10:28 / 24.01.2021
2 078

Остон Ўруновни “синдириб” бўлмайди!

Остон Ўруновни “синдириб” бўлмайди!
“Уфа”да Остон Ўруновга устозлик қилган ва ҳамюртимиз Россия футболига мослашишида катта ёрдам берган Вадим Евсеев “Спорт Экспресс” нашрига интервью бериб, ўзбек футболчиси жамоадан жой олиш учун қандай қийинчиликларни енгиб ўтгани ҳақида гапирди. Тажрибали мураббий вақти келиб, Остон Ўрунов бор маҳоратини кўрсата олишига ишонч билдирмоқда.

“Уфа”нинг собиқ бош мураббийи Вадим Евсеев интервьюсининг Остон Ўруновга тегишли қисмини таржима қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Сиз Остон Ўруновни жуда яхши биласиз. Унга “Уфа”да устозлик қилгансиз. У “Спартак”да яна сабр қилиши керакми ёки у ҳали Москва клубида ўйнаш ва бу жамоанинг ашаддий мухлислари босимига дош беришга тайёр эмасми?
- Аввало, Остон эндигина 20 га тўлганини унутманг! Ҳар ким ҳам бу ёшда янги жамоага осонликча кўника олмайди. Ўрунов бизнинг чемпионатда ўйнай бошлаганига ҳали бир йил ҳам бўлмади. Унга вақт ва мураббий ишончи керак. Кўп нарса шунга боғлиқ. Лекин “Спартак”дай жамоада ҳар қандай мураббийдан ҳозирнинг ўзида натижа талаб қилинади.

Остоннинг салоҳияти жуда юқори. Жисмоний кўрсаткичлар бўйича ҳам етук футболчилардан қолишмайди. Масалан, унинг жисмоний кўрсаткичлари Никола Влашичники билан бир хил. Ҳатто тана мушаклари ҳажми ҳам ўхшаш.

Ўруновда тезкор дриблинг, майдонни кўра олиш қобилияти, кучли зарба – нимаики керак бўлса ҳаммаси бор. Ҳозир биз ЦСКАга келгунга қадар, ўз даврида “Эвертон”да ўйнаган ва айни пайтда Хорватия терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан бирини Ўзбекистон чемпионатидан келган ёш футболчи билан солиштиряпмиз. Уларнинг ёшида ҳам фарқ бор. Никола Влашич чемпионатимизга етук чарм тўп устаси сифатида келган. Ўрунов эса фаолиятини энди бошлаяпти. Балки, Остон етарли ўйин амалиётига эга бўлиши учун ижарага кетгани маъқулдир.

“Спартак”га ўтишидан олдин унга ЦСКА жиддий даъвогарлик қилганини аниқ биламан. Аслида Остон “Уфа”га ЦСКА ўтган йилнинг январида унга виза олиб беролмаганидан кейин келган эди. Бундан ташқари, ўзбек футболчисини “Рубин” ҳам олишни қаттиқ истаган. Ўтган йилнинг августида “Рубин” билан ўйнаганимизда, қозонликлар бош мураббийи Леонид Слуцкий мендан Ўрунов ҳақида батафсил маълумотларни сўраб олди.

- Ўруновнинг менталитети жиддий клубларда ўйнаш талабига жавоб берадими?
- У оддий, камтар йигит. Жиззаки эмас. Ўзини кўрсатишни ёқтирмайди.

- Ижтимоий тармоқларга қўйилган бренд маҳсулотлар кўз-кўз қилинган машҳур суратларчи?
- Шундай бўлган, нима қилибди? Масалан, менга унинг машғулотларда нималар қилгани муҳимроқ. Машғулотлар жараёнида ўйинни ўзига олишдан, бошқаларни алдаб ўтишдан чўчимас эди. Жамоадаги ёши катта футболчиларнинг бундан жаҳли чиқиб, унга қўполлик қилишарди. Лекин у бирор марта оғриқни кўрсатмаган, тажовузкорлик қилмаган.

Ўрунов оғриқларга чидамли, иродали йигит. Мен унинг келажаги порлоқ эканига ишонаман.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Остон Ўруновни “синдириб” бўлмайди!