдиёна» Шота Арвеладзе қўл остидаги «Пахтакор»га қарши саф тортади. Жиззах клуби мавсумни муваффақиятсиз бошлаб 13-ўринда турибди, «Пахтакор» эса пешқадам саналади. Бу баҳсда иштиёқ ва интизом тажрибани мағлуб этишга уринади. Ҳар ҳолда ўтган мавсум 4-ўринни олган Жиззах клуби кетма-кет 4-ўйинда ҳам муваффақиятсиз натижага рози бўлмаса керак. Бироқ, статистика тўлиқ меҳмонлар тарафида: «Сўғдиёна» 21 йилдан буён «Пахтакор»ни ўз майдонида мағлуб эта олгани йўқ. Амалдаги чемпион жамоа Жиззахда сўнгги марта 1999 йилда таслим этилган (2:3).

Жиззахдаги охирги 3 ўйин:
2019 йил: «Сўғдиёна» – «Пахтакор» - 1:2
2018 йил: «Сўғдиёна» – «Пахтакор» - 0:1
2017 йил: «Сўғдиёна» – «Пахтакор» - 0:1

«НАСАФ» — «НАВБАҲОР»
Ўйин бошланиш вақти: 20:00

ТВ-трансляция: «Sport» (жонли)
Турнинг марказий ўйини Қаршида «Насаф» ва «Навбаҳор» ўртасида кечади. Бугунги кунда молиявий жиҳатдан бир-бири билан рақобатдош клубларга айланган Қашқадарё ва Наманган вилоятининг бош жамоалари ўртасидаги баҳс қизғин кўриниш олиши аниқ. Бердиев мавсумни ғалабалар билан давом эттирмоқда, Канчельскис эса икки марта очко йўқотишга учради. Воҳадаги ўйин бу жамоаларнинг мавсумдаги имкониятларини очиб берса ажабмас. Эътиборлиси, Наманган клуби сўнгги икки йилдан буён Қаршида мағлубиятга учрагани йўқ – бир ғалаба ва бир дуранг. Қолаверса, Канчельскис ва унинг жамоаси пандемия даврида ҳам Наманганда тайёргарликни буткул тўхтатгани йўқ. Шундай экан, уч ўйинда уч ғалабага эришиб, «Пахтакор» билан қўшҳокимлик ўрнатган «Насаф» бу сафар жиддий қаршиликка учраши аниқ.

Қаршидаги охирги 3 ўйин:
2019 йил: «Насаф» – «Навбаҳор» - 0:1
2018 йил: «Насаф» – «Навбаҳор» - 1:1
2017 йил: «Насаф» – «Навбаҳор» - 4:0

15 июнь (душанба)

«СУРХОН» — «МАШЪАЛ»
Ўйин бошланиш вақти: 18:00

ТВ-трансляция: «Dunyo bo’ylab» (жонли)
Душанба кунги Термиздаги «Сурхон» ва «Машъал» ўртасидаги баҳс ҳам шиддатли ўтишига шубҳа йўқ. Мураббийлар қўнимсизлиги давом этаётган Термиз жамоаси учун баҳснинг қадри анча баланд. Охирги бир йилда Мўминжонов, Микляев, Ашурматов, Андреевдан кейин мавсум бошида Баҳром Ҳайдаров иш бошлади. Бироқ, унинг ҳам курсиси мустаҳкам эмас. Шу боис бу баҳсда жамоа ўз мураббийи учун ҳам фақат ғалабани кўзлаши талаб этилади. Шу куни мезбонлар етакчиси Шавкат Саломов жамоасига ёрдам бера олмайди. «Машъал»нинг эса дебютант сифатида йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Шундай экан, Дилявер Ваниев жамоаси мезбонларга очиқ футбол таклиф этса керак.

Термиздаги охирги 3 ўйин (Про-лига):
2018 йил: «Сурхон» – «Машъал» - 2:1
2018 йил: «Сурхон» – «Машъал» - 1:1
2017 йил: учрашмаган

«БУХОРО» — «АНДИЖОН»
Ўйин бошланиш вақти: 18:30

ТВ-трансляция: «Sport» (жонли)
Бухородаги майдон тайёр эмаслиги учун Муборакда ўтадиган «Бухоро» ва «Андижон» ўртасидаги ўйин ҳам мезбонлар учун катта аҳамиятга эга. Бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев куни кеча Ўзбекистонга қайтиб келди ва айни дамда карантинда сақланмоқда. Жамоа легионерлари эса ҳали-ҳамон Ўзбекистонга қайта олганича йўқ. Клуб асосан маҳаллий футболчилар билан янги раҳбарият бошчилигида тайёргарлик кўрган. Ўйинга жамоа қайси мураббий бошчилигида тушиши ҳам номаълум. «Андижон» эса Виктор Кумиков қўл остидаги дебют ўйинини ўтказади. Айнан ушбу баҳс Муҳаммадиевнинг «Бухоро»да қолиш-қолмаслигини аниқлаб берса керак. Ҳар ҳолда кетма-кет сафардаги 3 мағлубиятдан кейинги навбатдаги муваффақиятсизлик бухороликларнинг сабр косасини тўлдириши табиий.

Бухородаги охирги 3 ўйин:
2019 йил: «Бухоро» – «Андижон» - 2:0
2016 йил: «Бухоро» – «Андижон» - 5:2
2015 йил: «Бухоро» – «Андижон» - 2:1

«ЛОКОМОТИВ» — «МЕТАЛЛУРГ»
Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: «Mahalla» (жонли).
Турнинг сўнгги баҳси Тошкентда «Локомотив» ва «Металлург» ўртасида кечади. Бу баҳс аслида Бекободда ўтиши лозим эди. Аммо бу шаҳар карантин сабабли «қизил» ҳудудда эканлиги туфайли жамоаларнинг ўзаро розилиги билан ПФЛ ўйинни пойтахтга кўчирди.

Ушбу клублар ўртасидаги сўнгги ўйинлар кутилмаган натижаларга бой бўлган. Бекобод жамоаси охирги икки ўйинда «Локомотив»дан очко тортиб олди. Кўрамиз, бу сафар ҳам «темирйўлчилар»дан очко тортиб олинармикан?

Тошкентдаги охирги 3 ўйин:
2019 йил: «Локомотив» – «Металлург» - 1:1
2018 йил: «Локомотив» – «Металлург» - 1:0
2017 йил: «Локомотив» – «Металлург» - 3:1.

У. Ибодов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлига карвони яна йўлга отланмоқда. «Насаф» - «Навбаҳор» ва турнинг яна 6 интригаси