16:19 / 19.01.2021
4 028

Элдор Шомуродовнинг Италия нашрига берган интервьюси

Элдор Шомуродовнинг Италия нашрига берган интервьюси
Элдор Шомуродовнинг «Женоа»га мослашиш жараёни осон кечмаган бўлса-да, у сўнгги ойлардаги ишончли ўйинлари билан нафақат ўзбекистонлик, балки италиялик мухлисларнинг ҳам меҳрини қозонишга муваффақ бўлди. Италиянинг обрўли нашрларидан бири La Gazzetta dello Sport Шомуродовни суҳбатга тортиб, ундан итальян тилини ўрганиш жараёни қандай кечаётгани, машҳурлик ва футболдаги кумирлари ҳақида сўради. Қуйида ушбу интервью ўзбек тилида тақдим этилади.

- «Женоа» таклифини қабул қилганимда Италияда дуч келишим мумкин бўлган қийинчиликлардан хавотирга тушгандим. Шундай бўлса-да, ўзингни кўрсатиш учун ягона йўл машаққатли меҳнат эканини биламан. Бутун фаолиятим давомида шундай бўлган. Ҳозир ҳаммаси ўхшамоқда, бироқ мен эндигина йўлнинг бошидаман, – дея гап бошлади Элдор.

— Янги тил тўсиқ бўлди, аммо сиз дарҳол итальян тилини ўрганишни бошладингиз.
— «Хайрли тонг, хайрли кеч ва хайр...». Буларни мен аллақачон гапира оламан. Аммо вазият жуда қийин бўлган деб ўйламанг. Жамоадошларим менга ёрдам берди. Бошиданоқ ҳамма билан яхши муносабатда бўлдим.

— Сиз футбол оиласида туғилгансиз. Отангиз яхши ярим ҳимоячи, амакингиз эса ҳужумчи бўлган. Италиянинг энг қадимги клубида ўйнаш сизга қандай таъсир қилди?
— Мен бундан фахрланаман. Оиламда ушбу спорт турига бўлган иштиёқ жуда катта. Клуб тарихи ҳақида ўқиб чиқдим. Нимадан бошлаганим ҳақида ўйлаганимда, масъулият ҳисси яна-да кучаяди.

— Ижтимоий тармоқларда кўплаб обуначиларингиз бор эди, Италияга кўчиб ўтиш уларнинг сонини кўпайтирди.
— Мен бор-йўғи А Серияда ўйнаётган иккинчи ўзбекман (биринчиси Илёс Зейтуллаев, 2006—2007 йилларда «Женоа»да тўп сурган). Мамлакатим ёшлари учун ўрнак бўлишни хоҳлайман ва шундай бўлишим керак. Ўзбекистонда чет элда имкониятга эга бўлишга лойиқ истеъдодлар жуда кўп. Эҳтимол, менинг тажрибам бошқа ватандошларимни бу ерга олиб келар. Бу бугунги кунда мен учун энг муҳим жиҳат. Қатъият ва ирода билан сизнинг футболингизда жой топиш мумкин.

— Қандай қилиб бундай жисмоний хусусиятларни техника билан бирлаштиргансиз?
— Мен жисмоний тайёргарлик бўйича жуда кўп ишлаганман. Аммо қолганлари характер масаласидир. Ўзбекистонда «Машъал» академиясида таҳсил олганман: у ерда ҳужумчи нафақат кучли бўлиши кераклиги, балки тўпни ҳам моҳирона бошқара олиши зарурлигини англаб етганман.

— Дрогба ва Ривалдога бўлган мухлислик қандай пайдо бўлган?
— Ривалдо «Бунёдкор»да ўйнаган, унинг футболкасини кийиб юрардим. Дрогба эса кучли ва шу билан бирга ниҳоятда эркин характерга эга футболчи. Шунинг учун ундан ўрнак олса арзийди.

— Моуриньога бўлган иштиёқ-чи?
— Барчаси оддий. У шунчаки биринчи рақамли.

— Сиз доим ҳужумчи бўлганмисиз?
— Йўқ. Фаолиятим бошида мендан ҳимояда ҳам фойдаланиб кўришган. Аммо мен ҳар доим яхши мослашиб келганман. Жамоа учун ўйнайман.

— Элдор — «ўзбек Мессиси». Нега бундай дейишади?
— Ростини айтсам, мен буни ҳеч қачон тушунмаганман. Аммо ҳозир буни қўллаб-қувватлайман.

— А Сериянинг энг яхши футболчиси ким?
— Узун рўйхат. Криштиану Роналдуни айтган бўлардим.

— Давиде Баллардини («Женоа» бош мураббийи) сиз ҳақингизда шундай деди: «У жуда яхши, лекин мен унга ҳозир бу ҳақида айтмайман».
— Мен унинг гапларига қўшилишим керак (кулади). Учрашувлардан кейин ҳар доим, ҳатто улар яхши ўтган бўлса-да, ўйлаб кўришингиз керак: бундан ҳам яхшироқ ўйнашингиз мумкинмиди ёки йўқ. Ҳозир «Женоа» ҳақида ўйлаяпман. Хушомад учун ҳар қандай ҳолатда олдинда вақт бўлади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродовнинг Италия нашрига берган интервьюси