07:37 / 25.12.2020
3 565

Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг отаси: «Ўзимизнинг федерацияга керак бўлмаса, биз нима қила оламиз?»

Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг отаси: «Ўзимизнинг федерацияга керак бўлмаса, биз нима қила оламиз?»
Фото: FIDE
Ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШ шахмат федерацияси аъзосига айланди. 21 ёшли шахматчи АҚШнинг Миссури университети жамоаси сафида дона сурмоқда ва бундан кейин халқаро мусобақаларда Америка шарафини ҳимоя қилади.
«Дарё» мухбири Гулруҳбегимнинг бу танловига нима сабаб бўлганини аниқлаш мақсадида спортчининг отаси Алишер Мўминов билан боғланди.

«Гулруҳбегим АҚШ шахмат федерацияси аъзосига айланди. У 21 ёшга кирди ва бу борада ўзи қарор чиқарди. Фуқаролигини ўзгартиргани йўқ, у ҳали ҳам Ўзбекистон фуқароси. Фақат мусобақаларда АҚШ номидан қатнашади.

АҚШ федерацияси қизимга барча шароитларни яратиб бермоқда. Масалан, ҳозирда у Миссури университетига таҳсил олмоқда. АҚШ олти йиллик ўқиши учун 150 минг доллар маблағ ажратган. Барча харажатлари, хусусан, мусобақаларга бориши харажатлари ҳам қоплаб берилмоқда, мураббийлар билан таъминланмоқда.

Ўзбекистон шахмат федерациясига бундай ўйинчилар керак эмас! Федерация Гулруҳбегимнинг опалари Хулкар ва Нафисани терма жамоадан чиқариб юбориш учун бор имкониятини ишга солди ва шунга эришди. Ўзимизнинг федерацияга керак бўлмаса, биз нима қила оламиз?

Қайтараман, бу қизимнинг қарори. Мен ота сифатида унинг қарорини қўллаб-қувватладим. Яна бир жиҳат, федерация алмаштириш мураккаб иш эмас. Агар у Ўзбекистонга ҳақиқатда керак бўлса, қайтиб келиши мумкин
», — дейди Алишер Мўминов.

Таъкидлаш жоиз, Гулруҳбегим аёллар ўртасида 2018 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашиб, чорак финалга қадар етиб борган ва унда бўлажак чемпион Сзюй Венсзюнга ютқазиб қўйганди.

Маълумот учун, Алишер Мўминовнинг уч нафар қизи — Нафиса Мўминова, Хулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар профессионал шахматчи ҳисобланади. Нафиса Мўминова 2013 йилда халқаро гроссмейстер мақомини олган ва бу борада Ўзбекистондаги илк аёл гроссмейстерга айланганди. Унинг сингиллари ҳам қатор халқаро мусобақалар ғолиби ҳисобланади. Айни вақтда Нафиса Мўминова Европанинг номдор шахмат клубида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг отаси: «Ўзимизнинг федерацияга керак бўлмаса, биз нима қила оламиз?»