08:40 / 15.06.2020
2 540

“Зенит” Шомуродов трансфери бўйича сўнгги қарорини эълон қилди

“Зенит” Шомуродов трансфери бўйича сўнгги қарорини эълон қилди
Россия премьер-лигаси пешқадами “Зенит” ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовни трансфер қилиш вариантидан воз кечди. Бу ҳақда Metaratings нашри хабар бермоқда.

Аввалроқ, Санкт-Петербург жамоаси раҳбарияти клубни тарк этиши кутилаётган Сардор Азмун ўрнига ёзги трансферлар вақтида Элдор Шомуродовни олмоқчи эди. Маълум бўлишича, пандемия таъсирида "Зенит"нинг трансфер сиёсати ўзгарган.

Питерликлар айни пайтда чемпионат ўйинларида тўртта ҳужумчидан фойдаланмоқда. Артём Дзюба ва Сардор Азмундан ташқари аргентиналик Себастьян Друисси ва бразилиялик Малком ҳам юқори савиялик ўйинчилар ҳисобланади. Қолаверса, Азмуннинг жамоадан кетиши сўроқ остида турибди. Чунки унга қизиққан "Милан" кучли бешлик чемпионатларига кўниккан Лука Йовични олишга қарор қилди. Эронлик тўпурарга жиддий қизиққан "Наполи" ҳам футболчининг трансфер суммаси қимматлигини пеш қилмоқда.

"Зенит" клуби хўжайинлари иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, мавсум тугагунича ҳеч кимга янги шартнома таклиф қилинмасликка, бундан ташқари, ёзда катта трансферларни амалга оширмасликка қарор қилди. Элдор Шомуродовнинг трансфери эса Россия миқёсида йирик харидлар сирасига киради. Чунки ўзбек ҳужумчиси "Ростов" томонидан 10-15 миллион еврога баҳоланаётгани маълум қилинган эди.

“Зенит” ҳужумни кучайтириш мақсадида “Сочи”да ижарада ўйнаётган тажрибали ҳужумчи Александр Кокоринни қайтариб олиб келиши ҳақиқатга яқин. Бу футболчи қамоқда ўтириб чиққанига қарамай, "Сочи" таркибида 4 та ўйинда 3 та гол уриб, тўпурарлик маҳоратини йўқотмаганини намойиш қилди. Кокорин бу мавсумни сочиликлар таркибида якунлаш бўйича келишувга эга. Кейин катта эҳтимол билан "Зенит" уни қайтариб олади.

Шунингдек, "Зенит"нинг асосий тўпурари Артём Дзюбага ҳам янги битим таклиф қилинади. Дзюбанинг ёши ва Европа футболининг асосий талабларидан бири - тезкорлик масаласи туфайли уни бирор кучли чемпионатга кетишига ишониш қийин. Артём бор маҳоратини Россия чемпионатида кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, питерликлар бирор янги футболчи олиш ниятида эмас. Аксинча, айрим ўйинчилар мавсум якунида ўзларига бошқа жамоа қидиришга мажбур бўлади. Хусусан, "Зенит" катта тажрибага эга бўлган ва мавсум сўнггида шартномаси якунланадиган Юрий Жирковдан ҳам воз кечади.

Элдор Шомуродов масаласида эса унинг агенти қатор клублар билан мулоқот қилаётгани ҳақида хабарлар бор. Зотан, Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Россия чемпионатидаги бошқа клублардан кўра Европанинг кучли чемпионатларидан бирига ўтишни маъқул кўради.

Қолаверса, Элдор жорий чемпионатда жамоаси билан Европа Чемпионлар лигасига йўлланма олиш учун курашмоқда. Ҳамюртимизга кўз тиккан жамоалар скаутлари ва европалик агентлар ўзбек ҳужумчисини айнан юқори нуфузли мусобақада топ клубларга қарши қандай ўйин намойиш эта олиши қизиқтирмоқда. Демак, ҳамюртимизнинг олдида кўп вариантлар пайдо бўлади.

Бу йилги чемпионатда эса 24 ёшли Элдор Шомуродов 22 та учрашувда 11 та гол ва 6 та голли пас муаллифи бўлди. У тўпурарлар баҳсида айнан “Зенит” ҳужумчиси Артём Дзюба билан беллашмоқда. Элдорнинг “Ростов” билан шартномаси 2024 йилнинг ёзигача амал қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Зенит” Шомуродов трансфери бўйича сўнгги қарорини эълон қилди