16:45 / 14.08.2020
1 010

Ҳамид Актамов: Чемпионат терма жамоа ўйинлари қурбони бўлишига қаршиман

Ҳамид Актамов: Чемпионат терма жамоа ўйинлари қурбони бўлишига қаршиман
Хабарингиз бор, ОФК терма жамоаларнинг бу йилги расмий учрашувларини 2021 йилга қолдирди. Аммо ФИФА кунлари сақланиб қолди. Мавсумнинг катта қисми карантин туфайли ўтиб кетганини инобатга олсак, ФИФА кунларида ҳам Суперлига учрашувларининг ўтказилиши қанчалик тўғри? SPORTS.uz бу борада Суперлига клублари бош мураббийларининг фикрларини билишга қизиқди.

Ҳамид Актамов – “Қизилқум” клуби бош менежери:
– Терма жамоаларнинг бу йилга режалаштирилган халқаро ўйинлари кейинги йилга қолдирилгани ва шунга қарамасдан, ФИФА кунларининг сақланиб қолингани кўп жиҳатлардан яхши бўлди, деб ўйлайман. Мен ФИФА кунларида терма жамоаларнинг ўйнашига қарши эмасман, лекин бу ўйинлар шундоқ ҳам анча муддат тўхталишларга учраган чемпионатда яна тўхтатилиш қилишига қаршиман. Чунки, катта муддат футболсиз қолдик. Энди буёғига Суперлига учрашувларини имкон қадар ҳеч қандай тўхталишларсиз регламент бўйича давом эттириш керак.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, чемпионатдаги барча жамоалар 48 тадан футболчини рўйхатдан ўтказган. Бу ҳар бир клуб 3-4 та таркибга эга, дегани. Шундай экан, нега терма жамоага 2-3 та футболчиси жалб этилган клубларнинг ўйинлари кейинга қолдирилиши керак? Содда қилиб айтадиган бўлсам, чемпионат терма жамоа ўйинлари қурбони бўлишига қаршиман. Бизга футбол керак.

Таркибдаги барча футболчи майдонга тушиш умидида ҳаракат қилади, шуғулланади. Етакчи футболчилар терма жамоага жалб этилган тақдирда, клублар ўйинларни қолдиришга ҳаракат қилмасдан, айнан ўз имкониятини кутиб юрган ёш футболчиларга имкон бериши керак. Ўйлайманки, ана шундай ёшлардан келажакда терма жамоамиз учун муҳим футболчилар етишиб чиқади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)