22:30 / 31.12.2020
2 486

"Милан"нинг фавқулодда порлаши ва алданган Беғамов ҳақида

"Милан"нинг фавқулодда порлаши ва алданган Беғамов ҳақида
Умримиздан яна бир йил йўқотдик. Кимлар 366 кундан унумли фойдаланиб қолган бўлса, кимлар (мен каби) ўзини танқид қилиш билан овора. Ортда қолган кунлар футбол оламида ўзига хос воқеликларга бой бўлди. Улар орасидан эътиборимни тортганлари билан қуйида ўртоқлашмоқчиман. Бу қанақадир рейтинг эмас, шахсий фикрлар.

Армонга айланган Олимпиада
Йигитларимиз жорий йилнинг 8-26 январь кунлари Таиландда бўлиб ўтган 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпинатини 4-ўринда якунлашди. Яна олимпиадага ҳақлидек кўринган жамоамиз юртга боши эгик ҳолда қайтди...

"Милан"нинг фавқулодда порлаши
Ниҳоят, "россонерилар" шонли тарихини эслаб қолди. Еврофутболдаги энг кутилмаган воқеа ҳам шу бўлди. "Қизил-қоралар" статистика бўйича 2020 йилни Европада учинчи, Италияда биринчи поғонада якунлади. Ортда қолган йил "Милан" мухлисларига "Ливерпуль" ишқибозларидан-да қувонарлироқ бўлди.

Про лига ўйинларининг трансляцияси
15 сентябрь куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда "UZREPORT TV" ўртасида Про лига мусобақасининг медиа ва тижорат ҳуқуқлари бўйича шартнома имзоланди. Мазкур шартнома 2024 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. Ушбу янгилик мухлислар учун қувонарли бўлди ва футбол сифатига таъир кўрсатмай қолмади.

Бундан ташқари, ЎзПФЛ клубларнинг узоқ йиллик лаёқатсизлигига чек қўйиб, футболчилар ва мураббийларни суғурталаш масаласида олдинга катта қадам ташлаган бўлса, ЎФА йил якунида мамлакат футболини тозалаш масаласида катта ишни бошлаб қўйди. Оғир пандемия шароитига қарамай, футбол мавсуми юқори нуқтада якун топди.

Марадонанинг вафоти
2020 йилда кўплаб соҳалар ҳақиқий дарғаларидан айрилди. Уларнинг орасида, балки, энг буюги Диего Армандо Марадонадир. Очиғи, марҳум футболчи ҳақида тасаввурларим тамоман янглиш экан (XXI аср фарзандларида бошқача бўлиши мумкин эмас). Марадона шахсиятида ёмон инсонда бўлиши мумкин барча иллатлар мужассамдек кўринар, уни Мессидан устун қўйишларига тушуна олмас эдим. 25 ноябрь оқшомида эълон қилинган хунук хабардан кейин бутун дунё матбуоти тинмай Диего ҳақида ёза бошлади. Бир инсон шахсиятига нисбатан бундай кўламдаги оммавий муносабатга илк бор гувоҳ бўлдим, ҳайрон қолдим. Кейин яна бир бор аргентиналик даҳонинг умр йўллари билан қизиққан бўлдим. Бироздан кейин бошқа бир афсона — Паоло Росси ҳам вафот этди. Ҳар 2 воқеага бўлган муносабатни ўзаро солиштириб, Марадонанинг даражаси бошқалигини тушундим.

Кашфиёт
Шубҳасиз, ўтган мавсум кашфиёти Эрлинг Холанд бўлди. Яқинда 20 ёшга тўлган футболчи аллақачон ўнлаб рекордларни янгилаб ташлади (Роналдонинг Чемпионлар Лигасидаги натижасини 19 ёшида янгилагани диққатга сазовор). Норвегиялик форварднинг энг катта ютуғи скандинавларга хос совуққонлиги ҳисобланади. Ўйдашимча, Эрлинг яқин келажакнинг энг ёрқин юлдузи бўлиши керак. Холанднинг босиқлиги, юлдузлик касалига чалиниш эҳтимолининг пастлиги уни Килиан Мбаппедан кучлироқ қилишига ишонаман. Эътибор қилинг, 2020 йилда Дортмунинг "Боруссия" клуби таркибида 32 ўйин ўтказган вундеркинд 33 гол, 6 ассист қайд этди.

Омадсиз инсайд
Йил давоми кўплаб "қовунлар туширилди", сиёсатчиларникини тўплаб, катта "хирмон" қилса бўлади. Футбол ичида ва атрофида ҳам турли қизиқ воқеалар содир бўлди. Улардан бири сизга яхши таниш бўлган Шаҳбоз Беғамов билан боғлиқ. У шахсий блогида 4 июнь куни Усмон Тошевнинг Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига келиши МУМКИНлиги ҳақида ёзди. Постда маълумот аниқ эмас, дейилган бўлса-да, ҳаммамиз Беғамовга ташландик, ўша хабарни кулгига олдик. Ўйлаб қарасак, дунёнинг энг машҳур инсайдерлари бир йилда юзлаб хабарлар чиқаришади, 50 фоизи омадсизликка учрайди: баъзан музокаралар муваффақиятсиз тугаса, баъзида томонлар фикридан қайтиши мумкин. Аммо уларнинг барчаси фейк хабар ҳисобланмайди. 95% инсайдлари муваффақиятли чиқиб келган Беғамов эса бир дона омадсиз хабар учун ёлғончига чиқарилди.

Энг қизиғи, ўша маълумотни Тошевнинг ўзи ҳам инкор қилолмаган, шу масала бир пиёла чой устида муҳокама қилингани аниқ экан. Усмон Тошевнинг ўзи рад қилмаган маълумотга Беғамов алданиб қолган. Майли, ҳаммаси ўз йўлига, лекин ўша хабар карантин кунларида бир неча кун бўлса ҳам, мухлисларга кўтаринки кайфият улашди (Шаҳбоз Беғамов эса шахсий блогини ўчириб ташлади).

Нега ўша воқеани эсладик? Шаба ака 2021 йилда яна бир катта ишни бошлаш арафасида турибди. Барчамиз қадрли Беғамовнинг оилавий ҳаётига бахт тилаб қоламиз. Барибир катта ишларни бошлашга шошилмаган маъқул:) Ажойиб трансферлар ва терма жамоа тўғрисида ваъда қилинган янги инсайдларни кутиб қоламиз. Охири бахайр бўлсин.

Муаллиф: Faxriddin Ro'ziyev

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Милан"нинг фавқулодда порлаши ва алданган Беғамов ҳақида