22:00 / 09.02.2021
2 046

Роналду неча ёшига қадар юқори даражада футбол намойиш этади?

Роналду неча ёшига қадар юқори даражада футбол намойиш этади?
Португалиялик футболчи туғилган кунидан бир кун ўтиб, «Рома» дарвозасига тўпни жойлади ва ўз шахсий рекордини анча яхшилаб олди.
- 24 ўйинда 23 гол;
- А серияда 17 учрашув 16 гол. Шу тариқа, Криш тўпурарлар пойгасида Лукакуни ортда қолдирди;
- 30 ёшдан кейин киритилган юбилей 300-гол!;
- 36 ёшда киритган голи орқали, Роналду 20 йилдан бери профессионал даражадаги ўйинларда гол киритган футболчилар қаторидан ўрин эгаллади.

Бу рақамлардан кўриниб турибдики, “Криш” 36 ёшда ҳам ажойиб спорт формасини сақлаб қолмоқда. Футбол оламида дарвозабонлар учун қулай бўлган ёшда Роналду сайёрамизнинг энг кучли ҳужумчилари билан тўпурарлар пойгасида иштирок этмоқда.

Шундай бўлса-да, унинг карьераси абадий давом этмайди. Буни Дос Сантуш Авейру ҳам яхши билади. Фаолияти давомида Жаҳон чемпионлигидан бошқа барча катта мусобақаларда ғалаба қозонган футболчининг фаолияти яқин йиллар ичида якунига етиши аниқ. У босиб ўтган йўл, олдиндаги қисмидан анча узун. Буни ҳужумчининг ўзи ҳам туғилган куни қолдирган постида алоҳида эътироф этди.

36 йил! Худди ҳаммаси кеча бошлангандек гўё… Шунга қарамай, бу саргузаштларга бутун умр хотирамда сақланиб қолади. Биринчи тўпим, биринчи жамоам, биринчи совриним… Вақт учиб кетмоқда! Мадейрадан Лиссабонга, Лиссабондан Манчестерга, Манчестердан Мадридга, Мадриддан Туринга…

Мен ҳар доим футбол учун боримни берганман. Мухлислар ҳам менга ўз севгиси ва садоқати билан жавоб қайтарган. Бунинг учун улардан миннатдорман. 20 йиллик футболдаги фаолиятимни нишонлаб ўтирар эканман, сизларга яна 20 йил футболда қолишни ваъда бера олмайман. Шунга қарамай, футболдаги сўнгги кунимга қадар 100 фоиз куч билан майдонда тўп суришим аниқ!
".

Роналдунинг ўйинидан яна қанча лаззат олиш мумкин?

2016 йилда португалиялик снайпер фаолияти ва келажаги ҳақида қизиқарли режалари билан ўртоқлашган эди.

«Мен футболда узоқ қолиш борасида Алфредо Ди Стефано билан суҳбат қурдим. У 40 ёшга қадар профессионал даражада тўп сурган. Унинг айтишича, мен ортиқча муаммосиз унинг шахсий рекордини янгилашим мумкин экан. Ўзим ҳам футболда 41 ёшга қадар қолишни режалаштиряпман».

Ҳозир Роналдуни 2026 йилда қандай формада бўлишини тахмин қилиш мушкул, бироқ Златан Ибраҳимович фонида бу реал воқеликдек кўринмоқда. Бундан аввалги авлод футболчиларида 40 ёшга қадар бемалол тўп суриш мумкин эди. Сабаби, футболда маҳорат жисмоний имкониятлардан устунроқ кўринар, кичик эпизодлардаги қарорлар ўйин ҳисобига таъсир кўрсатар эди.

Ҳозирги пайтга келиб, биргина маҳорат билан 90 дақиқа мухлисларни ҳайрон қолдиришнинг имкони йўқ. Барча футболчилар ўз жисмоний имкониятларини кенгайтириш мақсадида машғулотларда икки ҳисса куч билан ҳаракат қилишни бошлаб юборган. Роналду эса, буни олдиндан сезгандек ўз физик имкониятларини яхшилаб бормоқда. Унинг организми 25 ёшли йигитларникидек эканлиги ҳозир ҳеч кимга сир эмас. У ҳақидаги бу гап сўзлар қанчалар тўғри? Келинг, профессионаллар фикрига қулоқ соламиз.

Жоау Ароза (Португалиянинг жисмоний тайёргарлигига жавоб берувчи мураббий)
Роналду ортиқча муаммосиз 41 ёшга қадар тўп суриши мумкин. Агар жароҳат тўсқинлик қилмаса, бу ишни амалга ошириш Криш учун муаммо эмас. Уни қолган футболчилардан яққол ажралиб туради, дея олмайман, аммо тайёргарлик кўриш ва машғулотлар чоғида португалиялик ўзгача. У ёши ўтгани сари тезлигини йўқотмайди. Бу муаммога қарши Роналду 30 ёшда кураш олиб боришни бошлаган. Унинг жарима майдончаси ичидаги ҳаракатлари ҳимоячиларни яна 5-6 йил безовта қилиши аниқ”.

Жованни Маури (ПСЖ ва «Реал»нинг жисмоний тайёргарлигига жавоб берувчи мураббий)
ПСЖда ишлаб юрган чоғларим, Златанни 40 ёшга қадар бемалол тўп суришини тахмин қилган эдим. Роналду ҳам Ибра сингари динозавр оиласига мансуб. Бунинг учун, мушакларнинг ўзи кифоя қилмайди. Футболчи эластик бўлиши, ўзини раққослардек эркин ҳис қилиши керак. Шунингдек, вақтида дам олиш ва тўғри овқатланиш ҳам жуда муҳим. 35 ёшда ўйинлардан сўнг тўлиқ тикланиш асосий планга чиқади”.

Фернанду Сантуш (Португалия терма жамоаси бош мураббийи)
"Криш 40 ёшга қадар тўп суриши мумкин, аммо бу амалга ошмаслиги ҳам мумкин. Агар у ўз даражасидан пастроқ футбол намойиш этаётганини сезса, дарров барчасини йиғиштириб ташлайди. У камига рози бўлишга ўрганмаган”.

Кристиан Вьери (Италия терма жамоаси собиқ аъзоси)
Криштиану ҳарбий машина! Мен унинг амалга оширган ишларидан ҳайратдаман. Бундан кейин қилмоқчи бўлган ишларида омад тилайман. У 40 ёшга қадар тўп сура оладими? Роналду оғзида сигарет билан ҳам бу ишни уддалай олади!”.

Роналду оддий футболчилардан ажралиб туради. У доимо ўйинга чанқоқ, голга ҳарис. Шу боис, Пирло уни захирага олган пайт жаҳл отига минади. Андреа ақлли футболчи бўлган. У қўлидаги туз қартасини тўғри ишлатиш учун тез-тез Роналдуни эртароқ дам олиш учун ўйиндан олмоқда. «Интер»га қарши кубок баҳсида Роналду захирага олинганида, норози эканлигини яшириб ўтирмади. «Рома» билан тўқнашувда бу қарор юз фоиз ўзини оқлади. Катта эҳтимол билан, Пирло шогирдининг кучини тўғри тақсимлашга уринмоқда. Агар бу ишни уддалай олса, чемпионлик учун курашда «Юве» яна асосий фаворитга айланади.

Умуман олганда, Роналду яна 20 йил тўп сурмайди, аммо 4-5 йил кўзларимизни қувонтириши аниқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Роналду неча ёшига қадар юқори даражада футбол намойиш этади?