2 499
"Женоа"га ўтиш, 61-рақам, Карпиннинг ҳазили ва рад этилган таклифлар". Элдор Шомуродов билан катта интервью
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Италиянинг "Женоа" клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россиянинг sport24.ru нашрига интервью берди. Қуйида интервьюни ўзбек тилида тақдим этамиз.
— "Женоа" билан шартнома тузгач терма жамоа ихтиёрига учиб кетдингиз. Ҳозир қаердасиз?
— Истанбул аэропортида. "Женоа"дан ЎФАга мурожаат қилишди ва мени вақтлироқ қўйиб юборишларини сўрашди. Бунга рози бўлган терма жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ва бутун штабга раҳмат айтаман. Албатта, агар расмий ўйинлар бўлганида терма жамоадан бунчалик вақтли кетмасдим.
— "Женоа"га ўтиш қандай содир бўлди?
— Барчаси жуда тез бўлди. Қаҳҳор қўнғироқ қилди (Қаҳҳор Мўминов — ProSport Management вакили) ва шундай вариант борлигини айтди. Мен дарҳол рози бўлдим. Ёшлигимдан Европада ўйнашни орзу қиламан. Бошидан шунга интилардим. Қайси давлат ёки қайси клубда фарқи йўқ, шунчаки ўзимни ўша ерда синаб кўрмоқчи эдим.
— Россияда ўйнаётган кўпчилик охиригача МЮ ёки "Барса"дан таклифни кутишади. Топ-клуб бўлмаса яхшиси Россияда қолган маъқул дейишади.
— Сенга топ-клуб таклиф юборишини кутишдан маъно йўқ. Вақт йўқотилгани қолади холос! Мен ҳам "Ростов"да қолишим мумкин эди, бу ерда барчаси менга ёқарди, ўзимни қулай ҳис қилардим. Аммо миямда Европа орзуси айланаверарди. Шу боис имконият бўлиши билан унга рози бўлдим.
— Сўнгги паллада сизга "Верона" ва "Фиорентина" ҳам қизиқаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Бу вариантларни ҳам кўриб чиқдингизми?
— Буни интернет орқали ўқидим. Ўша пайтда "Женоа" билан сўнгги деталларни ҳал қилаётгандик. Бошқа вариантлар ҳақида ўйламадим.
— Ёзда бошқа давлатлардан таклифлар бўлдими?
— Испаниядан бўлди. Бельгиядан "Генк" қизиққанди. Шу йил бошида эса "Штутгарт"дан таклиф бўлганди.
— "Женоа" варианти пайдо бўлгач Карпин нима деди?
— Унга дарҳол ўзимни синаб кўрмоқчилигимни айтдим. У шундай жавоб берди: "Футболчи сифатида сени тушунаман, аммо мураббий сифатида кетишингни хоҳламайман — менга "Ростов"да кераксан". Бироқ раҳбарият рози бўлса бу трансферга қарши бўлмаслигини айтди. Унга ва клубга орзум ушалиши учун ёрдам беришганига раҳмат айтаман.
— Хайрлашув видеосида Карпин сизга "йиғлама" деди. Ростан кўзингизга ёш келдими?
— Тан оламан кўзларимга ёш келди. Бир томондан нимага интилган ва нимани орзу қилган бўлсам ўшалар ушалаётганини ҳис қилардим, бошқа томондан эса кетиш оғир эди.
— Карпин сизга инстаграмда: "Арзимайди, қийшиқоёқ" деб ёзганига қандай реакция бўлди?
— Барчаси жойида, ҳа-ҳа! Бу ҳазил эканини тушундим. Машғулотлар вақтида кўпинча шундай сўзларни эшитардим ва барчаси жойида эди. Карпин билан доим муносабатларимиз аъло даражада бўлган. Масалан, кетишимдан олдин Валерий Георгич кулиб: "Сен қийшиқоёқни ким ҳам бунчалик кўп пулга сотиб оларди?!" деганди.
— "Спартак"да Карпиннинг ҳазилларига кўпчилик хафа бўларди.
— Мен ҳазилни тушунаман. Аммо Георгич билан кўпинча жиддий, ҳатто кескин суҳбатлар бўларди. Уни доим рост гапиргани учун ҳурмат қиламан. Унга ҳатто нима деб жавоб беришни ҳам билмасдим: Карпин ўзи ҳам футбол ўйнаган, шу боис айтганларини тўғри бажаришга интилардим.
— "Женоа"да 61-рақамни олдингиз. Бу Ростов вилоятининг регионал коди.
— Бу таклифни дўстим айтди. "Агар рақамни танлаб улгурмаган бўлсанг 61-рақамни ол — бу Ростов вилояти коди, мухлислар хурсанд бўлишади" деганди. "Женоа"да 14-рақам банд эди, шу боис "Ростов" мухлислари ва клубга миннатдорчилик рамзи сифатида 61-рақамни олдим.
— Сиздан Роналдудан кўпроқ гол урасизми деб сўрашганди. Келинг бироз даражани пасайтирамиз: Миранчукдан кўпроқ гол ура оласизми?
— Гол уриш учун рақобатда ғолиб бўлиш керак. Менинг биринчи мақсадим — асосий таркибда муқим жой эгаллаш. Голлар сонини кейин санайверамиз.
— Айтайлик "Зенит" "Женоа" берган пулдан кўпроқ берганида. Барибир Италияга кетармидингиз ёки Россияда қолармидингиз?
— Барибир кетардим, сабаби агентимга доим бир гапни айтардим: Биринчи навбатда Европа, кейин бошқалар. Бунгача менда Қатар, Саудия Арабистони ва Хитойдан таклифлар бор эди, аммо уларни ҳатто кўриб чиқмаганман. Пуллар — энг асосийси эмас.
— "Женоа"даги маошингиз "Ростов"дагидан кўпроқми?
— Ҳа.
— Кўпчилик хайрон қолди: "Италия клуби 8 ой ичида 3та гол урган ҳужумчини нима қилади" дейишди. Сермаҳсуллик нима учун бунчалик пасайиб кетганига қандайдир сабаб борми?
— Бу жуда қийин савол. Нима десам ҳам баҳонадек туюлади… Менимча карантин кўп нарсага таъсир қилди. Бизни алоҳида хоналарга қамаб қўйишди — фақат у ерда велосипед айлантириш ва пресс қилиш мумкин эди холос. Бу барчага турлича таъсир қилди: кимдир тезда жисмоний ҳолатини яхшилади, аммо менда бу жараён узоқ давом этди.
— Карпин Шомуродов уйлангани сабабли кам гол урмоқда деганди.
— Ҳамма уйланадику! Демак барчада пасайиш бўладими, ҳа-ҳа! Ўйлашимча бу нарса таъсир қилмади.
— Амина билан қачон танишиб қолгансиз?
— Тўйимдан икки ойча олдин.
— Эҳҳе.
— Ҳа. Уйланишим керак деб ҳисобладим. Турмуш ўртоқ изладим ва топдим.
— Европани орзу қилардим дедингиз. Ёшликда Италияда ўйнашингизни тасаввур қилармидингиз?
— Орзу қилардим, аммо тасаввур қилолмасдим. Россия чемпионати юлдузларини ҳам яқин-яқингача фақат ТВ орқали томоша қилардим! "Ростов"га келганимда "Зенит"га қарши майдонга тушганим ёдимда. Ўшанда Бранислав Иванович питерликлар сафида ўйнарди. Мен эса ёшлигимдан "Челси" мухлисиман — унга қараб нималар содир бўлаётганини англай олмасдим. Ўзбекистонда академияда ўқиб юрганимда унга мухлислик қилардим.
— Бунгача А Серия ўйинларини томоша қилармидингиз?
— Ростини айтсам футболни камдан-кам кўраман. Фақат ЕЧЛ бўлса кўраман. Ёки "Челси" ўйинларини томоша қиламан.
— Футболга қандай кириб келгансиз?
— Мен футбол оиласида туғилганман. Дадам, икки амаким ва акам — барчаси футболчи бўлган. Бобом эса мураббий эди. Дадам ҳам ҳужумчи бўлган. Эслай олмайману, айтишларича Биринчи лигада яхши ҳужумчи бўлган эканлар. Бу Россияда ФНЛ билан бир хил даража. Жароҳатлар туфайли фаолиятини эрта якунлаган. Илҳом амаким "Насаф" билан ОФК Кубогини қўлга киритган, "Бунёдкор" билан Ўзбекистон кубогини ютган. Олти ёшдан футболга боришни жуда истардим, аммо фақат биринчи синфдан олишарди. 7 ёшга тўлгач футболга борганман. 12 ёшимда эса "Машъал" академиясига олиб боришган. Бу Ўзбекистондаги биринчи рақамли академия.
— "Челси"га қандай меҳр қўйгансиз?
— Билмайман. Менимча ёшлигимда "Челси" футболкаси бўларди — шундан бошланган бўлса керак. Фернандо Торрес ва Дрогбанинг ўйинларини маза қилиб кўрардим.
— Ўзбекистонда Ривалдони майдонга олиб тушган экансиз.
— "Машъал" академиясида ўйнаб юрганимда, асосий жамоада Илҳом амаким ўйнарди. Доим у билан бирга майдонга тушардим. Аммо бир кун "Бунёдкор" футболчилари билан тушишимиз кераклигини айтишди. Ўша пайтда "Қурувчи" деб номланарди. Ўзимга рақиб футболчиларидан бирини танлаш керак бўлса фақат Ривалдо дедим. У билан майдонга чиқиб келганимда жуда ҳам қаттиқ ҳаяжонланганман!
— Ўзбекистондан Италияга учиб кетингиз. Юртингизга кейинги сафар борганда "Женоа"нинг нечта футболкасини олиб борасиз?
— Тасаввур ҳам қилолмайман. Менимча катта сумка бўлса керак. Аммо кўп нарса қандай ўйнашимга боғлиқ. Агар яхши ўйнасам — катта чемодан ҳам етмайди. Ёмон бўлса ҳеч ким менинг футболкамни олмайди.
sport24.ru сайтидан Нарзулла Сайдуллаев таржимаси
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас