08:08 / 10.02.2021
1 892

Ҳалолликни улардан ўрганинг...

Ҳалолликни улардан ўрганинг...
Ортда қолган Италия А Серияси учрашувлари чоғида Андреа Белотти кўрсатган мардлик футбол мухлисларини хушнуд этди. «Аталанта»га қарши ўйинда «Торино» 3 тўп фарқи билан ортда қолаётган бўлса ҳам, Белотти шубҳали жарима зарбасини тепишдан бош тортди. У ҳакамга ҳеч қандай фол бўлмаганини айтди ва нари кетди. Рефери эса, ҳимоячига кўрсатилган сариқ карточкани бекор қилди. Эътиборлиси шундаки, якунда «буқалар» ҳисобни 3:3 кўринишига келтирди. Бундай воқеалар футболда ҳар куни учрайвермайди. Биз бугун Белотти сингари қулай вазиятда туришига қарамай, ҳалол ўйинни афзал кўрган футболчиларни ёдга оламиз.

Паоло Ди Канио

Аслида, италиялик футболчи жанжаллари ва хурмача қилиқлари билан омма эътиборига тушган. 90 йиллар ва янги аср бошида рақибларини асабига тегиш борасида беназир бўлган Паолонинг сиз ва бизга яширин томонлари ҳам мавжуд. 2000 йилнинг 18 декабрь санасида Ди Канио барчани ҳайратда қолдирди.

«Вест Хэм» ҳужумчиси «Эвертон»га қарши баҳсда бўш қолган дарвозани ишғол қилишдан бош тортди. АПЛда ҳар бир очко қадрли эканлигини инобатга олсак, Ди Канионинг қилган иши таҳсинга сазовор.

«Ирисчилар» дарвозасини қўриқлаётган Пол Жеррард танасида оғриқ сезгани учун майдонга ётиб олди. Буни кўрган футболчи ўзини зарба йўллашдан тийди.

«Гудисон Парк» унинг жентельменлигини олқишлар билан кутиб олди. Мавсум сўнггида эса, ФИФА уни ҳалол ўйини учун мукофот билан тақдирлади.

Марсело Бьелса

2019 йилнинг апрель ойида «Лидс» бош мураббийи Марсело Бьелса шогирдларидан гол киритилиши учун рақибга имкон яратиб берилишини талаб қилди. Ваҳоланки, АПЛ йўлланмаси учун жуда муҳим бўлган плей-офф учрашуви эди. «Астон Вилла» жамоаси билан ўйин натижаси «товуслар»га узоқ кутилган АПЛ йўлланмасини тақдим этиши керак эди, бироқ «Эль локо» бундай йўл билан элитага чиқишни истамади.

Гап шундаки, «Лидс» аъзолари "fair-play" қоидасига кўра тўпни рақибга қайтариб бериши лозим эди. Кутилмаганда, улар ҳужумга ўтди ва гол киритди. «Астон Вилла» футболчилари ҳакамга эътироз билдирган бўлсада, гол инобатга олинди. Марсело эса, бундай ғалаба қозонишни ўзига эп кўрмади. Оқибатда, ўйин 1:1 натижаси билан якунланди ва «Лидс» чемпионшипда қолиб кетди.

Ян Вертонген

Ян «Тоттенхэм» ва Бельгия терма жамоасидаги ўйинлари билан мухлислар эътиборига тушган. Ҳозирда «Бенфика» шарафини ҳимоя қилаётган Вертонген ҳам ўз вақтида мард йигит эканлигини барчага кўрсатиб қўйган.

19 ёшли Ян «Аякс» аъзоси эди. «Кумбура»га қарши баҳсда у тўпни “fair-play”га риоя қилиш мақсадида рақибга қайтариб бермоқчи бўлади, бироқ унинг узатмаси кутилмаганда голга айланиб кетади. Вазиятни тўғри баҳолаган қаҳрамонимиз, жамоадошларидан рақибга гол уриш учун имконият яратиб беришларини илтимос қилади. Қарабсизки, «Кумбура» ортиқча муаммосиз ҳисобни тенглаштирмоқда.

Оливер Кан

Футбол оламидаги энг таъсирли воқеалардан бирини ҳам ёдга олиш учун айни вақт. 2000/01 йилги мавсум Европа Чемпионлар Лигаси финалидан сўнг, Мюнхен клуби кипери Оливер Кан амалга оширган жасорат мухлислар ёдидан кўтарилмагани аниқ. «Бавария» ва «Валенсия» ўртасидаги баҳсни пенальтилар серияси ҳал этади.

«Бавария» футбол лотереясида омадлироқ чиққач, Мюнхен клуби байрамни бошлаб юборди. Ўйин қаҳрамонига айланган Кан эса, жамоадошларини ўзидан итарганча Сантьяго Канисареснинг аҳволи билан қизиқишга қарор қилди. Испаниялик дарвозабон ҳаётидаги энг муҳим финални бой бергани учун руҳий тушкун ҳолатда эди. Кан эса, уни юпатиш учун керакли сўзларни топа олди.

«Йиғлама, ўрнингдан тур. Сен билан онанг фахрланади. Бу футбол…

Тўғри воқеа ўйин натижасига таъсир кўрсатмаган, аммо бу ишни амалга ошириш учун ҳам улкан қалб эгаси бўлиш лозим.

Мирослав Клозе

2012 йилнинг сентябрь ойида Германия терма жамоаси собиқ аъзоси Римдаги дебют учрашувида ҳамманинг эътиборини тортди. «Лацио» ва «Наполи» тўқнашувида ҳужумчи бурчакдан узатилган тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Ҳакамлар голни инобатга олди, бироқ ҳужумчи реферининг олдига борди ва голни қўли билан киритганини тан олди. Гол бекор қилинди. Ўйиндан сўнг, Клозе воқеага жуда камтарлик билан изоҳ берди.

«Мен голни қўл билан киритдим. Буни тан олиш керак».

Очиғи, Мирослав бундай ҳолат билан биринчи бор тўқнаш келмаяпти. 2005 йилда «Вердер» сафида ҳакам белгиланган пенальтидан ҳам воз кечган эди. Мирослав футболда ҳалолликни жуда қадрлайдиганлар сирасига киради.

Арсен Венгер ва «Арсенал»

Лондон клуби собиқ бош мураббийи Арсен Венгер ҳам жентельменлик қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйганлардан бири ҳисобланади. 1999 йилнинг 13 февраль санаси, Англия кубоги доирасида «Арсенал» «Шеффилд Юнайтед»ни қабул қилади. Ўйин 2:1 ҳисобида «Хайбери» эгалари фойдасига ҳал бўлади. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Нванкво Кану "fair-play" қоидаларига зид тарзда тўпни рақибларга топширишдан бош тортади ва қанотдан янги ҳужум бошлайди. У узатган тўпни Марк Овермарс «Шеффилд» дарвозасига жойлаб қўяди. Меҳмонлар ҳакамга қанчалар босим ўтказмасин, қонун-қоидага кўра бу голни инобатга олмасликка унинг ҳаққи йўқ эди.

Учрашув якунлангач, жаноб Венгер кутилмаган ташаббус билан чиқди. У «Шеффилд»га ўйинни қайта ўтказиш борасида таклиф жўнатади. Ҳакамнинг қароридан норози бўлган рақиб буни қабул қилади. 10 кундан сўнг ташкил қилинган ўйинда «Арсенал» яна 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Жамоанинг иккинчи голини яна Овермарс киритади, аммо бу сафар ҳеч ким бу голга эътироз билдирмади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳалолликни улардан ўрганинг...