Италия чемпионатининг 22-турида энг қизиқарли учрашувлардан бири “Торино” ва “Женоа” ўртасида бўлиб ўтади. “Stadio Grande Torino” стадиони мезбонлик қиладиган ушбу баҳс 13 февраль куни Тошкент вақти билан 19:00да бошланади.
Италия футболида ўз ўрни ва шонли тарихига эга бўлган бу икки жамоа ўртасидаги рақобат доимо кескин ва муросасиз курашлар билан кечган. Аслида кейинги йилларда “Торино” генуяликлардан қудратлироқ кўринса-да, жорий мавсумнинг иккинчи ярмида устунлик “Женоа” томонида бўлиб турибди.
Маълумки, “Женоа”ни Давиде Баллардини қабул қилиб олганидан кейин жамоа очко жамғариш борасида фақатгина чемпион “Ювентус”дан ортда қолмоқда. Хусусан, генуяликларнинг мағлубиятсиз ўйинлар серияси бештага етди. Шу беш учрашувдан тўрттасида ғалаба ва биттасида дуранг қайд этилди. Бу баҳсларнинг тўрттасида дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинди. Ҳатто, ўтган турда совринли ўринлар ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасига даъвогарлик қилаётган “Наполи” мағлуб этилгани “Женоа”нинг муваффақиятлари тасодиф эмаслигидан далолат беради.
“Женоа” навбатдаги тур олдидан 24 очко билан 12-ўринни эгаллаб турибди.
“Торино”нинг бу мавсумда омади чопмаяпти. Таркиб кучли. Бу жамоа шарафини Андреа Белотти, Сальваторе Сиригу, Кристиан Ансальди, Томас Ринкон, Симоне Дзадза, Антонио Санабрия, Федерико Бонаццоли, Симоне Верди каби таниқли ва маҳоратли футболчилар ҳимоя қилаётган бўлса-да, улар мусобақа жадвали хавфли ҳудуддан узоқлаша олмаяпти.
Ториноликлар ҳозирча, 21 та учрашувда қўлга киритилган 16 очко билан 17-поғонада бормоқда. Энг кўп гол ўтказаётган жамоалардан бири ҳисобланади.
Қизиғи, “Торино” жорий мавсумда атиги иккита ўйинда зафар қучган. Биринчи ғалабасига, айнан Генуяда “Женоа” билан бўлган ўйинда эришган.
Аслида бу жамоалар ўзаро 127 маротаба тўқнаш келган. Устунлик бу галги мезбонларда. “Торино” генуяликларни 50 марта мағлуб этган, 39 та беллашувда кучлар тенг келган, “Женоа” 38 маротаба ғолиб чиққан. Тўплар нисбати “Торино” томонида – 214-180.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда “Торино” “Женоа” учун энг ноқулай рақиб ҳисобланади. Охирги еттита учрашувнинг барида ториноликларнинг қўли баланд келди. Шу ўйинлардан тўрттасини “Женоа” ўз уйида бой берган. Бу серия давом этмоқда ва генуяликлар учун “қора анъанага” айланиб бормоқда.
Гарчи ҳозир ўйин бобида “Женоа” устунлиги яққол кўриниб турган бўлса-да, статистика “Торино” томонида. Қолаверса, уйингда деворлар ҳам қўллайди, дейишади. Бундан ташқари, Давиде Никола шогирдлари ҳам кетма-кет тўртта турдан бери дуранг ўйнаб, мағлубиятлардан қутилиб қолмоқда.
Биз учун энг муҳими, Элдор Шомуродов майдонга тушиб, “Женоа”нинг “қора анъанасига” барҳам бера оладими?
Ўтган турда Элдорнинг ўрнига майдонга тушган Горан Пандев “Наполи”га иккита гол урганидан кейин навбатдаги учрашувда ҳам жамоанинг асосий тўпурари Маттиа Дестрога шерик сифатида бошланғич таркибда ўйнаши тахмин қилинмоқда. Бироқ, Дестро Шомуродов билан эркин ва самарали ўйнайди. Буни ҳамма қатори Давиде Баллардини ҳам билади. У учала ҳужумчининг барини қайдномага киритган. Бу Шомуродов жароҳатидан буткул қутилиб, ўйинга шайлигидан далолат беради.
Пандев илк дақиқалардан ўйнаган тақдирда ҳам Шомуродов майдонга тушиши кутиляпти. Ёши ўтиб қолган Горан 90 дақиқа югура олмаслиги мумкин. Биз эса, Элдор мухлислар ишончини оқлаб, рақиб дарвозасини ишғол қилишини кутамиз. Зеро, Шомуродовнинг гол урмаганига ҳам анча бўлди! “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трампнинг режалари Украина учун қўрқинчли тус олмоқда...