22:22 / 01.01.2021
2 488

Унга ўхшаган мураббий яна қаерда бор? Ёхуд Бердиевни олдинда қандай синовлар кутяпти?

Унга ўхшаган мураббий яна қаерда бор? Ёхуд Бердиевни олдинда қандай синовлар кутяпти?
“Насаф”га бефарқ бўлмаган киши борки, клубнинг бугунги ҳолатидан ташвишга тушиб қолишган. Бу бежиз эмас. Чунки “Насаф” жамоасидаги вазиятни барқарор деб бўлмайди. Балки ушбу иборани ишлатганимизда бироз хиссиётларга берилиб кетгандирмиз. Бироқ жамоада юз бераётган ҳолат чиндан жиддийроққа ўхшайди. Яқинда сайтимизда хабар берилганидек, футболчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб якунлангани йўқ, қарздорлик сақланиб қолмоқда. Иккинчи ўрин учун медаллар эса ҳали эгаларига топширилмаган.

Ўзингиз биласиз, “Насаф” қандай меҳнат билан якунда иккинчи ўринга кўтарилганини. Бу биринчи навбатда бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг ишга бўлган садоқати, билими ҳамда тўғри услубни қўллаши каби жасоратлари билан боғлиқ. Яқинда sports.uz сайтига берган интервьюсида ўзи ҳам мавсум бошида “Насаф”нинг кумуш медални қўлга киритишини кутмаганлигини тан олганди.

Шунга қарамай, тинимсиз меҳнат эвазига у бошқаларнинг тахминларини йўққа чиқарди. Ахир якунда Бердиев Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилди ва бу йўлда у чемпион ва Кубок соҳиби Шота Арвеладзени ҳам ортда қолдирди. Қизиғи, “Насаф” устози тўртинчи марта Ўзбекистонда тенгсиз мураббий деб топилди. Унинг жамоада катта ҳажмдаги ишни бажараётгани ҳеч кимга сир эмас. Мураббий “Насаф” билан чемпионликдан бошқа барча совринларни қўлга киритганини ҳам биласиз.

Энди ўзингиз ўйланг, агар “Насаф”да Бердиев бўлмаганида клуб қандай аҳволда қоларди? Бошқаси мана шундай натижаларга эриша олармиди? Балки сиз, ахир “Насаф”да тизим тўғри йўлга қўйилган, академия ишлаб турибди, янгидан-янги иқтидорлар чиқяпти-ку, дейишингиз мумкин. Тўғри, академиядан истеъдод эгалари чиқяпти, аммо уларни асосий жамоага жалб қилиш ва улар билан ишлаш бошқа масала. Рўзиқул Саъдуллаевич айтганидек, бу катта меҳнат ва машаққат талаб қиладиган жараён. Чунки академиядан чиққан болалар бирданига “Насаф”нинг асосий таркибига муносиб бўлиб етиб келмайди. Аввало уларни тўғри йўлда тарбиялаш, ўргатиш ва шакллантириб бориш зарур. Буларнинг барчаси босқичма-босқич бажарилади ва бунда Бердиевнинг роли ниҳоятда катта.

Яна бир гап: тўғри, клуб академияси ишлаяпти, лекин етарли даражадами? Яъни, бир йилда неча нафар иқтидорни етиштириб беряпти? Уларнинг барчаси футболчи бўлиб етишяптими? Энг асосийси, Суперлигада “Насаф” академиясидан чиққан қанча тарбияланувчи тўп суряпти? Ёки фақат “Насаф”да бор холосми? Бизнингча ҳам шундай. Агар шунчалик зўр бўлса, унда Суперлига жамоаларида академия тарбияланувчилари тўлиб кетмайдими? Тағин ҳам “Насаф” академияси Республикада энг яхшиларидан бири бўлиб турибди. Ёшларнинг “Насаф”да ўйнаб кетиши боя айтганимиздек, бош мураббий билан боғлиқ. Улар Рўзиқул акани қўлига тушгач, кўплаб кашфиётлар пайдо бўляпти.

Лекин юқорида таъкидлаганимиздек, барибир клуб академиясидан чиқаётган иқтидорлар кам. Бу биргина “Насаф” билан чекланиб қолмаслиги керак. Муҳими, бош мураббийнинг ўзи ҳам шундай фикрда. Энди ўзингиз ўйланг, Бердиев ўрнида бошқа мураббий бўлганида академия тарбияланувчиларидан мана шундай жамоани ярата олармиди? Улардан зўр ўйинчи етиштириб берармиди? Бу албатта жумбоқли савол. Ўйлаймизки, Бердиевнинг нафақат “Насаф” ёки Қашқадарё, балки ўзбек футболида ўрни катта эканлигини яхши ҳис қилиб турибсиз. Айнан унинг тарбияси, кўрсатмаси ва меҳнати билан кўплаб ёшлар терма жамоаларимиз даражасигача етиб келишяпти.

Рўзиқул Бердиев қиммат ўйинчиларсиз, маҳаллий кадрлардан ажойиб жамоа тузиб, натижа кўрсатиб мухлислар меҳрини қозониб келяптию, бироқ клуб томонидан бу борада муносиб эътибор қаратилмаётгани юқоридаги фикрларимизга мос тушаётгандек. Ҳар йили Бердиев мавсум тугагач, хавотирли вазиятга тушиб қоляпти. Негаки, ўзи тарбиялаб, сайқал бераётган ўйинчиларининг энди мевасини кўраман деганда бошқа клублар илиб кетиб қолишяпти. Бу йўлда Рўзиқул Саъдуллаевич энди шогирдларининг роҳатини кўраман деганда қуруқ қўл билан қоляпти. Бу борада клубдан ҳам ижобий ҳаракат бўлиши зарурми? Мана шундай вазиятда уни қўллаб-қувватлаш керакми-йўқми? Демак, “Насаф” раҳбарияти ҳам бош мураббийга далда бўлиши, уни қийнаётган муаммоларни бартараф қилиб бериши лозим-ку. Аммо бу масалада ҳам раҳбариятда оқсоқлик бордек.

Мана, барча билди, клуб лицензиялаш масаласи бўйича сусткашлик қилди, тегишли ҳужжатларни вақтида тақдим эта олмади. “Насаф” жамоаси эса Бердиев бошчилигидаги ғалабали ўйинлар кўрсатиб кумуш медалга эга чиқди. Раҳбарият эса кейинчалик бўлса ҳам ташкилий ишларга берилиб лицензиялашни яна қайта тайёрлашга киришди. Аммо қаршиликлар бу йил халқаро майдонда иштирок этадими-йўқми, буниси ҳали аниқ эмас. Бироқ Рўзиқул Саъдуллаевич ва унинг жамоаси ўз вазифасини керагидан ортиқ даражада уддалаб қўйди. Бу ёғи раҳбариятга қолган. Қаранг, мана шундай мураббий яна қаерда бор? Унинг қўлида ҳар йили янгидан-янги кашфиётлар чиқаётган бўлса, наҳот... Агар Бердиев ҳам охири тоқати тоқ бўлиб, ҳаммасига қўл силтаб кетиб қоладиган бўлса, нима бўлади? Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи билан ишлашни истаётган клублар талайгина.

Ҳаттоки, у “Пахтакор”ни бошқариши мумкин бўлган мураббийлар орасида номзод эканлиги ҳақида ҳам айтилмоқда. Лекин Бердиевнинг ўзи Арвеладзенинг кетиб қолишига ишонмаганди. Агар “Пахтакор”да чиндан ҳам “Насаф” устозининг варианти бўлса бундан ажабланмаймиз. Ҳозирда “Насаф”нинг бир қанча футболчиларига таклифлар бор, айримлар кетяпти ҳам. Кўриниб турибдики, мураббий энди тайёр ҳолатга келтирган жамоасини яна бошидан шакллантиришига тўғри келади. Аслида у ҳар йили шундай вазият билан тўқнашиб келяпти. Бу эса унинг учун аламли. Олдинда мураббийни яна қандай синовлар кутяпти? Агар клуб мутасаддилари мураббий учун вазиятни тўғри йўлга солмас экан, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Унга ўхшаган мураббий яна қаерда бор? Ёхуд Бердиевни олдинда қандай синовлар кутяпти?