00:30 / 19.08.2020
2 554

«Бунёдкор» Жалолиддинов трансфери учун 350 минг еврони тўлиқ олган

«Бунёдкор» Жалолиддинов трансфери учун 350 минг еврони тўлиқ олган
Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби 18 ёшли яримҳимоячи Жасур Жалолиддиновнинг трансфери учун Москванинг «Локомотив» клубидан 350 минг евро олган. Бу ҳақда Tribuna.uz манбаси хабар қилди.

Маълум бўлишича, кеча ЎФАда Жасур Жалолиддинов трансфери борасида йиғилиш ўтказилган. Унда ПФЛ, ЎФА ва «Бунёдкор» вакиллари қатнашган. Йиғилишда «Бунёдкор» клуби бош директори Айниддин Ғиёсов Жалолиддинов трансфери учун сўралган пул «Локомотив» томонидан тўлиқ «Бунёдкор» ҳисоб рақамига ўтказиб берилганини айтган.

Tribuna.uz манбасининг маълум қилишича, «Бунёдкор» вакиллари Жалолиддиновнинг трансфери қонунга мувофиқ ўтгани ҳақида баёнот беришган. Tribuna.uz мухбири бу борада маълумот олиш учун «Локомотив» клуби матбуот хизматига мурожаат қилди, аммо Москва клуби вакиллари ҳозирча трансфер тўғрисида маълумотни тақдим этишмади.

Трансфер қонуний амалга ошгани ҳақида Жалолиддиновнинг агенти Юрий Белоус ҳам таъкидлаганди: «Ушбу трансфер тарихи тиниқ сувдек топ-тоза, турли гумонларга ўрин йўқ. Билишимча, «Бунёдкор»да раҳбарият ўзгарган, бош директор ўрнига бошқаси келган. Уларга трансфер бўйича ҳужжатлар керак бўлса, ўзлари излайверишсин. Агарда уларга ниманидир бериш лозим бўлса, буни «Локомотив»дан сўрашлари мумкин бўлади.

Жасур «Локомотив»га эркин агент сифатида ўтганди. Уни эркин агент сифатида қўйиб юборишга қарор қилинган, шунга қарамай, «Бунёдкор» уни қўйиб юбориш учун маълум сумма белгилаб қўйганди. Трансфер учун тўловни Жасурнинг ўзи ёки учинчи томон амалга ошириши мумкин эди ва шундай ҳам қилинди. «Бунёдкор» маблағни тўлиғлигича олди, шунингдек, клуб ФИФА қоидасига биноан футболчини тарбиялагани учун яхшигина миқдордаги маблағга ҳам эга бўлди», деди агент «РИА Новости» мухбирига.

«Бунёдкор»нинг трансфер суммаси ҳақида илк марта клубнинг эндиликда собиқ бош директори Улуғбек Мирзаев Tribuna.uz билан суҳбатда айтганди. Кейинчалик маълум бўлдики, «Бунёдкор» Жалолиддиновнинг трансфери учун Улуғбек Мирзаев айтганидек 350 минг евро қўлга киритган.

ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев эса ташкилот Жалолиддинов трансфери бўйича иш очишни сўраб ЎФАга мурожаат қилганини айтганди. «Жалолиддиновга Туркиядан 400 минг евролик таклиф турганда, нега у эркин агентга айлантирилиб, кейин «Локомотив»га йўналтирилган?», деб савол қўйганди бу борада Диёр Имомхўжаев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Бунёдкор» Жалолиддинов трансфери учун 350 минг еврони тўлиқ олган