21:21 / 16.01.2021
4 268

«Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит» — Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги антиқа баёнот берди

«Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит» — Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги антиқа баёнот берди
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
Ўзбекистон ўзининг энг иқтидорли ва моҳир шахматчиларини йўқотмоқда. Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШ номидан халқаро мусобақаларда қатнашаётган бўлса, унинг опалари — Ўзбекистон тарихида аёллар ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер мақомини олган Нафиса Мўминова ва Ҳулкар Тоҳиржоновалар терма жамоадан четлатилган. Федерацияни яна бир иқтидор эгаси, турли ёш тоифаларида 6 карра жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоров тарк этиши мумкин.

Жавоҳирнинг айтишича, худди шундай муаммолар сабаб кучли шахматчи ва гроссмейстерлар — Темур Гареев, Антон Филиппов (Филиппов федерация эътиборсизлиги сабаб Қозоғистонга кетган), Темур Кўйбакоров ва бошқалар ўз федерациясини алмаштиришга мажбур бўлган.

Муаммолар йиллар давомида йиғилиб (Антон Филипповнинг уч йил аввал тушган ҳолатини ўқинг), охири «портлаган» бир вазиятда, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги антиқа баёнот билан чиқди.

Эмишки, Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда мамлакатимизнинг энг иқтидорли шахматчилари ўртасида юзага келаётган ушбу муаммоли вазиятга вазирлик бефарқ қараб турмайди. Шу мақсадда «Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мавжуд вазиятни холисона ўрганиш ва муаммога адолатли ечим топиш мақсадида Г.Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан учрашган. Унда Гулруҳбегимнинг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлганлиги, истеъдодли шахматчи Ўзбекистон терма жамоасига қайтарилиши, халқаро майдонларда жонажон Ватанимиз байроғини ҳимоя қилишга тайёрлиги каби масалалар ҳам муҳокама қилинган».

«Шунингдек, ёш ва умидли шахматчимиз Ж.Синдоровнинг бобоси Комил Синдоров ва яна бир қанча шахмат мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг дарди тингланди. Шахматчиларнинг оиласи ва Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ўзаро муносабатлари ўрганилди. Таъкидлаш керак, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Жавоҳир Синдоров каби умидли спортчи ёшлар Ҳукуматимиз ва халқимизнинг доимий эътиборида», — қайд этилади баёнотда.

Бу — вазирликнинг шахмат федерациясида юзага келган жиддий масала юзасидан баёнотими ёки маҳалла раисининг бир-бири билан чиқиша олмайдиган эр-хотинни мажбурлаб яраштириш мажлисидаги баённомасими?!

Факт шуки, иқтидорли ва таниқли шахматчилар бекордан-бекорга федерацияни тарк этмайди. Уларнинг сони бир эмас, бир нечта! Бу ҳали биз билганларимиз. Очиқланмаган ҳолатлар бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай вазиятда Ўзбекистонда спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи (вазирлик ўзига шундай изоҳ берган) «қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит» қабилидаги баёнот билан чекланиши муаммо аслида тизимда эканини ўз-ўзидан фош этиб қўяди.

Спорт — профессионалликни талаб этади. Ишини профессионал йўлга қўйган вазирлик масалага аниқ ечим топади, зўрма-зўраки «яраштиришлар» билан шуғулланмайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит» — Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги антиқа баёнот берди