21:55 / 02.10.2020
2 242

"Бунёдкор"дан кетишига шаъма қилган Вадим Абрамов бор эътиборини терма жамоага қаратмоқчи

"Бунёдкор"дан кетишига шаъма қилган Вадим Абрамов бор эътиборини терма жамоага қаратмоқчи
Осиё Чемпионлар лигаси ва Суперлигамиздаги ўйинлардан сўнг энди эътиборимизни миллий терма жамоамизга қаратамиз. Негаки, 3-16 октябрь кунлари Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги термамиз ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади ва мазкур тайёргарлик жараёнида Эрон ҳамда БААга қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказилади. Шу сабабли Вадим Карленович sports.uz мухбири билан суҳбатда бўлди ва бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- 3-16 октябрь кунлари миллий терма жамоамизнинг йиғини ташкил этилади ва унга кўра Ўзбекистоннинг Эрон ҳамда БААга қарши ўйинлар бор. Мазкур учрашувлардан нима кутяпсиз?
- Хабарингиз бор, юзага келган пандемия туфайли ФИФА терма жамоаларнинг расмий ўйинларини кўчирди. Бунинг эвазига ФИФА ўртоқлик учрашувларини ўтказиш учун имконият берди. Бу билан терма жамоаларнинг муносиб тайёргарлик кўриши назарда тутилган. Ахир жиддий баҳсларга ўртоқлик ўйинларисиз қандай тайёргарлик кўриш мумкин? Ўзингиз билиб турибсиз, пандемия сабабли кўплаб чемпионатлар тўхтатиб қўйилганди.

Энди мавжуд имкониятдан фойдаланиб ўртоқлик учрашувларида иштирок этамиз. Ўз навбатида, олдимизда турган ўйинлар бизга янги ўйинчиларни яна бир бор синаб кўриш имкониятини берди. Рақибларимиз эса анча жиддий. Юқори савиядаги термаларга қарши ўйинлар албатта фойдали бўлади. БАА ҳам, Эрон ҳам Осиёда ўз ўрнига эга ва қитъамизнинг етакчилари қаторида эътироф этилади.

- Бўлажак ўйинлар учун чақирилган футболчилар рўйхатини кўрдик, уларнинг орасида легионерлар ҳам бор. Ўзингиз хоҳлаган барча футболчиларни чақирдим, деб бемалол айта оласизми?
- Ушбу йиғинимизга ўзимиз хоҳлаган деярли барча ўйинчиларимизни чақирдик. Фақат Хитой чемпионатида ўйнаётган легионерларимиз билан боғлиқ айрим муаммолар бор эди. Пандемия туфайли легионерларимизнинг келиб-кетиши қийинчилик туғдирмоқда. Шу сабабли Одил Аҳмедов билан Ислом Тўхтахўжаевни йиғинга жалб қила олмадик.

- Вадим Карленович, хабарингиз бор, Элдор Шомуродов Италия А серияси қатнашчиси “Женоа” аъзосига айланди. Бизнинг футболчимиз ушбу чемпионатга қанчалик мос тушади деб ўйлайсиз?
- Албатта, Элдор Шомуродов Италия А сериясида бемалол ўйнай олади, бунга шубҳа қилмайман. Нима учун ўзини кўрсата олмаслиги мумкин? Ахир Италия, Англия ёки бошқа чемпионатларда тўп сураётган футболчилар бошқача инсонлар эмас-ку?! Шундай экан, 100 фоиз ишонаманки, Шомуродов Италия чемпионатида ўйнаб кетади. Мен учун энг муҳими шундаки, Элдор терма жамоамиз манфаати учун доимо ўйин амалиётига эга бўлиши шарт. Бу бизга керак. Албатта, футболчимизда ўзига нисбатан руҳий ишонч ҳам юқори бўлиши керак. Ана шунда термамиз учун янада фойдали бўлади. Шомуродов шунчаки қоғоздагина Италияда ўйнаяпти, деган гаплар бўлмайди. Яна қайтараман, биз учун биринчи навбатда унинг ўйин амалиёти муҳим.

- Ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ демоқчисизда-а?
- Асосийси, Шомуродовда потенциал бор. “Женоа” шунча пулни бежизга сарфлагани йўқ. Улар нима қилаётганини яхши билишади. Шундай экан, италияликлар Элдорни кузатишган ва уни шунчаки таклиф қилишмаган. Агар терма жамоамиз ҳам яхши ўйнаб турса, нафақат Элдор, балки бошқа ўйинчиларимизни ҳам четга кетиш имкониятлари ошиб бораверади. Шунинг учун кўп нарса терма жамоанинг қандай ўйин кўрсатишига ҳам боғлиқ. Ана шунда боя айтганимдек, футболчиларимизга четдан қизиқишлар кўпаяди.

- “Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигасининг чорак финалида юришини тўхтатди. Чемпион жамоамизнинг иштирокини қандай баҳолайсиз?
- Ҳа, “Пахтакор”нинг чорак финалда мағлубиятга учрагани ачинарли бўлди, албатта. Афсуски, Жалолиддин Машарипов жуда эрта қизил карточка сабабли майдонни тарк этиб, жамоасини мураккаб аҳволга солиб қўйди. Аслини олганда, Машарипов қўпол ўйинчи ҳисобланмайди. Аммо ўша ўйинда шундай вазият бўлиб қолди. Натижада унинг йўқлиги “Пахтакор”га катта таъсирини ўтказди. Аммо “Пахтакор” чемпионлар лигасида муносиб ўйин кўрсатди.

Биласиз-ку, “Пахтакор” таркибида миллий терма жамоа ўйинчилари кўп. Мен биринчи навбатда уларнинг жисмоний ҳолатини кўришим керак. Айниқса, руҳий ҳолатини билиш муҳим. Масалан, Машариповнинг ҳозирги руҳий ҳолати қандайлигини билишимиз керак. Лекин профессионал футболчи ҳаммасини тезда унутиши ва кейинги ўйинларга муносиб тайёргарлик кўриши лозим. Тўғриси, бундай мағлубиятларни мураббийларга қараганда футболчиларга унутиш осонроқ кечади. Бундай паллада мураббийларга қийинроқ бўлади.

- Айни пайтда “Пахтакор” чемпионатимизда яна яққол пешқадамлик қиляпти. Кўпчилик эса бу мавсумда ҳам “Шерлар”нинг чемпион бўлишига ишонмоқда. Бу масалада сизнинг фикрингиз қанақа, клуб чиндан ҳам чемпионликни ҳеч кимга бериб қўймайдими?
- Ҳа, мен ҳам фикрингизга қўшиламан. Жадвалдан ҳам кўриниб турибдики, “Пахтакор” яққол пешқадам. Аммо шуни ҳам айтишим керакки, бир томондан қараганда, бу “Пахтакор” учун минус. Тўғри, бу клуб ўз сафида Ўзбекистоннинг энг кучли футболчиларини йиғиб олган.

Ҳеч ким улар билан тенг кела олмаяпти. Менимча, бундай ҳолат жамоага у қадар фойдали эмас. Чемпионатимизда бошқалардан кўра, бир бош устунлик қилиши мумкин, аммо халқаро майдонларда қийин бўлади. Чемпионатимизда эса интрига бўлиши керак. Агар Суперлигамизда “Пахтакор”га ва бошқаларга қанча кўп рақобатчи бўлса, бу савиямизнинг янада ўсишига хизмат қилади. Рақобат туфайли ўсиш кузатилса, бундан терма жамоамиз ҳам ютади ва бу ерда ҳам рақобат бундан-да кучаяди.

- “Бунёдкор”даги ишларингиз қандай? Клубда нимадандир қониқмаётган жиҳатингиз ҳам борми?
- Тўғри, “Бунёдкор”да бироз муаммолар бор. Мен бу ҳақида олдин гапирганман, шунинг учун яна шу мавзуга қайтмоқчи эмасман. Йил охиригача ишлайлик-чи, кейин кўрамиз. Ўз-ўзидан кўпроқ эътибор миллий терма жамоага қаратилади. Негаки, келаси йилда олдимизда жиддий вазифалар турибди. Шу сабабли бор эътиборимизни термага қаратмасак бўлмайди. “Бунёдкор”даги фаолиятимни мавсум охиригача давом эттираман.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Бунёдкор"дан кетишига шаъма қилган Вадим Абрамов бор эътиборини терма жамоага қаратмоқчи