15:45 / 01.09.2020
1 231

Месси исён қилишда давом этмоқда, «Сити» унинг тақдимотига тайёрланмоқда

Месси исён қилишда давом этмоқда, «Сити» унинг тақдимотига тайёрланмоқда
Фото: Getty Images
Афтидан, ёзнинг асосий трансфер эртаги якуни яқин. Европа нашрларида Мессининг «Манчестер Сити»га ўтиши тафсилотларига оид янгидан янги хабарлар чиқмоқда. Қуйида ушбу трансфер атрофидаги энг қизиқарли ва шов-шувли миш-мишлар ва янгиликлар келтирилади.

Шу вақтгача муҳим тўрт сана
- 14 август куни Лиссабонда «Барселона» Чемпионлар лигаси чорак финалида «Бавария»га йирик ҳисобда мағлуб бўлди — 2:8. Шундан кейинги кунларда Месси каталонияликлар клубини шартномаси тугашига бир йил қолганида тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалди ва бу хабарлар рад этиб ҳам чиқилди (шартнома 2021 йил ёзигача тузилган).
- 19 август куни Роналд Куман «Барселона»нинг янги бош мураббийи сифатида таништирилди. Нидерландиялик мутахассис дарҳол Месси билан учрашув ўтказди ва жамоани унинг атрофида қуриш ниятини билдирди. Лекин шундан кейин яна аргентиналик футболчи клубдан кетиши ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади.
- 25 август куни Мессининг вакиллари «Барселона»га бюрофакс юбориб, шартномани бир томонлама бекор қилишни сўради. Кўп ўтмай клуб ҳам буни тасдиқлади.
- 30 август куни Месси клуб базасига тиббий кўрикдан ўтиш учун келмади.

Гвардиола Месси билан учрашиш учун мавсумолди йиғинларининг бир қисмини «қурбон қилди»
Мессининг кетиш ҳақидаги қарори маълум бўлгач, унинг бўлғуси клуби сифатида биринчи навбатда «Манчестер Сити» номи тилга олина бошланди. 27 август куни The Times, Гильем Балаге ва The Athletic журналисти Дэвид Орнштейн Месси ва «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўртасида мулоқот бўлиб ўтгани ҳақида ёзиб чиқишди. Унга кўра, каталониялик мутахассис собиқ шогирдига клуби уни сотиб олишга тайёрлигини айтган.

Месси «Барселона»дан ўзини текинга қўйиб юборишни сўрамоқда. Бунга асос сифатида у ўзаро шартномадаги махсус пунктни келтирмоқда - унга кўра футболчи исталган мавсум сўнггида шартномани бир томонлама бекор қилиши ва эркин агент мақомида кетиши мумкинлиги кўрсатилган. Аммо бунинг учун у клубни маълум вақтгача огоҳлантириши керак бўлган. Каталонияликлар раҳбарияти футболчи 10 июнга қадар огоҳлантириш юбориши керак бўлганини айтмоқда, футболчининг вакиллари эса пандемия туфайли мавсум ўз вақтида тугамагани туфайли огоҳлантириш учун сўнгги муҳлат сифатида 30 августни кўрсатишган.

Ҳозирги вазиятда вазиятдан чиқишнинг ягона йўли Месси ва «Барселона» ўртасида трансфер борасида музокаралар ўтказилишидир. Чунки футболчига даъвогар бўлган ҳеч бир клуб трансфер учун шартномада кўрсатилган 700 миллион евролик бадал пулини тўлай олмайди.

Sport ва Manchester Evening Standart нашрлари агар «Барселона» Мессини текинга қўйиб юборишга рози бўлмаса, «Сити» унинг трансфери учун 100-150 миллион евро ва бир қанча футболчиларини беришга розилиги ҳақида ёзди. Каталон нашрлари хабарларида Эрик Гарсия, Бернарду Силва ва Габриэл Жезусе фамилиялари келтирилган, Манчестердаги нашрларда эса Гарсия ва Анхелиньо номлари тилга олинган.

19 ёшли Гарсия Каталонияга йўл олиши эҳтимоли юқори — ушбу ҳимоячи Гвардиолага қанчалик ёқмасин, асосий таркибга кира олмаяпти ва унинг шартномаси муддати кейинги йил ёзида тугайди. У шартномани узайтирмоқчи эмас ва «Барселона»га қайтишни истамоқда, у клуб академиясида 6 ёшдан бошлаб 11 йил давомида ўйнаган.

Бу орада Marca нашри Гвардиола Барселонага келгани ва футболчи билан учрашув белгилагани ҳақида хабар тарқатд. Нашр хабарига кўра, у аргентиналик билан унинг келажагини муҳокама қилишга келган.

Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда бу маълумот тасдиқланди. Хитойликларнинг Каталониядаги «Као» номли ресторани Гвардиоланинг ошпазлардан бири билан тушган суратини тарқатди.

«Сити» мураббийи Испанияга ташриф буюриш орқали жамоасининг мавсумолди йиғинининг бир қисмини ўтказиб юборишга рози бўлган. Энди у Англияга қайтгач, икки ҳафталик карантинни ўташи керак бўлади. Яъни, Гвардиола «Сити» мавсумолди машғулотларининг катта қисмида қатнаша олмайди.

Месси исён қилмоқда. У машғулотларни ўтказиб юборди ва ўзини «Барса» футболчиси деб ҳисобламаяпти
Испаниялик мутахассис Каталониядаги севимли ресторанларини айланишда давом этар экан, Месси клубда ҳақиқий исён бошлади. Marca маълумотига кўра, 30 август куни аргентиналик мутахассис «Барселона» базасидаги мавсумолди машғулотларидан олдинги тиббий кўрикдан ўтишга келмади. Аввалроқ RAC1 манбаси Лео каталонияликларнинг машғулотларига келишни умуман режалаштирмагани ҳақида хабар тарқатганди. Бу ҳақда Месси клубни бюрофакс орқали огоҳлантиргани айтилган.

Бундай хабарлар ортидан футболчига нисбатан санкциялар ҳақида хабар тарқатилди. Журналист Танкреди Палмери твиттерида «Барселона» раҳбарияти Леонинг клубга келмаган ҳар бир куни учун мос равишда маошини кесишни режалаштиргани ҳақида ёзди.

Лекин бу маълумотни Sport.es нашри рад этиб чиқди. Яъни, клуб футболчини жазоламоқчи эмас.

Шу куни «Барселона» ва Месси ўртасидаги низога Ла Лига аралашгани ҳақида хабар тарқалди. Журналист Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, лига клуб томонида турган ва Лионелнинг каталонияликлар клуби билан шартномаси ҳамон кучда экани ҳақида баёнот берган. Бу ҳолда у клубни тарк этишининг ягона чораси — белгиланган бадал пулини (700 млн евро) тўлаш бўлади.

Лекин Мессига бу зиғирча таъсир этгани йўқ. Marca нашрининг ёзишича, жамоанинг илк машғулотини ўтказиб юборган Лео бундан буён ўзини кўк-анорранглилар клуби футболчи деб ҳисобламаслигини айтган. У Испания чемпионати бошланганидан кейин ҳам клуб ихтиёрига келиб қўшилмоқчимас.

Футболчининг отаси ҳам томонларни яраштирмоқчи. Mundo Deportivo маълумотига кўра, айни вақтда Аргентинада бўлиб турган Хорхе Месси каталонияликлар клуби президенти Хосеп Мария Бартомеу билан учрашмоқчи. Хорхе учрашув вақтида Лео нима учун кетмоқчи бўлаётгани ҳақида тушунтириш бермоқчи. Сабаблар қуйидагича:

— Месси Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизликдан, айниқса «Бавария»га қарши ўйиндаги 2:8 ҳисобидан қаттиқ ранжиган;
— 33 ёшида у Европада яна совриндор бўлиш учун янги лойиҳада иштирок этмоқчи, у «Барселона»да Рональд Куман билан бу мақсадга эришиш мумкинлигига ишонмаяпти.


Нашр хабарига кўра, Бартомеу Хорхе Месси билан 3 сентябрь куни учрашишга розилик билдирган, аммо у фақат аргентиналик форвард клубда қолиши масаласида гаплашмоқчи.

«Сити» Мессига беш йиллик шартнома таклиф этган
«Сити» аргентиналик футболчига ўз таклифини билдириб бўлган. Танкреди Палмерининг ишонч билан ёзишича, инглизлар клуби футболчига умумий қиймати 500 млн еврони ташкил этадиган беш йиллик шартнома таклиф этмоқда.

Манбанинг ёзишича, футболчи 5 йиллик шартномага кўра йилига 50 миллион евродан олади. Унга кўра, форвард уч мавсум давомида «шаҳарликлар» клубида тўп суради ва кейин «Манчестер Сити» хўжайинларининг МЛС чемпионатидаги клуби бўлмиш «Нью-Йорк Сити»га ўтади. Бундан ташқари, Мессига 250 млн евро миқдорида кўтарма пули ваъда қилинган. Бу бонус аргентиналик футболчига Америка клубига ўтганида берилиши кўзда тутилган. Палмерининг ҳисоблашича, бу орқали «Манчестер Сити» молиявий фэйр-плей билан боғлиқ муаммолардан қутулиши мумкин.

Бу янгиликка «Арсенал»нинг собиқ футболчиси Пол Мерсон Daily Star нашридаги колонкасида шов-шувли муносабат билдирди. Футбол эксперти аргентиналик бу футболчи учун бунча катта пул сарфлашга ҳожат йўқлигини айтган.

«Лионель Месси энди дунёнинг энг яхши футболчиси эмас. Фаолияти якунланиб бораётган ўйинчи учун 500 млн евро тўлаш керакми? Мени хато гапиряпти деманг. Месси сайёрамиздаги энг буюк футболчи эди, аммо замон ўзгариб бормоқда. У билан шартнома имзолаш учун бунча пул тўлаш – катта таваккалчилик. Унинг энг яхши даврлари ортда қолди.

Агар у ҳақиқатан ҳам ўзини бошқа лигада синаб кўрмоқчи бўлса, бу яхши. Аммо у кейинчалик маоши қисқариб боришига ҳам кўникиши керак. У аллақачон дунёнинг энг бой спортчиларидан бирига айланган, Лео пулга муҳтож эмас», деган у.

Лекин «Сити» футболчининг ёшига эътибор қилмоқчи эмас ва таваккал қилишдан қочмайди. Журналист Марсело Бехлер твиттердаги саҳифасида инглизлар клуби Мессининг тақдимотига тайёрланаётгани ҳақида ёзди. «Шаҳарликлар» йирик компания билан боғланиб, махсус видеоролик тайёрлаш учун Леонинг архив кадрларини сўраган.

Мессини яна кимлар кутмоқда?
Испания, Англия, Италия ва Франциядаги спорт нашрлари ушбу форварднинг бўлажак клуби ҳақидаги инсайдлар борасида мусобақалашмоқда.
— «Интер»: Италиядаги клублар ҳам сахий, бу ерда энг юмшоқ солиқ сиёсати амал қилади, бу ерда Роналду бор, Лионелнинг отаси эса яқинда Миланда уй сотиб олганди.

— «ПСЖ»: Парижда Неймар кутмоқда, бу клуб эгалари ҳам сахийликда қолишмайди, аммо манбаларнинг ёзишича, молиявий фейр-плей туфайли шайхларнинг ушбу харидни амалга оширишга кўзлари етмаяпти.

— «Манчестер Юнайтед»: бу клубда ҳам етарлича ресурслар мавжуд, қатор манбалар ушбу клубни аргентиналик юлдуз учун курашда фаворит санамоқда, шунингдек, Лионелнинг отаси билан музокаралар ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Яна «Челси» бор, болаликдаги орзу «Ньюэллз Олд Бойз» бор, «Ювентус»да Криштиану Роналду билан орзулар жамоасини тузиш бор (лекин туринликлар ва «Бавария» бу рақобатга киришишга шошилмади). Яна турли даражадаги вариантлар бор.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Месси «Барселона»да
- 16 мавсум;
- 731 расмий ўйин, 634 гол ва 256 голли узатма;
- 55 ўртоқлик ўйини, 36 гол ва 26 голли узатма;
- 34 соврин (10 карра Испания чемпионлиги, 4 карра ЕЧЛ ғолиблиги - сўнггиси 2015 йилда);
- 6 «Олтин тўп» ва бошқа индивидуал совринлар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)