19:43 / 12.10.2020
5 040

"Газини бос Шома!" Италияликлар Ўзбекистон ўйинини кузатмоқда

"Газини бос Шома!" Италияликлар Ўзбекистон ўйинини кузатмоқда
Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинининг бир қисмида иштирок этган Элдор Шомуродов “Женоа” сўровига кўра, муддатидан олдин ортга қайтди. Sports.uz портали мухбирлари Италияга етиб борган Элдор Шомуродовдан ўзбекистонлик мухлислар учун интервью беришини сўраб мурожаат қилганди. Бироқ, ҳужумчимиз узр сўраган ҳолда, интервью бериш учун қоидага кўра, раҳбариятдан расман рухсат олиши кераклигини ва ҳозирча, шошмай туришни илтимос қилди.

Шундай бўлса-да, биз Элдор Шомуродов атрофидаги янгилик ва воқеалар ҳақида маълумот беришни давом эттирамиз.

Биринчи навбатда “Женоа” клубининг расмий сайти Элдор Шомуродовнинг номи ва 61-рақами туширилган футболкалар учун Марказий Осиё мамлакатларидан буюртмалар тушаётгани ҳақида хабар тарқатганини айтиш жоиз. Бундан ташқари, клуб бу футболкаларни генуяликларнинг электрон савдо портали орқали қўлга киритиш мумкинлигини ҳам маълум қилди. “Женоа” сайти Элдор минтақанинг ҳақиқий юлдузига айланганини алоҳида тилга олган.

Бундан ташқари, италиялик футбол мухлислари Элдор Шомуродов имкониятлари билан яхшироқ танишиш мақсадида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эронга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувини томоша қилди ва ўйиндан сўнг, улар “Женоа”нинг янги ҳужумчиси ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Италияликларга Шомуродовнинг рақиб дарвозасини ишғол қилгани жуда маъқул келди.

Эътиборингизга мухлисларнинг фикрларини ҳавола этамиз.

Andrea Conti:
Гол ургани зўр бўлди. “Женоа” футболчисига айланиши билан тўпурарлик муҳоратини тиклаб олди. Энг муҳими, гол уришни А Серияда ҳам давом эттириш керак!

Roberto Boveri:
Ажойиб! Статистикага қараб, айримлар уни омадсиз трансфер, деганди. Ўйинига қарасангиз, бу футболчининг зарбаси кучли, ўзи тезкор эканини кўрасиз. Гол унинг ўзига бўлган ишончини оширади.

Giampiero de Caro:
Хурсанд бўлишга бироз эрта. У Осиё мамлакатлари терма жамоалари – Ўзбекистон ва Эрон ўйинида гол урди. Россия чемпионатида гол уролмаганди. Шунга эътибор бериш керак.

Giacomo Sobrero:
Бизда ўз терма жамоасида зўр ўйнаб, А Серияда “йўқолиб” қолган футболчилар ҳам кўп бўлган.

Alessandro Di Maio
Энди Шомуродовнинг трансферини хато, деб бўлмайди. Унинг голи менга умид бағишлаяпти!

Tommy Genoa:
Футболчида Россия чемпионатида ўйнаш иштиёқи қолмаган экан. Бу йил Элдор чемпионат миқёсида бирорта гол урмади. Лекин халқаро майдонларда рақиблар дарвозасини ишғол қилмоқда. Аввалига Европа Лигасида, кейин терма жамоада гол урди.

Valerio Mita:
Шомуродов терма жамоада доим кўп гол урган. Охирги бешта ўйинда еттита тўп киритди. Клубда бундай бўлмади. Терма жамоа ва клуб ўйини фарқ қилади. Шомуродов Фаластин, Саудия Арабистони, Сингапур, Яман ва Эрон дарвозасини ишғол қилди. Элдор бундан кейин ҳам терма жамоада сермаҳсул ўйин кўрсатишига ишонаман. Лекин А Серияда бу осон бўлмайди.

Matteo Lagostena:
Газини бос “Шома”! Биз сенга ишонамиз! Пандев бизга қарилик қиляпти, унинг ўрнини эгаллашинг керак!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Газини бос Шома!" Италияликлар Ўзбекистон ўйинини кузатмоқда