Фото: Sports.uz
Ўзбек футболи мухлислари футболчиларнинг легионерга айланиши кераклигини истайди. Аммо бир футболчи чет эл жамоаларида тўп тепиши қанчалик қийинлигини ҳар ким ҳам билавермайди. Мисол тариқасида, Суперлиганинг энг ёрқин ўйин кўрсатувчи футболчиларидан бири Жалолиддин Машариповни оладиган бўлсак, у бир неча йиллардан буён зинапоянинг кейинги босқичига чиқиш учун ҳаракат қилиб келади.
Ички чемпионатда гегемония ўрнатган “Пахтакор”нинг асосий футболчисига айланиб улгурган вингер қитъа миқёсида ҳам титул учун анча жиддий қадам ташлаб улгурган эди. Аммо энг муҳим паллада унинг иштиёқи жуда баландлиги, ғалаба учун ҳеч нимадан тап тортмаслиги унга панд берди. Қизил карточкадан кейинги “Пахтакор”нинг аҳволига ачинмаган мухлис қолмади, назаримизда. Жалолиддинсиз қолган “шерлар”нинг режалари буткул бузилиб кетганди ўшанда.
Келинг, ўша ёмон хотира ўрнига яхши хабарлар ҳақида фикр алмашайлик: Жалолиддин Машарипов ва ниҳоят, легионерга айланди ва энди ундан талаб этиладиган нарса фақат битта: Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўзиниг ёрқин ўйинларини кўрсатиб, жамоани жаҳон чемпионати томон етаклаш.
Машарипов-ку кетди. Кетма-кет икки йил ички биринчиликни ҳеч кимга бермаган “Пахтакор” футболчилари капитансиз матросга айланиб қолмайдими? Бу борада бизда бир неча таклифлар бор.
Ойбек Бозоров
Ҳар йили ўз етакчиларини бошқа жамоага қўйиб юборишга мажбур бўлаётган “аждарлар” рақобатбардош таркиб шакллантиришда давом этмоқда. Қаршиликларлар таркибини бир неча йиллар давомида Элдор Суюнов, Азиз Ғаниев, Драган Черан, Игорь Голбан, Одил Ҳамробеков каби ўз етакчилари тарк этганига қарамай, “Насаф” ҳамон кучлилар қаторида. Бу “анъана” жорий трансфер бозорида ҳам давом этиши катта эҳтимол. Сабаби, чемпионатнинг бошқа жамоаларига гўёки ўз академиясидек қарайдиган “Пахтакор'' янги юлдузини “аждарлар” сафидан топиши мумкин. Бу борада улар олдида 2 вариант бор. Улардан бири Ойбек Бозоров.
Таиландда ўтган Осиё кубогида энг ёрқин ўйин намойиш этган футболчилардан бири, ўз техникаси ва фойдали дриблинги билан мутахассислар эътиборига тушган Бозоров ўз фаолиятини “шерлар” сафида давом эттириши мумкин. Услуб жиҳатидан Машариповни эслатиб юборадиган вингер айнан пойтахтликлар таркибида янги даражага кўтарилиши, ОЧЛда иштирок этувчи клубнинг юлдуз футболчисига айланиш орқали, ўз фаолиятида янада юқори марраларни забт этиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шунингдек, унинг узоқ масофадан шедевр голлар ура олиш қобилияти ҳам борки, бу ҳислат айниқса, халқаро майдонда қадрланади. Бердиев қўл остида ҳар икки қанотда бирдек фойдали ҳаракат қилган серқирра футболчи “шерлар” учун яхши вариант. Демак, Машариповдан қолган ўринга илк номзод Ойбек Бозоров. Юқорида таъкидлаганимиздек, “Насаф” таркибида “Пахтакор” учун яна бир муносиб альтернатив бор.
Ислом Кенжабоев
Бозоров билан бир қаторда Кенжабоев ҳам ҳақиқий вингер. У қанотлардан ёриб кириши, марказдаги шеригини қулай узатмалар билан таъминлаши, кези келса, вазиятни ўзи якунлаши ҳам мумкин. Клубининг медаллар учун кураш олиб боришида катта роль ўйнаган Кенжабоев, аллақачон, етакчига айланиб улгурган. Жамоада пенальти тепиш вазифаси унга ишониб топширилишининг ўзи ҳам Исломнинг ўзига бўлган ишончи юқорилигидан дарак беради.
Фақатгина бир муаммо бор: қаҳрамонимиз ўнг қанот вингери ва бу позицияда “Пахтакор”нинг Ҳамдамови бор. Бироқ жаҳон футболидаги кучли вингерлар каби Кенжабоев ҳам қанотларни алмаштириб ҳаракат қила олади ва бу ҳислати ҳам унга “шерлар” таркибида қўл келиши шубҳасиз. Боз устига, яқин кунларда унинг потенциал рақобатчиси Достон Ҳамдамовга океанортидан таклиф борлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Балки “Пахтакор” биз юқорида санаб ўтган икки истеъдодни ҳам пойтахтга олиб келар. Воқеалар ривожи қандай тус олишини кузатамиз. Навбатдаги номзодни эса, водий томондан излаймиз…
Азиз Турғунбоев
Бир қарашда “Насаф” ҳам, “Навбаҳор” ҳам ўз етакчиларини асосий рақобатчисига шунчаки бериб юбориши ақлга сиғмайдиган ҳолат. Бироқ бизнинг футболда эмас! Анча йиллардан буён “лочинлар парвози”га ўзининг беназир ҳиссасини қўшиб келаётган Турғунбоев янги мавсумда умуман бошқа мақсадлар учун майдонга тушиши мумкин. Машариповнинг ўрнини босишга потенцияли етиши мумкин бўлган қаҳрамонимиз Наманганни тарк этишига сабаб йўқ эмас: “Навбаҳор” бир неча йиллардан бери Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмаларидан қуруқ қолмоқда ва афсуски, бу йил ҳам халқаро майдон эшиклари “лочинлар” учун ёпиқ. Бундан ташқари, Турғунбоев ҳали “Навбаҳор” билан на бирор соврин ютди, ва на ички биринчиликда медалга эга чиқди. Қизиғи, наманганликлар ўзларининг сўнгги трофейини бошлари узра баланд кўтарганда, сиз ўқиётган мақола муаллифи ҳал туғилмаган эди.
Катта эҳтимол билан “шерлар” ҳам жисмонан бақувват, кучли зарбага эга, техникаси юқори вингерни қўлга киритиш учун ҳаракат қилиб кўради. Демак, Азизбек учун каттароқ марралар сари ҳаракат қилиш пайти келди ва “Пахтакор”нинг ОЧЛда муваффақиятга эришиши йўлида ўз хизматларини қўшган тақдирда, “Навбаҳор” мухлислари Турғунбоевдан ранжимаса керак. Навбатдаги номзод Машариповнинг ўрнини эгаллашга энг яқин турибди, назаримизда.
Ҳожимат Эркинов
Нафақат “Пахтакор”, балки ўзбек футболи келажаги сифатида қаралаётган Эркинов ва ниҳоят, асосий таркибдан муқим жой олиш арафасида. Ўз таркибида бор истеъдодлардан унумли фойдаланиш ҳеч қайси жамоага зарар қилмайди. Айниқса, легионерларига катта маош тўлайдиган “Пахтакор” учун бу айни муддао бўларди. Уни устига, Ҳожимат учун ҳам жамоа етакчисига айланиш вақти келди. Энг камида, асосий таркибда мунтазам ўйин амалиётига муҳтож бўлган 19 ёшли футболчи бу истеъдоди билан “шерлар” сафида узоқ йиллар қолиб кетмаслиги ҳам ҳақиқатга яқин. Тезкор қарор қабул қилиш, вазиятлардан совуққонлик билан фойдаланиш каби бугунги ўзбек футболида ноёб бўлган ҳислатларга эга вингер жамоада ўзи учун қадрдон бўлиб қолган акасининг ўрнини билинтирмаслиги зарур.
Катта бўлмаган футболчилик фаолияти давомида Шота Арвеладзе, Миржалол Қосимов, Вадим Абрамов каби катта тажриба эгаларидан сабоқ олган ёш қаҳрамонимиз ўз истеъдодини янада ривожлантириш зарур. Бу борада унга “Пахтакор” мунтазам ўйин амалиётини бериши орқали икки томонлама фойда чиқара олиш мумкин. Бу жиҳатдан қарасак, Машарипов учун энг муносиб номзод Ҳожимат Эркинов ҳисобланади. Чунки у ҳам камхарж, ҳам жамоага мослашиши учун ортиқча вақт талаб этилмайди. Шу ўринда яна бир вариант ҳам бор-ки, уни эътибордан четда қолдира олмаймиз…
Легионерлар
“Шерлар”да легионерлар билан муваффақиятли ишлаш тажрибаси бор. Яқин йиллар ичида Гиди Канюк, Тиагу Безерра, Драган Черан каби хорижлик футболчилар “Пахтакор” ғалабаларига муносиб ҳисса қўшиб келган ва ҳозиргача шундай бўлиб келмоқда. Шу сабаб, Машариповнинг ўрни чет элдан келадиган бирор ўйинчи билан ҳам тўлдирилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Тан олиш керак, Жалолиддин пойтахтликлар учун жуда катта ўрин эгаллаб улгурди. Суперлигада унинг даражасидаги футболчи қолмаганлиги боис, ОЧЛ чемпионлигини ният қилган “Пахтакор” ўз таркибини бирор легионер билан кучайтириши ҳам мумкин. Биз эса вазиятни кузатамиз ҳамда энг сўнгги янгиликларни эътиборингизга ҳавола этишда давом этамиз.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда