18:00 / 04.12.2020
3 011

Яхшибоевнинг “Динамо Киев”га трансфери нега амалга ошмади?

Яхшибоевнинг “Динамо Киев”га трансфери нега амалга ошмади?
Жасур Яхшибоев Беларусь футболида ярқ этиб порлади. Мураккаб характери таъсирида Шота Арвеладзе билан тил топиша олмай, “Пахтакор”да ўзини кўрсатишга имкон олмаган футболчи жорий йилнинг бошида хориж чемпионатига кетишга қарор қилганди. Бу таваккал охир-оқибат ўзини оқлади.

“Энергетик-БГУ”дан қўним топган футболчимиз биринчи учрашувдаёқ мухлису мутахассислар эътиборига тушди. У ўртамиёна жамоа сафидаги дебют ўйинида чемпионлик бўйича Беларусь рекордчиси ҳисобланган БАТЭ дарвозасини икки маротаба аниқ нишонга олиб, амалда “талабалар” ғалабасини таъминлади.

Жасур Яхшибоев ўша ўйинда БАТЭ ҳимоячиларини истаганча алдаб ўтди. Бу типдаги футболчи Беларусь олий лигаси учун янгилик бўлди. Беларусь футбол федерацияси ўзининг расмий ютуб-каналига бу учрашувнинг видеошарҳини жойлаши билан уни 110 мингдан зиёд одам томоша қилди. Бунга асосий сабаб эса, ҳеч ким танимаган футболчи ўз ўйин услуби ва голлари билан дарҳол юлдузга айлангани бўлди.

“Энергетик-БГУ” Жасур ёрдамида биринчи даврани кучли жамоалар қаторида якунлади. “Талабалар” сафида 14 та ўйинда тўққизта гол урган футболчи катта клублардан таклиф ола бошлади. Биринчилардан бўлиб БАТЭ ва Киевнинг “Динамо” жамоаси оғиз солди.

Беларуслик журналист Владислав Татурнинг by.tribuna.com сайтига ёзишича, БАТЭ дан Яхшибоевнинг агентлари янги жамоалар таклиф қилган шароит ва суммалардан икки баробар кўпини сўраган ва пулни олдиндан беришни талаб қилган.

Агентлар “Динамо Киев” таклифига жавобан ҳам юқори талабларни илгари сургани ва бунинг оқибатида киевликлар ҳозирча бу трансферни тўхтатиб туришга қарор қилгани айтилмоқда.

Бошқа манбаларда эса, “Динамо” мутасаддилари келаси йил ёзгача Жасурнинг ўйинини кузатиб бориши ҳақида маълумотлар эълон қилинган эди.

Ўтган ёзда ўзбек футболчисининг “Шахтёр”га ўтгани, Беларуснинг моддий томондан энг бақувват клуби Яхшибоевнинг агентлари илгари сурган талабларни қабул қилганини билдиради. Шу ўринда, Владислав Татур ўзбек легионери янги жамоада ўз ўрнини тополмаганини маълум қилди. Бунга сабаб сифатида “Рух”га қарши ўйиндан сўнг, Жасурнинг жамоа етакчиларидан бири билан чиқиша олмай қолгани келтирилмоқда.

Шундан кейин, Жасур “Шахтёр”да ҳеч ким билан дўстлашмади, жамоадошлари билан мулоқот қилмади. Машғулотларда бор кучини бермади. Ҳатто, ҳал қилувчи сўнгги ўйин олдидан ҳам бир нечта машғулотни бесабаб ўтказиб юборди. Чемпионлик қўлга киритилгач, Жасур “Шахтёр” футболчиларининг мулоқот чатидан чиқиб кетди ва жамоа билан хайрлашмасдан, Минск шаҳрига кетиб қолди. Тақдирлаш маросимига келмади ва ўзига тегишли бўлган олтин медални ҳам олмади.

Нима бўлганидан қатъи назар, Жасур Яхшибоев Беларусь футболи тарихига ўз номини муҳрлай олди. У мамлакат чемпионлигига эришиш баробарида, чемпионатнинг энг яхши футболчиси рейтингида ғолиб чиқди, гол+пас тизимида 22 очко жамғариб, олий лиганинг энг фойдали ўйинчиси бўлди. Бир сўз билан айтганда нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди.

Яқинлашиб келаётган қишки трансферлар мавсуми Жасур Яхшибоев учун энг мураккаб ва ўта масъулиятли давр бўлади. Чунки у ўзига янги жамоа топиши лозим. Ҳаммаси унинг трансфер ҳуқуқини “Пахтакор”дан сотиб олгани айтилган агентлар қўлида. Жасурга турли жамоалардан таклиф бўлиши аниқ. Кўп нарса агентларнинг мақсади, истаги, музокара олиб бориш маҳоратига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Яхшибоевнинг “Динамо Киев”га трансфери нега амалга ошмади?