09:03 / 15.06.2020
1 951

Санъат Шихов: "Пахтакор" бизни ҳурмат қилиши кераклигини кўрсатиб қўйдик

Санъат Шихов: "Пахтакор" бизни ҳурмат қилиши кераклигини кўрсатиб қўйдик
Амалдаги чемпион “Пахтакор”нинг Жиззахда қоқилишини балки кўпчилик кутмаган бўлиши мумкин. Шу маънода айтганда, “Сўғдиёна”нинг ғалабасидан бироз ажабланганлар ҳам топилади.

Лекин тан олиш керакки, майдон эгалари ғалаба учун қаттиқ меҳнат қилишди ва ҳақли равишда уч очкони қўлга киритишди.
“Пахтакор”га қарши ўйинда жонбозлик кўрсатиб, тер тўккан футболчилардан бири – Санъат Шихов Sports.uz мухбири билан мулоқотда аввало ғалаба ниманинг эвазига қўлга киритилгани хусусида гапирди.

- Жамоавий ўйин ҳисобига ғалаба қозондик. Машғулотларимизда ҳам астойдил ишладик. “Пахтакор”га қарши ўзгача тактика қўллагандик. Улуғбек Бақоев жамоавий ўйинга кўпроқ урғу берди. Шунинг самараси билинди. “Пахтакор”га қарши ҳамма жабҳада устунлик қилдик деб ўйлайман. Рақиб жамоада голли имкониятлар унчалик кўп ҳам бўлмади. Бунинг устига биринчи бўлимда пенальтидан гол ура олмадик. Бундан ташқари, яна бошқа голли вазиятларни ҳам ярата олдик. Шу боис бемалол айтишим керакки, бизнинг ғалабамиз асло кутилмаган натижа эмас. Аксинча, 1:0 ҳисобидаги натижа ўйинга бироз мос бўлмади. Чунки ўз имкониятларимиздан фойдаланганимизда ҳисоб 2:0 ёки 3:0 ҳам бўлиши мумкин эди.

Маълумки, “Сўғдиёна” чемпионатни қониқарсиз бошлаган ҳолда иккита мағлубият ва бир дуранг қайд этганди. Балки пандемия бўлмасдан ҳаммаси олдингидек давом этганида, жиззахликлар омадсиз ўйинлардан сўнг 4-турда “Пахтакор”ни юта олган бўлармиди? Бу масалада Шиховнинг жавоби қуйидагича бўлди:

- Билмадим, бўладиган иш бўлди. Пандемия бўлмаса ёки бошқа нарса бўлмаса, деган саволлар ноўрин. Мана, ўйин бугун бўлиши керак экан, шундай ҳам бўлди. Бу ўйин олдин, кечами ёки эртага бўлганидами, мен башорат қилмайман. Муҳими, биз “Пахтакор”ни ютдик. Тўғри, пандемия ҳаммага оғир келди. Барибир бу вазиятдан чиқиб кетиш керак, ахир шу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Биз шу кунни кутиб яшадик. Футболчилар учун майдондан ташқарида қолиб кетиш жуда оғир эди. Худога шукрки, юзимиз ёруғ бўлди ва шунча кутганимизга яраша ғалаба биз томонда бўлди.

“Сўғдиёна” “Пахтакор”ни мағлубиятга учрата олдими, демак, чемпионнинг ҳам кучсиз жиҳатлари бор ва буни жиззахликлар амалда кўрсатиб бера олишди. Санъат билан учрашувни муҳокама қилиш жараёнида “Пахтакор”нинг ожиз нуқтаси ҳақида гап кетди ва бу борада футболчи ўз фикрини билдирди.

- Ҳар бир жамоанинг ўзига яраша муаммоли тарафлари бўлади. Тўғри, “Пахтакор” яхши шаклланган жамоа. Уларни ҳурмат қиламиз, ўтган йилги чемпион! Аммо “Пахтакор” ҳам бизни ҳурмат қилиши кераклигини бугун кўрсатиб қўйдик. Рақиб чемпион экан, деб майдонга қўрқиб тушиш ҳам ноўрин. Биз ҳам футболда кўп йиллардан бери юрибмиз. Айтмоқчиманки, футболга кеча келиб қолиб, бугун “Пахтакор”ни ютганимиз йўқ. Бу – футбол. Унда эса барча клубларнинг кучли ва кучсиз томонлари бўлади. Ўйиндан аввал мураббийларимиз рақибни ўрганишди, изланишди ва бизга муаммоли тарафларини ўргатишди.

“Пахтакор”нинг ҳам камчиликларини биламиз. Улар ҳам бизга ўхшаган оддий инсон ва футболчи. Тўғриси, бугун ғалаба қозонишимизга аксарият жамоадошларим ҳам ишонишганди. Асосийси, мураббийларимиз бизни ғалаба қозонишимизга ишонтира олишди. Тўғри, “Пахтакор”нинг бошқа клубларга қараганда камчилиги камроқ. Лекин мени уларнинг ожиз нуқталари ҳақида гапириш ниятим йўқ. Шуни айтмоқчиманки, кўпроқ югурган ва ғалабани хоҳлаган жамоа ғалаба қозонди.

- “Сўғдиёна” жамоасининг ҳеч кимга бирор нимани исботлаш нияти йўқ. Клубга биз келгунимизга қадар ҳам “Сўғдиёна” ўтган йили ўзини кўрсатиб қўйган. Ҳар бир жамоанинг ўзига яраша ғурури бор. Барибир ҳеч ким майдонга ютқазаман, деб тушмайди. Шундай экан, биз ҳам фақат ғалаба қозониш илинжида майдонга тушдик. Кўпроқ жамоамизга очко керак эди.


Шунингдек, биринчи бўлимда мезбонлар пенальтидан гол ура олишмади. “Пахтакор”дек билан баҳсда бундай ўта қулай имкониятдан фойдалана олмаслик якунда жуда қимматга тушиши мумкин эди. Бироқ “Сўғдиёна” футболчилари барибир ўз иродаларини кўрсатишди. Шихов эса 11 метрли жаримадан фойдалана олишмаганида ҳам бундан тушкунликка тушишмаганини айтди.

- Пенальти – бу лотерея. Агар ўшанда Шохруз Норхонов гол урганида балки ўйин янада бошқача кечарди. Шунга қарамай, барибир ютишимизга ишонгандик. Ишончга яраша ўзимиз ҳам ҳаракат қилдик. Бунинг учун барча жамоадошларимга раҳмат айтаман. Барибир қандай ўйнаганимиз энди ҳеч кимни қизиқтирмайди. Агар икки ҳафтадан сўнг “Сўғдиёна” – “Пахтакор” ўйини қандай бўлганди деса, кўпчилик эслай олмайди, аммо ҳисоб 1:0 бўлганини ҳамма билади. Жиззахлик мухлисларни ғалаба билан табриклайман.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Санъат Шихов: "Пахтакор" бизни ҳурмат қилиши кераклигини кўрсатиб қўйдик