00:30 / 10.10.2020
3 808

Ҳамиджон Актамов: Абрамов ва Нестеров ўртасида совуқчилик бор

Ҳамиджон Актамов: Абрамов ва Нестеров ўртасида совуқчилик бор
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эронга бой берган ўйини ҳақида мулоҳазалар билдирилишда давом этмоқда. “Қизилқум” клубининг бош мураббийи Ҳамиджон Актамов эса sports.uz мухбири билан суҳбатда терма жамоамизнинг ўйини борасида ўзининг очиқ ва дангал фикрларини айтди.

- Ҳамиджон ака, миллий терма жамоамизнинг Эронга қарши учрашувида дарвозабонимизга нисбатан танқидий фикрлар кўп айтилмоқда. Унинг ўрнига жамоангиз шарафини ҳимоя қилаётган Игнатий Нестеровнинг қайтарилишини хоҳламоқдалар...
- Мен ҳам қўшиламан. Лекин футболда бундай хатолар бўлиб туради. Суюнов жиддий хатолар қиладиган футболчи эмас, аслида. Лекин футболнинг ичида ҳамма нарса бўлади. Яна бир томони борки, “Пахтакор” кучли рақибларга қарши кам ўйнаган. Натижада дарвозабонлар у қадар жиддий ҳужумларга дуч келмаган. “Пахтакор”нинг ҳимоя чизиғи ҳам кучли. Ўйлайманки, шу ҳолат Суюновни бироз бўшаштириб қўйди. Менимча, “Пахтакор” ўйнаяпти, деб ўйлаган (кулади). Лекин у ҳам ажойиб посбон. Суюнов ёмон, Нестеров яхши, дея олмайман. Орада анча танаффус бўлгани учун Элдор бунақанги катта ўйинларга энди чиқяпти. Шунинг учун уни тўлиқ тайёр эмас, деб ўйлайман.

- Нестеровни терма жамоага чақирилмаётгани сизни ажаблантирмаяптими? Ўзи у термада ўйнашга тайёрми?
- Нестеров жаҳон термасида ўйнашга тайёр! Ўзи билан ҳам гаплашганман. Нима учун чақирмаётганлигини ўзидан сўраб беришим ҳам мумкин. Гапнинг очиғи, Абрамов билан Нестеровнинг ўртасида совуқчилик бор.

- Умуман олиб қараганда, терма жамоамизнинг Эронга қарши ўйини сизда қандай таассурот қолдирди?
- Ўйинимизда ҳеч нима кўринмади. Ўзимизни Суперлига клубларимизга қарши ўйинга тайёрлангандек бўлишдими, қандай таркиб қўйди, ҳаммаси мураббийнинг фикри, натижа учун у жавобгар. Лекин ўйиндан хафа бўлдик. Тўғри, Элдор Шомуродов гол урди, лекин кутилмаганда бўлди. Мен фақат кўрганларимни айтяпман.

- Демак, терма жамоамизда муаммоларимиз кўп, тўғрими?
- Ҳа. Керакли, меҳнат қиладиган бошқа футболчилар ҳам чақирилмаяпти. Кўзи ёнадиган ўйинчилар четда қолиб кетяпти. Шундан ранжидим.

- Масалан, кимларни назарда тутяпсиз?
- Буни айта олмайман. Бироқ термага жалб этилганларнинг ярми ўзи учун ўйнаяпти. Бирортасида кўзи ёниш, ватанпарварлик руҳини сезмадим. Биргина Элдор Шомуродов нимадир қилиш учун ҳаракат қилиб кўрди. Бошқасида эса, фидойиликни кўрмадим. Ватан шаъни учун ўйин бўлаётганида бошқача ҳаракат қилиш лозим. Бу ўртоқлик бўладими ёки расмийми, муҳими терма жамоа ўйнаяпти. Ахир ўртоқлик беллашуви бўлгани билан буни рейтингга таъсири бор-ку. Балки яна бошқа легионерларимиз келмагани ҳам таъсир қилдими, билмадим.

- Одил Аҳмедовнинг йўқлиги билинди, демоқчимисиз?
- Одил Аҳмедовнинг йўқлиги ёки борлиги ҳақида гапирганим йўқ. Фақат кечаги ўйинда футболчиларимизда кўзи ёниш, азарт ва шижоатни кўрмадим.

- Фикрингизча, терма жамоамизнинг асосий муаммоси нимада?
- Асосий муаммо руҳиятда. Руҳшуносларимиз йигитларни ўйинга тайёрлай олмаяпти.

- Мураббий руҳшунос дегани-да?!
- Йўқ, ҳар бир жамоанинг ўз руҳшуноси бор. Мураббий эса ўзининг кўрсатмасини беради. Ишлаш керак, футболчилар билан гаплашиш лозим. Ҳамма нарса биринчи синфдан бошланади. Бугун ўртоқлик ўйинида шундай ўйнасак, эртага расмий учрашувда қандай ўйнаймиз? Ҳар бир беллашувда азарт бўлиши керак. Ҳаттоки, машғулотларда шу нарса сезилиши даркор. Футболчиларга кўпроқ мотивация бериш керак.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳамиджон Актамов: Абрамов ва Нестеров ўртасида совуқчилик бор