XX асрнинг энг яхши жамоаси дея тан олинган Мадриднинг «Реал» клуби мухлислари ҳар мавсум футболчилардан фақат совринларни талаб қилади. Клуб натижалари пасая бошлагач, биринчи навбатда, мураббийлар ишдан кетишига ҳамма ўрганиб қолган «Қаймоқранглилар»нинг охирги учрашувлардаги мағлубиятлари сабаб жамоа мураббийининг курсиси қимирлаб қолди. Хўш, француз мутахассиси ростдан ҳам Мадридни тарк этадими?
«Қироллик клуби» Испания Ла Лигасида бўлиб ўтган 10 учрашувда жамғариш мумкин бўлган 30 очкодан 17 тасини қўлга киритди. Дастлабки 10 турда 3 бора мағлубиятни қабул қилиб олгани мухлислар ғазабини қўзғади. Чемпионлар Лигасидаги ҳолат ҳам ачинарли. Жамоа Европа Лигасига равона бўладиган. Сўнгги 6-турда жамоа Мюнхенгладбахнинг «Боруссия»сидан очко ола билмаса, Чемпионлар Лигасини тарк этади. Ушбу вазиятлар ҳисобга олинган ҳолда, Зиданнинг жамоа бошқарувидаги имкониятларини биргаликда таҳлил қиламиз.
Жароҳатлар
Жамоага жароҳатлар ўз таъсирини ўтказаётгани аниқ сезилди. Биргина Рамоснинг йўқлиги футболчилар руҳиятини тушириб юборди. Серхио терма жамоа ўйинларида жароҳат олган ва тез орада сафга қайтади.
Мадридликлар сафида 2 нафар ўнг қанот ҳимоячиси бор. Аммо Зидан бахтига қарши иккиси ҳам жароҳатда. Асосий ўнг қанот ҳимоячиси Дани Карвахаль 28 ноябрдан бери майдонга тушгани йўқ ва 11 декабрда қайтиши кутилмоқда. Унинг ўринбосари Альваро Одриосола октябрнинг 3-куни сафдан чиққан ва қачон қайтиши сўроқ остида.
Ўтган мавсум кашфиёти Феде Вальверденинг жамоада йўқлиги натижалар ёмонлигидан ҳам маълум.
Ҳар ҳолда, «қаймоқранглилар» Феде майдонга тушган ўйинларда ҳали мағлуб бўлмаган. Вальверде 11 декабрь куни сафга қайтгач, жамоа натижалари ҳам яхшиланиб қолар, балки.
Ва ниҳоят, асосий футболчи, жамоа сафига келиб қўшилгандан буён 8-маротаба жароҳат олган Эден Азар! Азар майдонда бўлганида жамоа ўйини тубдан ўзгаришини бир неча баҳсда кўрдик. Бельгиялик вингер ўз номини таблога ҳам ёздириб қўйди, аммо яна жароҳат. Айрим хориж нашрлари Эден учун 2020 йил якунланган, дея маълумот бермоқда. Лекин Азар тез орада сафга қайтади, дея таъкидлаётган нашрлар ҳам маълумотлари рост эканлигини исботлашга урунмоқда.
Жамоа ичидаги муҳит
Зидан «Реал» афсонаси. У илк бора жамоа бошқарувини қўлга олгач, энг биринчи қилган иши ички муҳитда назорат ўрнатгани эди. Аммо ҳозир ҳам жамоада шундай муҳит борми?
Менимча, йўқ. Буни биргина мисол исботлаб бериши мумкин. 28 сентябрь куни «Боруссия Мюнхенгладбах» жамоаси «Реал»ни қабул қилди. Танаффус вақтида Карим Бензема ватандоши Ферлан Мендига чап қанотда майдонда ҳаракат қилаётган вингер Вини Жуниорга пас бермасликни сўраган. Бунинг сабаби дея Жуниор ўйин давомида кўплаб хатоларга йўл қўяётгани қайд этилганди. Гарчи Карим Винидан узр сўрагани ва келишиб олишгани ҳақида хабар берилган бўлса-да, ушбу ҳолатнинг ўзиёқ Зинедин бошқарувни қўлдан бой бераётганига сигнал бўлган.
Зидан кетгач, ким келади?
Айрим нашрларнинг маълум қилишича, Флорентино Перес Зинедин Зиданга ультиматум белгилаган. Агар «Реал» «Севилья» ва «Боруссия Мёнхенгладбах» жамоаларини мағлуб эта олмаса, жамоа бошқарувидан кетади.
Ушбу манбаларга таяниб, «El Mundo» нашри Зидан ўрнига жамоа мураббийлигига асосий номзод сифатида Маурисио Почеттино ва Рауль Гонсалесни кўрсатмоқда. «Марcа» нашри обуначиларининг ярми жамоа бошқарувига Почеттино келгани яхши, дея фикр билдирган. Муштарийларнинг 17 фоизи Раул келиши тарафдори ва қолгани Зидан ҳайдалмаслигини истамоқда.
Зидан кетиши муаммолар ечими бўладими?
Зинедин Зидан жамоага қандай қайтарилгани эсингиздами? 2019 йилнинг март ойи. Жамоа чемпионатда «Барселона»дан 12 очко ортда бормоқда ва Чемпионлар Лигаси плей-оффида «Аякс» жамоасига 1:4 ҳисобида мағлуб бўлган. Ушбу кўрсаткичлардан сўнг, мухлислар нафратини бостиришни истаган Перес олам-олам ваъдалар билан Солари ўрнига собиқ мураббий Зинединни қайта жамоа мураббийлигига олиб келганди.
Зидан мураббийликка қайтгач, жамоа президентига қўйган бир неча талаблари маълум бўлди. Масалан, трансферлар учун 300 миллион евро ажратилиши ва Мбаппе, Азар, Эриксен, Канте каби футболчилар харидини истаган француз амалда Азар, Родриго, Менди, Милитао ҳамда Йович билан чекланган. Ушбу транферлардан Менди ўзини оқлади ва Марселодан асосий таркибни тортиб олди. Қолган футболчиларда ўзини кўрсатишга ҳамон вақт бор, Родригога кўпроқ имкон берилса, порлаши мумкин. Азарнинг ҳолати барчага маълум, шифохонадаги ўрнини совутаётгани йўқ. Мазкур харидларнинг бари 2019 йил ёзда амалга оширилган. Мадридликлар 2020 йил ёзда трансфер бозорини фақат кузатди, бирор футболчини ўз сафига қўшиб олмади.
Агарда Перес Зиданни ҳайдаса, катта хатога йўл қўяди. Сабаби, жамоадан кетган Роналду ўрнига муносиб ўринбосар олиб келинмагунча мураббийдан натижа сўраш бефойда. Аслида, мухлислар ва Флорентино франциялик мутахассис 2019/20 йилги мавсумда Ла Лига чемпионлигини қўлга киритгани учун мамнун бўлиши керак. 2020/21 йилги мавсумни трансферсиз бошлаган Зидан Мбаппени бир мавсум кутишга мажбур бўлди. Яна бир мавсум қурбон қилинса, Зинедин жамоаси ўз режаларининг асосий фигураси Килиан билан олдинги даражасига қайтиб олиши ҳеч гап эмас.
Воқеалар ривожи қандай бўлади, бизга мавҳум. Барча саволларга жавобларни 10 декабрдан кейин оламиз, деган умиддамиз. Аслида, ишсиз Почеттинони топ-жамоада ва «Кастилья» билан Европани забт этган афсона Раулни мураббий сифатида кўриш жуда қизиқарли. Аммо ўзи истагандек «Реал»да ишлаётган Зиданни кузатиш завқлироқдек…
Абдулла Маннонов тайёрлади
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда