Охирги йилларда ўзбек футболи юлдузлари деганда ўзидан анча катта футболчилар қаторида эътироф этилаётган Жасур Жалолиддиновнинг ўйини тобора очилиб бормоқда. 2002 йилда туғилган футболчи энг ёш деб бошланадиган кўплаб рекордларни янгилади. Жалолиддинов энди катталар орасида ўз ўрнини топиш ҳаракатида.
Унинг Италияга трансфери нега тўхтаб қолди? Москванинг «Локомотив» клуби унга қай даражада жиддий қизиқиш билдирмоқда? Шу саволларга жавоб олиш учун футболчининг ўзи билан суҳбатлашдик.
– Чет эл клублари қизиқиш билдирган кам сонли футболчилардансиз. Айтингчи, Италияга трансферингиз нега тўхтаб қолди?
– Тўғриси, бу жараён тўхтаб қолгани йўқ. Шунчаки трансфер борасидаги хабарлар жуда тез тарқаб кетгани «Беневенто»га ёқмади. Уларда «Трансфер жимликни ёқтиради», деган гап бор экан. Вазиятга реал қарасак, бу траснфер амалга ошиши қийинроқ. Чунки клуб ҳозир муракаб аҳволда ва трансфер ҳақида ўйлай олмайди. Жамоанинг скаутлар бўлимида ишлайдиган вакили билан доимий алоқадаман ва у «Ҳамон бизнинг рўйхатда борсан, лекин қайсидир клубга ўтмоқчи бўлсанг, музокара ўтказавер. Биз бундан фақат хурсанд бўламиз», деб айтган. Шу сабаб бошқа жамоалар билан музокара ўтказдик.
– Москванинг «Локомотив» клуби сизга қизиқиш билдираётганини қачон билдингиз?
– 2-3 ой олдин агентларимиз менга қизиқиш бўлаётганини айтишди ва мен музокара ўтказишга рози бўлдим. Шундан кейин улар «Бунёдкор»га таклиф билан чиқишди. Одамлар яқиндан бу ҳақда билди, лекин шу вақтгача кўп музокаралар ўтказдик. Менимча, музокаралар узоқроқ давом этади. Менинг «Бунёдкор»дан кетишим осон бўлмайди. Академия очилишидан олдин ҳам мен «Бунёдкор»да эдим. Умримнинг ярми шу клубда ўтди ва уни тарк этиш менга ҳам осон эмас. Баъзан қандай кетарканман, деб ўйлаб қоламан. Лекин келажагим учун бу қадамни қўйишим керак.
– «Локомотив» сизга қизиқиш билдирганда клубда мураббий бошқа эди. Мураббий ўзгариши қизиқишга қанчалик таъсир қилган?
– Менга клубнинг директори қизиқиш билдирган. Музокаралар ҳам айнан директор билан ўтказилган. Менимча, музокараларда барча нарса инобатда олинмоқда. Мен мавсум охиригача «Бунёдкор»да қолишни хоҳлайман. «Локомотив» эса мен билан шартнома имзолаб ярим йил ижарага бермоқчи. Уларда ҳозир 8 нафар легионер бор ва ҳаммасининг шартномаси йил охирида тугайди. Ўшанда муаммосиз бориб қўшилишим мумкин. Бундан ташқари ўзимизда ўтадиган Осиё чемпионати-U19 мусобақаси бор. Ҳозир бошқа жамоага ўтсам-да, кўп ўтмай чемпионатга келсам, янги жамоамга мослашишда муаммо бўлиши мумкин. Шу боис «Локомотив»нинг таклифи жуда қулай деб ўйлайман.
– Сиз ҳали бирор клубга трансфер бўлмагансиз ва бу борада тажрибангиз йўқ. Сизга ким ёрдам беряпти?
– Маслаҳат керак бўлса, ўзимга яқин барчадан олишим мумкин. Масалан, жамоамиздаги Лутфулла Тўраев, Анвар Ғофуровлардан. Уларнинг тажрибаси катта. Агентим – Юрий Белоус. Унинг Вадим Абрамов билан муносабатлари яхши экан. Ўйинларимизни кўрди, Абрамов бизни таништирганди.
– «Бунёдкор»га «Локомотив»дан расмий таклиф бўлганми?
– Бўлган. Унинг шартлари ҳақида ҳозир айта олмайман. Шартнома имзоланганидан кейин барча шартларини ошкор қиламан. Мен «Бунёдкор»ни норози қилиб кетмоқчи эмасман. Барчаси келишув асосида бўлиши керак. «Бунёдкор» мени 10 йил тарбиялаган клуб сифатида трансферимга рози бўлиши керак. Клуб таклифга ижобий қарамоқда. Клубдан клубга ўтиб кетиш шунчаки қўл қўйиш билан амалга ошиб қолмайди. «Беневенто»га бир ҳафтага бориб келиб кўп нарсани тушуниб етдим. Бу жамоага ўтмасам ҳам, Индзаги қўл остида машғулот ўтказганим бутун бошли фикрлашим ўзгаришига олиб келди.
– Футболимизда аввал Искандеровни келажагимиз дедик, кейин Сиддиқовни... Ҳозир ҳам улар футболимизнинг яхши вакилларидан, лекин сиз каби жуссаси кичий футболчилар нимагадир эришиши учун қолганлардан икки баробар кўпроқ меҳнат қилиши керак. Масалан, Италияда Инсиньени бу борада муваффақият қозонган дейиш мумкин. Сиз боришингиз мумкин бўлган Россия Премьер-Лигаси эса кучга асосланган чемпионат...
– Ҳар қандай қийинчиликка тайёрман, буни биламан. Борсам, ўз устимда ишлашим керак. Энг аввал руҳий жиҳатдан тайёрланиб боришим керак. Россияга бориб Чемпионлар Лигасида ўйнайдиган жамоада ўзимни йўқотиб қўймаслигим керак. Мослашишга балки бир йил, балки икки йил кетар, лекин бунга тайёрман. Ахир Чемпионлар Лигасида «Ювентус», «Барселона» каби жамоалар билан бир гуруҳдан ўрин оладиган клуб сафига ўтиб, мен орзу қилган футболчиларга қарши ўйнаш... Бу учун ҳар қандай қийинчиликка розиман.
Бобур Акмалов суҳбатлашди
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди