19:30 / 03.12.2020
3 633

Юрий Саркисян: Ҳаммасига "Нефтчи"нинг ўзи айбдор, агар ютишни истаганида "Турон"га ҳеч қандай имкон қолдирмасди

Юрий Саркисян: Ҳаммасига "Нефтчи"нинг ўзи айбдор, агар ютишни истаганида "Турон"га ҳеч қандай имкон қолдирмасди
Ҳамон “Нефтчи” – “Турон” ўртасидаги ўйин муҳокамаларнинг юқори даражасида бўлиб турибди. Бу борада ПФЛ ҳам, ЎФА ҳам расмий баёнот билан чиқди. Ўйинда рўй берган вазиятлар жиддий ўрганиб чиқилмоқда.

Барибир “Нефтчи”нинг футболимиздаги обрўсига жиддий путур етгани ҳақида кўпчилик гапиряпти. Ҳеч кимга сир эмас, “Нефтчи”нинг “Нефтчи” бўлишида ўша машҳур Юрий Саркисяннинг меҳнатлари улкан бўлган. Бироқ клубнинг афсонавий мураббийи кетганидан сўнг, “Нефтчи”дан файз ҳам кетди. Натижада жамоанинг бугунги аҳволи ўзингизга маълум.

Ўша ўйин куни мезбонларнинг қилиғини ҳамма кескин қоралаяпти. Биз эса Юрий Вазгенович билан алоқага чиқдик. Бунга сабаб ўша ўйин билан боғлиқ эди. Шунинг учун унинг собиқ жамоаси ҳақидаги фикрларини билишга қизиққандик. Бироқ аввалига мутахассис бироз розилик бермагандек бўлди:

- Ҳафсалангизни пир қилмоқчи эмасману, бугунги кунда “Нефтчи”га ҳеч қандай алоқам йўқ. Шундай экан, бу борада сизга ҳеч нарса айта олмайман. Билсангиз керак, у ерга етти йилдан бери бормай қўйганман, - дея гап бошлади, Саркисян.

- Аммо Юрий Вазгенович, сизнинг бу жамоада қилган меҳнатларингизни ҳеч ким такрорлай олмайди, ахир “Нефтчи”да қанчадан-қанча ғалабаларга эришдингиз, ҳаётингиз ўша клуб билан боғлиқ бўлган. Шундай экан, собиқ жамоангизга бефарқ эмаслигингизни яхши биламиз ва бу борадаги ҳар қандай фикрингиз ҳаммани қизиқтириши аниқ.
- Хўп, менинг “Нефтчи” ҳақидаги фикримни сўрамоқчи бўлаётган экансиз, майли, ўз мулоҳазаларимни айтмоқчиман: “Нефтчи” учун афсусдаман, клуб боз устига уятга қолди, ўша воқеа туфайли. Бундай йўл тутишлари керак эмасди. Вилоятдаги энг машҳур клуб ва мухлислари томонидан шундай ишни амалга ошиши ҳар қандай кишига эриш туюлмасдан қолмайди. Энди бўлиб ўтган ишдан кейин улар жуда ҳам мураккаб аҳволда қолдилар.

- Мухлислар эса “Нефтчи”га сиз етишмаётганингиз ҳақида ҳам гапирмоқдалар. Бу клубни соғиндингизми?
- Нокамтарликка йўймангу, бу каби фикрларда жон бор, аслида. Бутун умр Фарғонада яшадим, “Нефтчи”нинг юқори марраларга чиқиши учун бор кучимни ишга солдим. Ҳар бир кишининг ўз тақдири бўлади. Ҳаётимнинг салмоқли қисми “Нефтчи” билан боғлиқ бўлди. Бундан афсусланмайман. Ахир жамоа билан ҳар қандай киши фахрланишга арзийдиган натижаларга эришдим.

- Афсуски, жамоанинг мавқеи ҳам олдингидек эмас. Сизнингча, “Нефтчи” нима учун Суперлигага чиқа олмаяпти?
- Менинг фикрим нима ҳам бўларди, яхшиси, бу саволни клубни бошқараётган мураббийларга берганингиз маъқул. Ахир айнан улар натижа учун жавобгарлар. Клубда 27 йил ишладим. Шу вақт ичида кўплаб соврин ва унвонларга эришдик. Мендан кейин “Нефтчи”ни бошқарганлар қандай каромат кўрсатишди? Бир жамоада узоқ ишлаш борасида машҳур мутахассис Сэр Алекс Фергюссондан асло қолишганим йўқ. Нима ҳам дейишим мумкин: узоқ вақт тинимсиз меҳнатим сингган жамоанинг бугунги аҳволи учун албатта ачинаман.

Одамлар турли тоифаларга мансуб бўлишади. Кимдир бир жойда борини бериб узоқ ишлайди, кейинчалик унинг ўрнига келганлар меросни асрай билмайдилар. Биласизми, “Нефтчи”дан кетган чоғимда ўрнимга келганлар шундай дейишганди: биз клубни Саркисяндан ҳам кўра зўр бошқаришимиз мумкин! Улар жамоани нафақат Осиё, балки жаҳонда ҳам етакчи ролга олиб чиқамиз, деб жар солишганди. Умуман шуни сўрамоқчиман: улар Европада бўлишганми ва Европа футболи қандайлигидан хабардорларми?

- Барибир Фарғонага катта футбол қайтяпти. Суперлигада бу вилоятдан энди “Қўқон-1912” билан “Турон” қатнашади. Бироқ вилоятнинг бош жамоаси ҳисобланган “Нефтчи” ҳали ҳам вазифани бажара олмаяпти. Бу сизни ранжитяптими?
- Боя “Нефтчи” учун ҳар доим ачинаётганимни айтиб ўтдим. Албатта, “Нефтчи”ни бугунги кунда шундай аҳволда кўришдан юрагим оғрийди. “Нефтчи”дан етти йил олдин – 2013 йилда кетганман. Ўшандан бери жамоани 8 нафар мураббий бошқарди. Бу каби саволни мураббийларни ишга олаётганлардан сўраганингиз маъқулроқ, назаримда. Футболда мана шундай ёзилмаган қоида бор: жамоа ютади, мураббий эса ютқазади. Улар ҳаммаси учун жавоб беришлари керак.

Клубда ишламаётганим туфайли уларга ишни мана бундай қилишингиз керак, дея олмайман-ку. Агар ишлаган тақдиримда менга шундай масала юзасидан мурожаат қилганларида нима қилишни албатта тушунтирардим. Ўзгаларнинг ишига аралашишни ёқтирмайман. Бу менинг принципларимга тўғри келмайди. Албатта, бир пайтлар ўзим устозлик қилган йигитларнинг “Нефтчи”да ишлашидан хурсанд бўлиб, улар учун қайғураман. Нима ҳам қила олардим, бўлар иш бўлиб ўтди.

- Умуман айтганда, ўша ўйинни кўрдингизми? Қандай фикрдасиз?
- Албатта, ўйинни кўрдим. Шунчаки, “Нефтчи”нинг омади чопмади. Роса Суперлигага интилган клубнинг охирида мана шундай аҳволга тушиб қолиши кишини ажаблантирмасдан қолмайди. Футболда яна шундай гап бор: жамоа рақиб унга имкон берадиган даражада ўйнай олади! “Нефтчи” ютқазиб, “Турон” ғалаба қозонган экан, демак ҳаммасига “Нефтчи”нинг ўзи айбдор. Агар ўйинда “Нефтчи” ютишни хоҳлаганида, “Турон”га ҳеч қандай имкон қолдирмаган бўларди.

- Бўлиб ўтган воқеа учун “Нефтчи”ни аёвсиз жазога тортишлари мумкинми?
- Агар “Нефтчи”ни жазога тортишса, бу мен учун бир неча ҳисса оғирроқ бўлади. Жазога ўша можарони келтириб чиққан кишиларни тортиш керак. Чунки клубнинг бунга ҳеч қандай даҳли йўқ. Бундай ишлар билан шуғулланганлар ўзлари жавоб беришсин. Бу ерда клубнинг ҳеч қандай айби йўқ, назаримда. Клуб ташкил этилган пайтда можаро иштирокчиларининг деярли ҳаммаси ҳали дунёга келмаганди. Энди ўзига яраша тарихга эга бўлган жамоа улар туфайли, уларнинг айблари учун жавоб бериши керакми?!

- Юрий Вазгенович охирги савол: жорий йилдаги Суперлигамизнинг савияси ўсганми?
- Бундай мавзуда гапиришни истамаган бўлардим. Агар иккимиз юзма-юз туриб, кенг омма эътиборига эмас, балки шунчаки ўзаро гаплашганимизда бор фикримни айтган бўлардим. Агар ҳозир бу борада фикримни айтсам ва гапларим газета ёки сайтларда чиқса, мени бутунлай нотўғри тушунишади. Шунинг учун келинг, бошқаларга тегмай қўя қолай, тушуняпсизми? Мени тўғри тушунасиз, деган умиддаман.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Юрий Саркисян: Ҳаммасига "Нефтчи"нинг ўзи айбдор, агар ютишни истаганида "Турон"га ҳеч қандай имкон қолдирмасди