21:17 / 08.10.2020
1 498

Драган Скочич: "Ўзбекистон ҳам яхши ўйин кўрсатди"

Драган Скочич: "Ўзбекистон ҳам яхши ўйин кўрсатди"
Бугун бўлиб ўтган Ўзбекистон - Эрон ўртоқлик учрашувидан кейин матбуот анжумани ташкил этилди.
Бунда иштирок этган эронликлар бош мураббийи Драган Скочичнинг фикрлари қуйидагича бўлди.

- Биринчи навбатда ҳар икки мамлакат футбол федерацияларига ҳозирги қийин вазиятда ушбу ўйинни ташкил этиб беришгани учун раҳмат айтаман. Бугунги ўйинга футболчиларимизни йиғиш осон бўлмади. Албатта, маҳаллий ўйинчилар билан бу борада муаммо бўлгани йўқ, аммо Европадан бир амаллаб етиб келган футболчиларга ҳам раҳмат айтмоқчиман.

- Бизда ушбу учрашувга тайёргарлик кўриш учун жуда қисқа вақт бўлди: жамоа билан атиги 2 бор учрашиб битта машғулот ўтказдим. Биринчи таймда икки хил тактикада ўйнашимизга тўғри келди, кучли ва кучсиз томонларимизни кўриб олдик. Иккинчи бўлимда ўйинимизни ўзгартирдик, 6 нафар футболчи захирадан майдонга тушди. Мен йигитлардан чиройли ўйин кутгандим ва шундай бўлди ҳам. Ғалабадан хурсандман. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам яхши ўйин кўрсатди, бизга кўп босим келтирди.

- Биламизики, Эрон терма жамоаси азалдан ҳимояда яхши ўйин кўрсатиб келган. Бугунги баҳсда жамоангизнинг ҳимоя чизиғи ҳақида нима дея оласиз?
- Аввало шуни айтишим керак, биз ҳимоявий ўйин кўрсатмадик. Жамоам имкон қадар ҳужум уюштирди. Чунки бир нечта вазиятларни юзага келтирдик. Шунингдек, рақиб ҳам яхши ўйнаганни айтиб ўтишим керак. Лекин ўйинимизни ҳимоявий дея олмайман. Эътибор беринг, 4-1-4-1 тактикаси бўйича ҳаракат қилдик, бу ҳужумкор услуб дегани. Қанотлардан ҳам кўп ҳужум уюштирдик. Мен одатда жамоам гол уриши учун қулай тактикани белгилайман. Ўртоқлик ўйинларида шуни синаб кўрмасангиз қачон синайсиз. Расмий ўйинларда 4-2-3-1 тактикасини маъқул кўраман.

- Кеча ўтказилган Ўзбекистон - Эрон футзал терма жамоалари ўртасидаги баҳсда эронлик футзалчилар қўлида қора белбоғ йўқ эди. Лекин бугун футболчилар қора лента тақиб тушишди. Бунинг сабаби нимада?
- Бу менга тааллуқли савол эмас, узр.

- Сизнингча, Элдор Шомуродов билан Сардор Азуман ўртасидаги фарқ нимада?
- Бир неча кун олдин Шомуродов Италия клубига ўтганини биламан. Унинг бугунги ўйини менда яхши таасурот қолдирди. Сардор Азмун ҳам Европанинг энг кучли клубларидан бири "Зенит"да ўйнаяпти. Ҳар иккаласи яхши ҳужумчи.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)