23:30 / 15.01.2021
2 429

Шомуродов Мессига ўхшашни истамади: Бўлди, мени ортиқ мақтаманг!

Шомуродов Мессига ўхшашни истамади: Бўлди, мени ортиқ мақтаманг!
Элдор Шомуродовнинг Италия А Сериясида кўрсатаётган ўйини мухлису мутахассисларга манзур бўлмоқда. Кучли бешлик чемпионатлари орасида ўзига хос мураккаблиги билан ажралиб турадиган А Серияга умуман бошқа услубни тарғиб қиладиган ўзбек ва рус футболидан кириб келган легионер қисқа фурсатда футбол жамоатчилиги эътиборига тушди.

Шомуродов октябрь ойида Италияга кўчиб ўтганидан кейин турлича услубга эга икки бош мураббийни кўрди. Ҳар иккисига ҳам ўзининг жойи бошланғич таркибда эканини исботлаб беришига тўғри келди. Аввалига, ўзбек футболчиси учун миллионлар сарфланганини ҳазм қила олмаган генуялик талабчан мухлислар ҳам секин-аста Элдорнинг ўйинига мафтун бўлиб бормоқда.

Ҳар ҳолда ўз қарашларга эга бош мураббий Давиде Баллардинидан мухлислар Шомуродовни мунтазам бошланғич таркибда майдонга туширишни талаб қилаётгани ҳам шундан далолат беради. Яхши биламизки, Европа футболида клуб раҳбарияти ҳам, бош мураббий ҳам аксарият ҳолатларда мухлислар истагини қабул қилади ва улар билан ҳисоблашади. Бўлмаса, босимнинг тагида бўғилиб қолиши тайин...

Кейинги пайтда Элдор Шомуродов италиялик журналистларнинг ҳам севимли мавзусига айланиб қолмоқда. Ўзи ҳам секин-аста машҳурлик масъулиятига кўнига бошлаган ҳамюртимиз ахборот манбаларида бўй кўрсата бошлади.

Италиянинг tuttoatalanta.com сайти машҳурLa Gazzetta dello Sport нашридан иқтибос келтириб, Шомуродов билдирган фикрларни омма эътиборига ҳавола этди. Элдор ўзига нега Ривалдо ва Дидье Дрогба ёқишини ва уни “ўзбек Мессиси” деб аташларига жавобан қуйидаги позициясини билдирди.

- Менга нега Ривалдо ва Дрогба ёқади? Бразилиялик ҳужумчи мен ўйнаган “Бунёдкор”да тўп тепган. Дрогба эса, мен учун ўрнак ва намуна.
Мен “ўзбек Мессиси”манми? Ҳозир фикру хаёлим “Женоа”да. Мақтовлар учун келажакда ҳали имкон бўлади
, - деди Шомуродов.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Италиядаги ҳаётида дуч келаётган қийинчиликлар, Европадаги фаолиятининг ўзбек футболига таъсири ҳақида ҳам гапирди.

- Мен “Женоа”га ўтишга розилик берганимда, Италияда тўқнаш келишим мумкин бўлган қийинчиликлар ҳақида билардим. Олдимни ўзимни кўрсатиш учун фақатгина битта йўл бор эди. У ҳам бўлса, қаттиқ меҳнат қилиш.

Ўзбекистон истеъдодларга бой. Футболчиларимиз хорижнинг кучли лигаларида ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлишга лойиқ. Балки менинг тажрибам уларнинг шу ерларга келишига йўл очар. Бу бугунги кунда мен учун энг муҳим масала
, - деди Элдор Шомуродов.

Асли сурхондарёлик футболчи кучли бешлик чемпионатлари юқори лигасида гол урган биринчи ва ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади. “Женоа” билан 2024 йилга қадар шартнома имзолаган легионеримиз шу кунга қадар А Серия ва Италия кубоги беллашувларида 12 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасига бир жуфт гол урди ва жамоадошларига икки марта голли пас узатди.

Айни пайтда 25 ёшли ҳужумчининг ўйинини бошқа жамоалар мутасаддилари ҳам кузатиб бораётгани ҳақида айтилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов Мессига ўхшашни истамади: Бўлди, мени ортиқ мақтаманг!