3 116
"Пахтакор" ҳақида: Арвеладзе қайтиб қолса ажабланманг, 2 та футболчи билан шартнома узайтирилмади, йиғин эса Дубайда
Ўзбекистон чемпиони ва Кубок соҳиби – “Пахтакор” ҳақидаги ҳар қандай янгилик ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслиги шубҳасиз. “Пахтакор” охирги йилларда мавқеини тиклаб, янада кучли жамоага айлангани ва Ўзбекистонда тенгсиз даражага чиққани туфайли ҳам “Шерлар”нинг ҳар бир ҳаракати диққат-марказимизда бўлиб келмоқда.
Бош мураббий масаласи
Чемпионат тугаганидан кейинги асосий янгилик – бу Шота Арвеладзенинг “Пахтакор”дан кетгани бўлди. Биз ўзимизча уни жамоани тарк этди деяпмизу, аммо ҳали клуб унинг кетганини расман эълон қилгани йўқ. Вазиятнинг шу томонига ҳам эътибор қаратиш керак. Биз нима учун Шота Юстиновични кетди деяпмиз, чунки бу унинг ўзидан чиққан ташаббус бўлди ва ўзининг инстаграм саҳифасида “Пахтакор”да олиб борган иши ва фаолиятини эслаб кетаётгани ҳақида ёзган ва хайрлашган. Биз эса унинг ўша гапидан келиб чиқиб клубдан кетганини тахмин қиляпмиз. Чунки шартномаси тугаганди. Одатда ҳар йили шартномаси тугар ва янги мавсумга янги битим имзоларди.
“Пахтакор”нинг ҳалигача расмий хабар бермаётгани бизни яна бу масала бўйича мушоҳада юритишимизга ундаяпти. Баъзида эса Арвеладзенинг қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳам эшитиб қоляпмиз. Бош мураббий масаласида клубдан расмий муносабат олишимиз зарур эди. Бу борада клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов билан роса гаплашишга уриндик, аммо мутахассис негадир буни хоҳламади. Шунинг учун ҳамкасбимиз, клуб матбуот хизматида ишлаётган Бекзод Назаров билан боғланиб, Арвеладзе масаласида сўрадик. Унинг жавоби шундай бўлди:
- Арвеладзе масаласи ҳозирча аниқ эмас. Раҳбарият у билан музокаралар олиб боряпти, қайтариш учун. Агар ҳаммаси аниқ бўлса, бу ҳақида албатта хабар берамиз.
- Матбуотда Шота Юстиновичнинг ўрнига Самвел Бабаян, Рўзиқул Бердиев ёки бошқа хорижлик мураббийларнинг номзодлари борлиги ҳақида ўқияпмиз. Бу ростми?
- Йўқ, ҳозирча ҳеч кимнинг номзоди кўриб чиқилмаган. Биринчи навбатда Шота Арвеладзе масаласи турибди. Унинг иши қай томонга ҳал бўлишига қараб кейин шунга асосан иш тутилади.
Бу клуб расмийсининг жавоби. Демак, бизнинг тахминларимиз тўғри бўлиб чиқди. Яъни, “Пахтакор” аввало Арвеладзени қайтаришга уриниб кўради. Шунинг учун ҳам клуб унинг кетганини расман эълон қилмай турибди, бизнингча. Тўғри, грузиялик мутахассиснинг олдида бошқа таклифлар ҳам бор. Балки фаолиятини бошқа мамлакатда давом эттиргиси келаётгандир, аммо шуни айтмоқчимизки, агар у яна “Пахтакор”га қайтишни истаб қолса, бундан мутлақо ажабланмаймиз.
“Пахтакор”нинг қишки тайёргарлик режаси қандай?
Оғир мавсумдан кейин Суперлига клублари танаффусга чиқишганди ва энди аста-секин 2021 йилги чемпионатга тайёргарлик ишларини бошлаш арафасида турибдилар. Бу борада “Пахтакор”нинг ҳам ўзига яраша режалари бўлиши шубҳасиз. Чунки клуб қўлга киритган совринларини янги мавсумда ҳам ҳимоя қилишига тўғри келади. Шунга яраша ўз услубига хос тарзда йиғин ўтказади.
Маълум бўлишича, “Пахтакор” 14 январда тўпланади ва ўша куни барча футболчилар тиббий кўрикдан ўтказилади. Машғулотлар 15 январдан бошланади. Лекин унгача ҳам клуб футболчиларини уйда бекор ўтирибди деб бўлмайди. Негаки, жамоанинг ҳар бир аъзосига индивидуал тарзда алоҳида ишлаш учун режим белгиланган ва шунга асосан якка тартибда кўрсатилган дастур асосида ўз устида ишлашмоқда.
Хуллас, 15 январда Тошкентда йиғин бошлангач, 22 январда Дубайга жўнаб кетишади. У ерда учта назорат ўйини режалаштирилган. Олдин хабар берилганидек, иккита рақиб аниқ – “Зенит” билан “Спартак”. Учинчи ўйин эса Латвия жамоасига қарши ўтказилади. “Пахтакор”нинг Дубайдаги йиғини 5 февралгача давом эттирилади.
“Пахтакор”дан кимлар кетади?
Таркибдаги ўзгаришлар ҳам барчани қизиқтиради. Ҳамма қатори “Пахтакор”да ҳам бу борада қандайдир янгиликлар бўлади, бу аниқ. Жамоага кимдир келади, кимдир кетади. Аввалроқ “Машъал”дан Шерзод Темировнинг трансфери расман эълон қилинган. Ҳозирча ундан бошқа янги ўйинчи олингани йўқ. Балки “Пахтакор” айрим футболчилар билан келишиб қўйган бўлиши мумкин (бу катта эҳтимол), фақат буни расман эълон қилишганида билиб оламиз.
Шунингдек, клубни тарк этадиган ўйинчилар бор. Мисол учун Жавоҳир Сиддиқовнинг шартномаси тугагани учун у янги мавсумни “Локомотив”да ўтказиши кутилмоқда. Бундан ташқари, ярим ҳимоячи Садриддин Абдуллаевнинг ҳам шартномаси тугаган ва “Пахтакор” у билан ҳам шартномани узайтиргани йўқ. Клуб матбуот хизматининг айтишича, Игорь Сергеев билан Достон Ҳамдамовнинг шартномаси тугаган ва улар билан музокаралар олиб бориляпти. Жалолиддин Машариповни эса ҳамма билади, у янги мавсумни легионер сифатида бошқа клубда давом эттиради. Тез орада бу футболчининг янги жамоаси расман эълон қилинади.
Ҳозирча шунақа гаплар, “Пахтакор”да. Балки кўп нарса Арвеладзенинг қайтиш ёки қайтмаслигига боғлиқдир. Тез орада ҳаммаси ойдинлашади.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда