1 991
Шота Арвеладзе ҳаётидан: Қамоқ, ўлим хавфи ва ҳақиқатга берилган жазо! Роналд де Бур “Аякс”да мени шармандаликдан қутқариб қолганди (2-қисм)
“Пахтакор”ни муваффақиятли бошқариб келаётган Грузия футболи афсонаси Шота Арвеладзе журналистларга катта интервью бериб, Шон Коннери, Луи ван Гал, Вахтан Кикабидзе каби машҳурлар билан муносабати, ҳаётидаги қувончли лаҳзалар, қамоқда ўтиргани, терговга тортилгани, ўлим таҳдиди ва бошқа кўплаб қизиқ воқеалар ҳақида гапириб берди.
Шунингдек, Грузия, Голландия ва Шотландия чемпиони, “Пахтакор”ни чемпионлик сари етаклаган Шота Арвеладзе қуйидаги қизиқарли маълумотлар ҳақида ҳам мухлисларга ҳеч ким билмаган фактларни ошкор қилди:
Шота нега 23 ёшлигида Испаниянинг топ клуби таклифини рад этган?
Роналд де Бур уни “Аякс”даги илк машғулотида қандай қутқариб қолган?
Нега ван Гални дарвозабонсиз ўйнашга ундаган?
Шота Арвеладзе фаолиятидаги ёрқин саҳифалардан бири “Аякс” билан боғлиқ. Кетма-кет икки йил Европа чемпионлар лигаси финал босқичида тўп сурган жамоанинг асосий ҳужумчиси Патрик Клюверт Италияга кўчиб ўтганидан кейин Арвеладзе унинг ўрнини боса олишига ҳатто Грузияда ҳам ишонишмаган эди. Шота “Аякс” билан шартнома имзолаб, Тбилисига қайтганида ундан бир журналист “Сени асосий таркибга олишдими ёки иккинчи жамоагами?”, - дея сўраб, масалага аниқлик киритмоқчи бўлган эди.
- Мени кучли ҳаяжон босганидан “Аякс”нинг биринчи машғулотига бутса олиб келишни унутганман, - дейди Шота. – Кийим алмаштириш хонасида, формани кийиб олиб, ялангоёқ ўтиргандим. Айтиш жуда ноқулай эди. Хаёлимдан “Вой аҳмоқ, “Аякс”га келиб ўтирибсана. Сенга машина, куртка, сумка, картмонни нима кераги бор, бутсани олсанг бўлмасмиди? “, деган фикр айланарди. Буни Роналд де Бур сезиб қолиб, ўлчамимни сўради ва ўзининг бутсасини олиб келиб берди. У билан ҳозиргача яқин дўстмиз.
Мураббий борасида ҳам омадим келган. Мортен Ольсен ўнтача тилни биларди. Ўзи ҳимоячи бўлган, лекин ҳужумкор ўйин намойиш қилишга иштиёқи баланд. Дастлабки мавсумимда жамоа билан чемпионатни ўзида 112 та гол урдик. Энг қизиғи, мавсум бошида мен ҳаётимда илк бор “Бреда”да тўп сураётган укамга қарши ўйнадим. У ердан Арчил “Кёльн”га ўтди. Ўзи учун ноқулай бўлган чап қанот ярим ҳимоячиси амплуасида ўйнаса ҳам 9 та гол урди. Кейинги мавсумда тиззасидаги жароҳат безовта қилганидан кейин деярли футбол ўйнамай қўйди. Муолажалардан зериккани учун 32 ёшида бутсаларини михта илди, - дейди Арвеладзе.
- Сиз ҳам 1998 йилнинг кузида “Олимпиакос”га қарши ўйинда тиззадан жароҳат олгандингиз. Нега операция қилдирмагансиз?
Тиззанинг орқасидаги бўғимга зиён етган. У пайтлар бунақа жароҳатни операция қилмас эди. Менимча ҳозир ҳам шундай. Мен бошқа жароҳат ҳам олгандим. Уни бир неча йил давомида мавсум охирида операция қилдирардим. “Олимпиакос” билан ўйиндан кейин бир неча ой азоб чекдим. Клубга қайтганимда Ольсенни ўрнига Ян Воутерс келганди.
- Кинкладзе нега “Аякс”да ўйнаб кетолмаган?
- Ўзи айбдор. У “Сити”да етакчилик қилишга ўрганиб қолганди. “Аякс”да Литманен бор эди. Кинкладзе қанотда ўйнашга ўтди. Ўйнолмади. Англияга қайтишни орзу қиларди. Ҳатто голландларнинг тилини ўзлаштиришни истамагани учун дарс қолдириб, жаримага ҳам тортилганди. Кейин “Витесс” билан ўйиндан олдин бир воқеа бўлди. Кинкладзе уч ой асосий таркибда тушмади ва машғулотдан кейин ўйинга тушадиган футболчилар рўйхатига қарамай ҳам қўйганди. Эртаси куни кийим алмаштириш хонасига кириб, унинг 11-рақамли формаси тайёрлаб қўйилганини кўрдим. У бу ерда йўқ эди. Ўйинга туширилишидан умидини узиб, мени стадионга олиб бориб қўйгандан кейин ўзи шаҳар айлангани кетган эди.
- Кейин нима бўлди?
- Қўнғироқ қилдим. Телефонини олмади. Санди Олиседан машинасининг калитини олиб дўстимни шаҳар бўйлаб қидиргани кетдим. Учрашувга олти соат бор эди. Уни барибир тополмадим. Жамоавий тушликка кеч қолдим. Бу ишим учун Воутерс мени рўйхатдан олиб ташлади.
Мени аччиғим чиқди: “Ақлингиз жойидами? Кинкладзега голланд тили дарсини 150 марталаб эслатардингиз. Бир марта бўлса ҳам сени уч ой деганда ўйинга тушираман, деб айтсангиз бўлмайдими? Мен дўстимни қидириб, тушликка кеч қолдим, ўйинга эмас!”, деб ўшқирдим.
Кейин “Аякс”да қирқ йил ишлаган афсона – бошқа бир мураббий Бобби Хармсга “Боб бу адолатсизликку, сизнинг ҳам дўстларингиз бордир, мени тушунишингиз керак”, дедим. У Воутерс билан гаплашиб, мени захирадагилар қаторига қўшиб чиқди.
- Кейинчи?
- Ҳисоб 1:1 бўлиб турганди. Ян мени чақирди: “Мен сен учун бугун нима қилганимни биласан, энди сени навбатинг”, - деди. Мен унга кулиб, “Айнан сиз ҳеч нима қилмадингиз”, - дедим. Бунақа вазиятларда омадли эдим ва ғалаба тўпини киритдим.
Кейинчалик мен Воутерс қўл остида “Рейнжерс”да ҳам ўйнадим. У Дик Адвокатнинг ёрдамчиси эди. 10 йилдан кейин эса, Ян “Қосимпошо” жамоасида менинг ассистентим бўлиб ишлади. Биз дўстлашиб кетган эдик ва кўп мулоқот қилардик. Кинкладзе билан бўлган вазиятни эслаганда “Одам профессионал бўлиши керак, кимларнингдир орқасидан югуриб юрмасдан ўзига эътибор қаратиш керак”, - деб такрорларди. Унга биз Кинкладзе билан ака-укадаймиз, мен унинг ўғлини чўқинтирган отасиман, деб тушунтиргунча биринчи бўлим якунланарди.
Энг ёмони Гио менга “Нега мени қидирдинг? Телефонни унутиб қолдирибман, шунга шунчами?” деди. Лекин мен барибир уни яхши кўраман.
- Хайрлашув учрашувингиздан кейин “Аякс”даги дўстингиз Микаэль Лаудруп: “Мен жуда банд бўлишимга қарамай, бундай учрашувни ўтказиб юборолмас эдим. Қандай қилиб Арвеладзенинг таклифини рад этиш мумкин. Ахир у “Аякс”далигимизда қартада менга доим ютқазарди”, - деганди.
- Аслида мен ҳам покерни яхши ўйнайман. Лекин у кўп ютарди. Иккала Лаудруп ҳам зўр футболчилар эди. Айниқса, Микаэль. Менга қанча зўр пасларни берган. “Аякс”дан кетганида роса хафа бўлгандим.
- Литманеннинг охириги учрашувида унга бўш дарвозани ишғол қилиш учун шароит яратиб бергандингиз.
- “Аякс” тарихидаги энг зўр футболчилардан бири сўнгги учрашувини ўтказаётганда бошқача йўл тута олмасдим. Ўйиннинг охирги дақиқасида дарвозабон ван Дейкни алдаб ўтдим, қарасам Яри келяпти, унга тўпни узатдим, шу холос.
- Ўшанда сизни бутун стадион олқишлаганди. Сиз нега машғулотдан олдин “Аякс” мураббийларидан бири Ко Адриансе билан тортишгандингиз?
- Бу тортишув эмасди. Қиш, февраль, совуқ, шамол. У айтганидек, ҳимоя воситаларини тақиб, машғулотга тайёрланардик. Адриансе ким чарчаганини сўради. Мен қўлимни кўтардим. Менга Витчге, Винтер, Махлас қўшилди. Биз бирга қарта ўйнардик. Конинг жаҳли чиқди: “Севган касбидан қандай чарчаш мумкин! Кўп одамлар соат олтида туриб, анча оғир ишларга отланади. Сизлар катта пул топасизлар, оддий одамлар эса қийналмоқда”, - деди. Мен унга “Сиз биздан ким чарчаганини сўрадингиз. Ким машқ қилмоқчи эмас, демадингиз. Биз ростини айтдик. Кейинги гал ҳеч ким чарчамаган деб ёлғон гапирамиз”, - дедим. Асосан муносабатимиз яхши эди. Ко яхши мураббий.
Давоми бор...
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди