2 047
"ОФКда яна 50 йил қолсак ҳам ҳеч нарсага эришмаймиз" - ЎФА собиқ ходими Шерзод Игамбердиев
Хабарингиз бор, "Локомотив" 28 январь - 12 февраль кунлари Туркияда йиғин ўтказди. 28 январь куни Анталия халқаро аэропортига қўнганимизда, бизни у ерда ЎФА собиқ ходими Шерзод Игамбердиев кутиб олди. "Темирйўлчилар" 15 кун ўқув-машғулот йиғинини олиб борган бўлса, Игамбердиев ҳам доим биз билан бирга бўлди.
Мен Шерзодни анчадан бери таниганим боис ундан интервью олиш ниятим борлигини билдирдим. Натижада ҳар иккаламиз учун маъқул вақтни танлаб, "Локо" Анталиядан қайтишидан бир кун олдин ушбу суҳбат амалга ошди. Айтиш мумкинки, суҳбатимиз очиқ ва самимий кечди.
- Шерзод, аввало ҳозирги фаолиятингиз бўйича маълумот берсангиз.
- Мен 2017 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб "McSport" компаниясида ишлаб келяпман. "McSport" ФИФАдан лицензия олган бўлиб, агентлик фаолияти, терма жамоалар ва клублар ўртасида ўртоқлик учрашувлари ҳамда турли мусобақаларни ташкил этиш билан шуғулланади. Биз Осиё, Африка ва Европа жамоалари билан ишлаб келмоқдамиз. "McSport" дунёдаги энг таниқли ва кучли компаниялардан бири. Биз нафақат эркаклар футболи, балки аёллар футболи, шунингдек футзал билан ҳам шуғулланамиз.
- Компания штаб-квартираси қаерда жойлашган?
- Штаб-квартирамиз Парижда жойлашган. Марокаш пойтахтида ҳам офисимиз бор ва у ердагилар Африка жамоалари билан ишлайди. Москвадаги офисда мен фаолият юритаман. Менга юклатилган вазифа бу рус тилида сўзлашадиган мамлакатлар ва Осиё давлатлари билан ишлаш.
- Сизни Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бўйича компания вакили деса бўладими?
- Нафақат Марказий Осиё, балки бутун Осиё десак тўғрироқ бўлади. Чунки биз Малайзия, Таиланд, Эрон, араб мамлакатлари билан ҳам ишлаймиз. Айтмоқчи бўлганим, Москвадаги офис менга қарашли ва МДҲ, Болтиқбўйи давлатлари ҳамда Осиё билан ишлайман.
- “Локомотив” футбол клубининг Туркия йиғини "McSport" компанияси томонидан ташкил қилинди, тўғрими?
- Ҳа.
- Бу сизнинг ўзбек клуби билан биринчи ишингизми?
- Компаниямиз Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда клубларимиз билан ишлашга доим очиқ. 2018 йил Марокаш ва Сенегал билан ўртоқлик ўйинларини ҳам компаниямиз ташкил қилган. Ўзбекистон U-23 Таиланддаги «Қирол Кубоги»-2017 мусобақасида ҳам компаниямиз оркали қатнашган. Ундан ташқари, Эктор Куперни Ўзбекистон миллий терма жамоасига биз таклиф килганмиз. Лекин Ўзбекистон клублари миқёсида “Локомотив” билан ишлаш биз учун биринчи қадам бўлди. Ўйлайманки, келажакда бошқа клублар билан ҳам ҳамкорликда иш олиб борамиз.
- Сизни “Локомотив”нинг Туркия йиғинида координатор бўлди дейиш мумкинми? Нима десак тўғрироқ бўлади?
- Мен компания номидан “Локомотив” ПФКга таклиф билан чиқдим. Турли вариантларни кўрсатдим. “Темирйўлчилар” истиқомат қилган “The Sense De Lux Hotel” меҳмонхонасини клуб танлади ва ўйлайманки, шароитлар маъқул келди. Туркияда бўлиб ўтган U-20 жаҳон чемпионати пайтида баъзи жамоалар шу ерга жойлашганди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам Туркияга қарши ўртоқлик учрашуви пайтида шу меҳмонхонада истиқомат қилган. Ўтган йил октябрь ойида Гана, Мали, Эрон терма жамоаларини ҳам шу меҳмонхонага жойлаштирдик. Бу меҳмонхона спорт жамоаларини қабул қилиш бўйича катта тажрибага эга. Биз бундан ташқари БАА, Таиланд, Португалия, Сербия, Испаниядаги бошқа меҳмонхоналар билан ҳам ишлаймиз.
- "McSport" компанияси вакили сифатида “Локомотив”нинг Туркия йиғинидан ўзингиз учун қандай хулосаларни олдингиз?
- Майлими, гапни бироз узоқдан бошласам. Мен 2010 йил Ўзбекистон футбол федерациясига ишга кирганман. У пайтлари ассоциация федерация деб юритиларди. Шундан бери турли ёшдаги терма жамоалар билан ишлаб келдим. Клублар миқёсида асосан Осиё чемпионлар лигаси пайтида маҳаллий координатор, яъни LGC бўлиб фаолият юритганман. “Локомотив” билан ҳамкорлик орқали мен клуб билан ишлаш қандай бўлишини кўрдим, доим жамоа ичида бўлдим ва ўзим учун кўп янги нарсаларни олдим. Бу мен учун мактаб бўлди деб айта оламан. Бу ўринда терма жамоа ва клуб билан ишлаш орасидаги кичкина фарқ ҳам кўзга ташланди. Менга энг ёққан жиҳат – клубнинг ички муҳити. "Локомотив"да ички муҳит жуда яхши экан, шундай жамоалар билан ишлаш жуда осон.
- Ўзбекистон футбол федерациясида 2010 йил иш бошлаганман деб айтиб ўтдингиз. Умумий ҳисобда қанча муддат ва қайси бўлимда ишладингиз?
- Айтиб ўтганимдек, 2010 йилда иш бошлаган бўлсам, халқаро бўлимда токи 2017 йилга қадар фаолият юритдим. 2017 йил миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олмаганидан кейин федерацияда кўп ўзгаришлар рўй берди. Янги раҳбарият иш бошлади ва бир нечта бўлимларда кадрлар алмашди. Ўшанда кўпчилик ишдан кетганини яхши биласиз. Тақдир тақозоси билан мен ҳам кетганман. Орадан вақт ўтиб ЎФА раҳбариятида яна алмашинув рўй берди.
2019 йил Равшан Эрматов ЎФА биринчи вице-президенти этиб тайинлангач, у киши мени яна ишга таклиф этиб, халқаро бўлимни топширди. Албатта, бу мен учун катта шараф бўлганди. Ўша пайт Москвада эдим, Тошкентдаги уйимни сотиб тўлиқ кўчиб кетгандим. Лекин Равшан Сайфиддинович таклифи билан яна пойтахтга қайтдим ва ЎФА халқаро бўлимида бўлим бошлиғи сифатида иш бошладим. Олдин етти йил ишлаганимда ўзимда кўп идеялар бўлган ва бўлим бошлиғи бўлиш мен учун шараф ва синов бўлди – эндиликда кўп нарса ўзгариши учун шароитларга эга бўлдим.
- Бу лавозимда қанча вақт ишладингиз?
- 2019 йилнинг июль ойидан 2020 йилнинг июнига қадар. Карантин эълон қилинган пайт Москвага кетдим ва масофали тарзда ишлаб турдим. Лекин кўрдикки, масофавий ишлаган билан ишлаш нотўғри. Мен баъзи ишларни Тошкентдаги ходимларимиз ёрдами орқали бажариб турдим. Май ойига келиб ЎФАдан тўлиқ кетишга қарор қилдим. Бўлим ҳам бунга тайёр эди. Москвада қолиш ниятим бор эди, натижада июнь ойида ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздим.
- ЎФАдан иккинчи марта кетишингизга бирор гап сабаб бўлдими?
- Йўқ, ҳеч ким билан тортишувга борган эмасман. Онам ва оилам Москвада эди, мен эса бир ўзим Тошкентда яшаганман. Кейинчалик мунтазам оилам ёнида бўлишим керак деган қарор келдим. Сабаби шу. Ҳозир халқаро бўлимда ишлаб келаётган ходимларни 2019 йил Алим Арифов иккаламиз йиғганмиз. Ўтган вақт мобайнида янги кадрлар катта тажриба тўплади. Ҳозирги халқаро бўлим жуда кучли деб ўйлайман. Ходимлар ўзбек, рус, инглиз тилидан ташқари испан, поляк, форс тилларини ҳам биладилар. Мен шу болалар билан ишлаганимдан фахрланаман.
- Авваллари фейсбук тармоғида жуда фаол эдингиз. Ҳозир-чи?
- Тўғри, олдин кўпроқ фаол бўлганман. Ўша пайтлари федерация халқаро бўлимида бор-йўғи уч киши ишлардик: мен, Акмал Раҳматов ва Александр Давиденко. Буни эса жуда кам деб биламан. Масалан, биздан қайсидир жамоа ОЧЛда ўйнаса бирорта ходим албатта клуб билан юрарди. Иккита клуб ўйнаса иккита ходим кетарди ва халқаро бўлимда фақат бир киши қоларди. 14та терма жамоа бўлган – қайси бири Тошкентда уйин утказса, биздан кимдир меҳмон жамоа билан юриши шарт эди. Ундан ташқари расмий ўйинлар олдидан комиссар ва ҳакамлар билан кимдир юрган. Ишониш қийин, лекин ҳар куни 23:30гача ишлардим, кейин метрода уйга қайтардим.
Савол туғилиши мумкин: биз ишлаган пайт халқаро бўлим нимага жавоб берган? Биринчидан, федерацияга келган хорижий хатларни таржима қилардик. Ҳар куни 30га яқин хат келади. Федерация номидан ҳамма хатларни ёзиш. Бундан ташқари олий лига клубларининг ОФК лицензиясини олишда кўмаклашиш, клубларни ва ҳар бир терма жамоани регистрациядан ўтказиш, ОЧЛ сафар ўйинларига борадиган клубларга ва терма жамоаларга виза олишда кўмак бериш, четдан келадиган терма жамоалар ёки клубларга виза беришда ёрдам, ҳакамлар визасини ҳал қилиш ва ҳоказо. Четдан ким ташриф буюрса соат неча бўлишидан қатъий назар, аэропортга чиқиб кутиб олардик.
Нафақат миллий жамоа, балки бошқа ёшдаги жамоаларимизнинг ҳам хориж йиғинига ёки мусобақага кетишини таъминлаш ҳам вазифамиз бўлган. Хуллас иш жуда кўп эди. ОФК ва ФИФАга ҳисобот берардик. Айтиш мумкинки, биз фронт ортида ишлаганмиз ва ишимиз кўпчиликка кўринмаган. Мираброр Зуфарович пайтида футзал терма жамоамиз билан биргаликда бешта турли терма жамоа жаҳон чемпионатида ўйнади. Ўша жаҳон чемпионатларида плей-оффга ҳам чиқдик. Буни бемалол катта ютуқ деса бўлади.
- ЎФАга қайтгач, асосан нима билан шуғулландингиз?
- Мақсадлар улкан эди. Равшан Эрматов ЎФА биринчи вице-президенти этиб тайинлангач, бир қатор ишларни амалга оширишга киришди. Шулардан бири - терма жамоаларимиз иштирокидаги халқаро ўйинлар трансляция ҳуқуқи тўлиқ ўзимизга ўтгани дея оламан. Олдин ҳуқуқ “World Sport Group”га тегишли бўлган, кейинчалик компания номи ўзгариб «Lagardere Sports” бўлди. Ва телевизон ҳуқуқлар шу компанияда қолди. Равшан Эрматов енг шимариб ишга киришгач, ҳуқуқни тўлиқ ўзимизга қайтариб олди.
Ҳозир қайси жамоа билан ўйнамайлик, телевизион ҳуқуқ ўзимизда бўлади. Бундан ташкари, ўзимизнинг мутахассислар учун ОФК ва ФИФА орқали тажриба оширишда бир қатор семинарлар ўтказдик. ФИФА-ТВни Тошкентга таклиф қилдик. Мутахассисларимиз Қатарда бўлиб ўтган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида тажриба ошириб қайтишди. Футболимизнинг ўрни ва камчиликларини билиш мақсадида УЕФА инспекциясини таклиф этдик.
- Ўтган йил “Пахтакор” стадионида Ўзбекистон - Эрон ўртоқлик учрашуви ўтказилганида стадионда фақат Эрон рекламалари қўйилди.
- Мен шу уйиндан олдин ассоциациядан кетганман. Лекин, бунга тўғри қараш керак. Замонавий футбол ўзи пул топиши лозим. Ҳар икки давлат терма жамоаси ўйнаганда Эрон компаниялари яхши пул эвазига реклама бериш истаги билан чиқса, нега энди ЎФА йўқ дейиши керак?
- Буни тўғри тушунаман. Футбол бежизга бизнес дейилмайди. Лекин мени ҳайрон қолдирган жиҳат - наҳотки ўша пайт биздан бирорта компания реклама беришга қизиқиб кўрмаган бўлса?
- Албатта, бу ҳам оғриқли мавзу. Бу ўринда таклиф кўпроқ компаниялар ўзидан чиқиши керак деб ўйлайман.
- Фейсбук тармоғига оид саволга тўлиқ жавоб бермадингиз. Ёки хоҳламайсизми?
- Фақат шуни айтишим мумкин, ўша пайтлари биз катта босим остида ишлаганмиз. Ишларни амалга ошириш қийин бўлган. Мен футболдаги кўпчилик қийналиб ишлаётганини кўриб турардим. Лекин айримлар бизни тушунмай ноҳақ танқид қилишда давом этаверган. Терма жамоамиз 2018 йилги жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин келганди. Эсингизда бўлса, охирги босқичда Эрон билан ҳам, Жанубий Корея билан ҳам тенгма-тенг ўйнаганмиз. Ҳеч қайси баҳсда йирик ҳисобда мағлуб бўлмаганмиз. Фақат қандайдир кичик хатолар сабаб мундиалга чиқа олмадик.
Биргина сафарда Сурияга қарши кечган баҳсни ёдга олайлик. Ўйинни ўтказиш учун Малайзияга Дубай орқали учганмиз. Тасаввур қиляпсизми, Тошкент – Дубай - Куала Лумпур йўналиши билан. Ўшанда Сурияга қарши баҳсни Малайзияда бўлса ҳам, Куала Лумпурда ўтказайлик деб айтганмиз, лекин ОФК бошқа шаҳарга қўйган. Кейин Куала Лумпурдан яна бошқа шаҳарга кетганмиз.
Бизга нисбатан ноҳақликларни кўра туриб мен жим тура олмасдим ва фейсбукка нима ёзган бўлсам, фақат терма жамоамизни ҳимоя қилиб ёзганман. Мен футбол ичида юриб футболчилар ва мураббийларга осон эмаслигини жуда яхши тушунаман. Қилган ишимни эса ўзим учун нотўғри деб ҳисоблайман, чунки мен федерация ишчиси бўла туриб чегарадан ўтдим.
- Майлими, шу ўринда бир савол. Сиз терма жамоани ҳимоя қилиб пост қолдирганман деяпсиз. Аслида бу иш билан матбуот хизмати шуғулланиши керак эмасми?
- Ўша йиллари ЎФФ матбуот бўлимида кучли кадрлар ишлаган деб ўйлайман. Муҳрим Аъзамхўжаев, Диёр Имомхўжаев, Санжар Ризаев, Шерзод Ражабов, Бахтиёр Маметов, Зоҳид Акрамов. Улар кейинчалик матбуот бўлимидан кетиб, янада юқорига кўтарилишди. Бу ҳам бежизга эмас. Ўша пайт системамизда баъзи ноқулайликлар юзага келган ва шу боис ЎФФ матбуоти гапирмаган бўлиши мумкин. Ҳар хил давр бўлган.
- Фейсбукдаги постингизда Самвел Бабаянга ҳайкал қўйиш керак дегансиз. Бу жуда кўп тортишув ва эътирозларга сабаб бўлганди. Нима учун шундай ёзгансиз?
- Мен Самвел Бабаянни мураббий сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам ҳурмат қиламан. Ўйлайманки, бизда қандайдир адолатсизлик бор. Масалан, Дилшод Нуралиевни олайлик. Мен у кишини ҳам ҳурмат қиламан. 2012 йил ўсмирлар терма жамоамиз Осиё чемпиони бўлди, бир йўлдан сўнг U-17 жаҳон чемпионатида қатнашдик. Лекин 2017 йил ўсмирлар саралаш мусобақасида футболчиларимиз Осиё чемпионатига чиқа олмаганидан кейин Дилшод Нуралиев кескин танқидга учради. Бир қатор хунук мақолалар чиқди. Менинг шахсий фикрим, ўзбек футболи матбуотига оғир-босиқ таҳлил етишмайди. Биз бирданига ё қаҳрамон қилиб қўямиз ёки душманга айлантирамиз.
Матбуотда чиқадиган мақолаларни нафақат мураббийнинг ўзи, балки оиласи, қариндошлари, фарзандлари ҳам ўқийди. Ва агар мақолада қуруқ танқид бўлса, бу мураббийга жуда таъсир қилади. Ёки бўлмаса Равшан Ҳайдаровни олайлик. 2018 йил ўтказилган U-23 Осиё чемпионатида биринчи ўйинини мағлубият билан бошладик. Шунда гуруҳ босқичи тугамай туриб танқидий мақола чиққанди. Агар чуқур таҳлилга эга танқид бўлса майли. Хато ҳаммада учрайди, ҳатто Моуриньода ҳам. Лекин афсуски, бизда носоғлом танқидлар кўп бўлган.
Мен кўплаб хорижий давлатларда бўлганман: Япония, Корея, Хитой, Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Таиланд ва бошқа давлатларда футбол шароити юқори. Ва мураббийларимиз учун ишлаш осон бўлмаган деб ўйлайман. Ўз навбатида Самвел Бабаян ҳам, бошка мураббийларимиз хам осон бўлмаган шароитда ишлашди ва мен буни яхши биламан. Эътибор беринг, бизга жаҳон чемпионатига чиқиш учун атиги битта гол етмай қолганди. Сурия билан ўйин учун Малайзияга Дубай орқали учганимизни айтиб ўтдим. Бошқалар чартер рейсдан фойдаланган бир пайтда биз бир давлатга иккинчи давлат орқали учганмиз. Футболда майда деталлар бўлмайди ва ҳаммасини инобатга олиш керак.
Самвел Вячеславович ҳеч бир интервьюсида шароитлардан нолимаган ва ҳеч кимни айбдор қилиб кўрсатмаган. Қандай қийинчиликларни кўрган бўлса ичига ютган. Хитойга қарши сафарда кечган баҳсни олайлик, ҳакам йўқ пенальтини берган. Умуман олганда терма жамоамиз Самвел Бабаян қўл остида жаҳон чемпионатига боришга жуда яқин келганди. Шу мутахассис пайтида Элдор Шомуродов, Азиз Ғаниев, Отабек Шукуров каби уйинчилар МТЖда дебют қилганлар.
Яна бир жиҳатга эътибор беринг, Вадим Карленович Абрамов тўғри айтган: нима учун сербиялик футболчилар ва мураббийлар бир-бирини мақтаб кўкларга кўтаради, нима учун биз шуни қилмаймиз. Биз ҳам ўзимизнинг мутахассислар қадрига етишимиз керак эмасми? ЖЧ-2018да биздан Равшан Эрматов бошчилигида ҳакамлар бригадаси ишлади, у кишига Абдулҳамид Расулов билан Жаҳонгир Саидов ёрдам беришди. Алим Арифов комиссар бўлиб, Фарҳод Абдуллаев назоратчи сифатида фаолият юритди. Бахтиёр Намозов пляж футболи бўйича жаҳон чемпионати финалини бошқарди.
Ўзимизда ҳам халқаро даражадаги мутахассислар кўп, масалан Алишер Никимбаев, Карина Мурадян, Аваз Бердиқулов, Санжар Ризаев, Санъат Шарипов. Бу дегани потенциалимиз ростан хам кучли. Лекин нимагадир ўзимизнинг устимиздан куламиз, ўзимизни ёмонлаймиз. “Бунёдкор”да МТЖ учун ёш Шомуродов, Комилов, Ашурматов, Ғиёсов, Ҳамдамовни тайёрлаган мурраббий Сергей Лушан ҳозир қаерда? Жавоб – танқид остида, бу кишини ёмонлайвериб шундай мутахассисни йўқотдик.
Мураббий ва футболчиларга нисбатан кўп ҳурматсизлик қиламиз. Оддий мисол, Игорь Сергеев. Игорни МТЖга Миржалол Қосимов таклиф килган, Осиё Кубоги-2015 саралаш ўйинларида жамоамиз тўпурари бўлган. Эктор Купер терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланганида Сергеевни ҳам машғулотларга чақирганди. Мен Игорни 17 ёшидан бери биламан. У 2012 йил U-19 Осиё чемпионатида 7та гол билан тўпурар бўлганди. ЖЧ-2018га чиқа олмаганимиздан кейин Сергеев қаттиқ босим остида қолди. Купер уни чақирганида босим туфайли биринчи уйинда ҳатто тўпни тўхтата олмаганди. Ваҳоланки у жуда яхши ҳужумчи. Очиғи, ўйиндан сўнг Купернинг штаби ҳам мухлислардан ҳайрон қолган.
Жасур Абдураимов билан Қатардаги U-23 турнирга борганимда Қирғизистон билан ўйнаб 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Ўша ўйинда Қирғизистондан келган кам сонли мухлислар йирик мағлубият бўлишига қарамай, ўз жамоасини охиригача қўллаб туришган. Лекин биз тенг курашда Осиёнинг энг кучли жамоалари билан ноқулай ҳисобда ўйинни тугатсак, мухлисларимиз буни “шарманда” деб айтади. Ахир футболчиларимиз сиз – мухлислар учун уйнайдилар. Улар ҳам oз оиласига ғалаба билан қайтишни хоҳлайдилар.
Агар тоза танқид бўлса, бунга қаршилигим йўқ. Марҳамат, нега мағлуб бўлганимизни телевизорга чиқиб асослаб беришсин, тактикани таҳлил қилишсин, лекин танқид бировнинг устидан кулиш бўлмаслиги керак. Бизнинг гуруҳдан жаҳон чемпионатига чиққан Жанубий Корея билан Эронни олайлик. Кўпчилик кореяликлар жуда кучсиз таркиб деганди, лекин улар мундиалда Германияни мағлуб этишди. Эрон эса Португалия ва Испания билан тенгма-тенг ўйнай олди.
Биз Самвел Бабаян қўл остида ҳам, Миржалол Қосимов бошчилигида ҳам охиригача курашганмиз. Лекин катта марраларни забт етишда бизга боғлиқ бўлмаган кўп нарсалар халақит берган деб ўйлайман. “Жар” стадионида бўлиб ўтган Эронга қарши учрашувни олинг, ҳакам тоза голимизни ҳисобга олмаганди. Олимпия саралаш ўйини-чи? Биз гуруҳда Австралия, Ироқ ва БАА билан жой олгандик. Учта уйиндан кейин Вадим Карленович билан биринчи уринда бўлганмиз. Лекин шундай бўлдики, ФИФА ва ОФК қарори билан БААга 3 очко олиб берилди.
Баҳрайн билан қайтадан ўйнаганимиз-чи? Бунақаси жаҳон чемпионати саралашида олдин кузатилганми? Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳеч замонда тугаган ўйин қайтадан ўтказиладими? Мен бу билан нима демоқчиман, дунёда бизнинг ўзимиздан бошқа дўстимиз йўқ. Биз ҳеч кимга ишонмаслигимиз керак, фақат ўзимиздан бошқа. Агар ўзимизга ўзимиз ёрдам бермасак, бир халқ бўлиб бирлашмасак футболда ҳеч нарсага эриша олмаймиз.
- 2010 йил ЎФФда иш бошладим дедингиз. Федерацияга келишингизга ким сабабчи бўлган?
- Шуни айтишим мумкин, 2001 йилдан бошлаб Россияда яшадим. У ерда мактабни тугатдим ва институтга ўқишга кирдим. Менда ҳозир юрист ва молиячи дипломи бор. Россияда яшаганим билан доим Ўзбекистонга қайтиб шу ерда ишлашни хоҳлаганман. 2010 йил июль ойи бошида Тошкентда синфдошлар йиғиладиган бўлдик. Чунки мен 8-синфга қадар Чилонзордаги 178-мактабда ўқиганман. Синфдошлар билан учрашув чоғида Алим Арифов - ФИФА комиссари, ҳам келди, у менинг синфдошим бўлган. Алимга инглиз тилини яхши биламан, резюмемни федерацияга топшириб қўйсам бўладими деб сўрадим. Ўшанда федерацияда раҳбарият ўзгариб, янги ходимлар ишга олинаётган экан. Мени чақиришди ва икки ой муддатли синов асосида ишладим. Шундай қилиб футболдаги фаолиятим бошланди.
- Келинг, энди бошқа саволга ўтсак. Ўзаро суҳбатларимиз чоғида Ўзбекистон УЕФАга ўтиши керак мавзуси бир неча бор кўтарилди. Буни соатлаб муҳокама қилса бўлади. Сиз эса УЕФАга ўтиш тарафдорисиз. Нима учун шу фикрда эканингизни тушунтириб берсангиз?
- Ўзбекистон футбол федерациядаги кўп йиллик фаолиятим ҳамда Осиё миқёсидаги бир нечта халқаро учрашувларда иштирок этиб якунда бизнинг ўрнимиз УЕФАда деган тўхтамга келдим. Менимча, бизнинг ўрнимиз Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия, Россия, Украина каби давлатлар орасида. Менталитетимиз ҳам ўхшайди.
Ҳозир фикримни тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Аввало шуни айтишим мумкин, аксар ўйинларда ОФК чиқарган қарор ёки ўйинларимизни бошқарган ҳакамлар қарори биз томонда бўлмаган. Яна қайтариб айтаман, буларнинг барчаси менинг шахсий фикрим. Кўп учрашувларда бизга қарши хатолар бўлган. Олдин хам бўлган, кейин ҳам бўлади. Мана яқинда интернетда хабар чиқди: УЕФА Болгарияда мингта кичкина майдонлар қуриб берибди.
- Узр, гапингизни бўламан, ОФК ҳам пул ёки бошқа ёрдам бериб келади-ю? “AFC Grassroots” дегани бор масалан…
- ОФК 250та тўп берганини айтяпсизми? Ўша тўпларнинг сифатини кўрганмисиз? Лекин факт шуки, УЕФА ўз таркибидаги мамлакатлар футболи ривожи учун кўп миқдорда пул беради. Кейин аъзо давлатлар шу пулга майдонлар қуради, шароитини яхшилайди. УЕФА пул бериб, бўлди, майдон қураверинглар демайди. Улар ўз мутахассисларини юбориб нима қилиш кераклигини кўрсатиб беради. Сўнг ФИФАга ўхшаб берилган пулни тўлиқ назорат қилади.
Шундай конфедерациялар борки, пулни бергани билан назорат қилмайди. Пулни фақат сайловдаги овоз учун берадилар. Шу пулни бой давлатларнинг компанияларидан оладилар. Олинган маблағ футболдан бошқа нарсага кетиб қолиши мумкин. УЕФА эса берган пулини тийинигача назорат қилиб туради. Агар футбол ривожи учун пул етмаса яна беради. Масалан, Қозоғистон 2018 йилда УЕФАдан 9 миллион евро олган, Озарбайжон 7 миллион. УЕФА чемпионлар Лигаси гуруҳида уйнаган ФК "Астана" 2015/2016 мавсумда 17 миллион, 292 евро олган. Бу ассоциация учун ҳам, клублар учун ҳам кучли мотивация ва катта ёрдам.
Қолаверса УЕФА ўз мутахассисларини юборади, ривожланишни хоҳлаётган давлатларга ёрдам беради, маҳаллий кадрларни ўқитади. УЕФА ўз ҳисобидан ҳар йили ассоциациялар учун турли ёшдаги турнирлар ўтказади, бунда ҳамма харажатларни – чипталарни ҳам, меҳмонхоналарни ҳам ўзи кўтаради. Яна бир мавзу - ОФК ўз тарихида бирор марта Ўзбекистон вакилини ФИФАдаги аъзоси деб таклиф қилганми? ОФКнинг Ижро Қўмитасида бирорта вакилимиз борми?
ОФК президенти шайх Салмон 2019 йил сентябрь ойида келиб бизга шунча нарсаларни ваъда қилди... Ўзбекистон учун алоҳида ривожланиш дастурини тузамиз, Ўзбекистон энди бизнинг эътирофда деган гаплар бўлганди. Ваъда қилди ва унутди. Биз ҳам унутдик. Бу билан нима демоқчиман, бизнинг ОФКда тутган ўрнимиз кучли эмас ва очиғини айтганда, кучли бўлиш учун асос ҳам йўқ. Ўз сўзимизни доим айта олмаймиз.
Охирги жаҳон чемпионатига саралаш босқичини қараб чиқишингиз мумкин, Япония иштирокидаги баҳсларни кореялик, Корея ўйнаган ўйинларни япониялик ҳакамлар бошқарган. Араблар билан уйнасак – араб давлатидан ҳакам ишлайди. Савол туғилади: нима учун Ўзбекистон иштирокидаги учрашувларни қирғизистонлик ёки тожикистонлик ФИФА ҳакамлари бошқармайди? Тўғри, кўпчилик ўйлайди: агар УЕФАга ўтсак бир умр жаҳон чемпионатига чиқа олмаймиз. Бу ўринда мухлисларни тўғри тушунаман. Лекин ЖЧга чиқишдан нима мақсад? Менимча, ўз давлатини кўрсатиш ва кучли терма жамоалар билан уйнаш.
УЕФАда эса биз ҳар йил кучли терма жамолар билан ўйнаймиз! Клубларимиз айтайлик, Чемпионлар Лигасида эмас, Европа Лигасида ўйнаса! “Манчестер Юнайтед”, “Интер”, ЦСКА каби клублар Ватанимизга келса – бу биз учун катта тажриба ва футболчиларимиз учун катта имконият. Яхши ўйинчиларимиз кўп, фақат битта муаммо - уларни Европада ҳозирча кам билишади. УЕФАга ўтсак, футболчиларимизнинг нархи ҳам ошади. Бундан ташқари, УЕФА аъзоси бўлсак, бизга пул учун эмас, ўзини кўрсатиш учун ҳам яхши мутахассислар келади.
ОФКда қолсак, ўзидан ўзи нимадир ўзгаради деб ўйлайсизми? Вазиятга реал қаранг – бундан яхши бўлмайди, афсус. 1994 йил Осиёда чемпион бўлиб юришни бошладик. 2021 йилга келиб Фаластин, Сурия, Ироқ каби жамоаларга ютқазадиган бўлиб қолдик. Йилдан йилга футболимиз даражаси пасайиб борди. Ҳозир ҳакамларимизни ОФКдаги Мальдив ороллари, Ҳиндистон каби давлатлар инструкторлари ўқитяпти. Улар ўрнига Испания, Италия ёки масалан Россия каби инструкторлар келса яхши эмасми?
Ўтган йилнинг март ойида УЕФАдан мутахассисларни таклиф этдик. Улар бизга камчиликларни бирма-бир санаб берди. Камчилик кўп. УЕФАдан келган мутахассис дипломатия кўрсатиб, сизларда ҳаммаси зўр экан деб шунчаки мақтаб кетмайди, балки хато ва камчиликларни бемалол айтади. Уларнинг ёрдамида ўзимиз ўзгарамиз ва янада кучли бўламиз.
Биз ҳар доим мана, яхши раҳбар келиб, вазият ўзгаради деб умид қиламиз. Бизга яхши раҳбар эмас, система керак. Кучли системанинг ўзи кучли раҳбарни тайёрлаб беради. Ишламайдиган системада кучли раҳбар ҳам кўп нарсани ўзгартира олмайди. Бизда раҳбар кетса ҳам, система тўғри ишлаши керак.
УЕФАга ўтсак яхши бўлишининг яна бир сабаби - футболчиларимиз 14-15 ёшидан бошлаб Голландия, Германия, Испания, Англиядаги тенгдошлари билан бирга ўсадилар. Бизда жуда яхши футболчилар бор, лекин кўпинча кучсиз рақиблар билан ўйнаб келамиз. Ўзимиз учун планкани пасайтиряпмиз. Масалан, Қозоғистон секин-аста ривожланишга эришяпти. Улар расмий уйинда Шотландияни 3:0 ютишди.
Шунда биз ҳам Европанинг кучли вакиллари билан ўйнашни орзу қилмаймиз, балки улар билан ўйнаш имконига эга бўламиз. Менимча, бизнинг клублар УЕФАда аутсайдер мақомига тушиб қолмайди. УЕФАга ўтсак кучли ҳомийлар қизиқиши ортади. Кўпроқ пул кириб келади. Бундан ташқари туризм ҳам ривожланади.
Агар Европа терма жамоалари ёки клублари билан ўйнасак, улардан кўплаб ишқибозлар ташриф буюради. Миллий терма жамоа мисолида олайлик, қачонки Япония ёки Жанубий Корея билан ўйнасакгина улардан мухлислар келиши мумкин. Лекин бошқа давлатлар билан ўйнаганда бундай бўлмаяпти. Европада эса мухлисларнинг сафар учрашувларига бориши аллақачон одат тусига кирган. Шу орқали Ватанимизни янада танитиб оламиз.
УЕФА қарори билан Европа чемпионатининг бир қатор ўйинлари шу йил июнь ойида Бокуда ўтказилади. Биз Озарбайжондан кам эмасмиз. ОФКда хоҳлаймизми-йўқми, пули кўп ассоциациялар доим ҳақ бўлиб чиқаверади. Яқин йилларда мана кўрасиз, Ҳиндистон билан Таиланд футболи ривожланиб кетади. Чунки уларда ҳам катта пул бор.
Менинг фикримча, ОФКда яна эллик йил қолсак ҳам ҳеч нарсага эришмаймиз. УЕФАда нафакат ўйинчилар, мураббийлар – футбол ичидаги мутахассислар хам катта тажриба оладилар. УЕФАнинг хар хил йўналишда дастурлари бор – маркетинг, ОАВ, медицина, стадионлар қуриш, менежерлар, собиқ футболчилар учун. Биз ҳам хоҳлаймизми-йўқми, тўғри ишлашга мажбур бўламиз.
Мен сизга айтсам, Осиёдаги футбол – футбол эмас. Сиз Осиё чемпионлар лигасининг бирорта финалини тўлиқ кўрганмисиз? Ҳозир чемпион ким? Кўчада бирорта болани Осиё клуби футболкасида кўрасизми? УЕФА учун футбол бу - шоу. Мамлакатимизга ҳам шоу келсин. Биз футболни севадиган давлатмиз, мухлисларимиз ҳақиқий футболни кўришга лойиқ.
- Хўп, биз УЕФАга ўтишимиз мумкинми?
- Ҳа, мумкин. Ахир биз олдин собиқ Иттифоқ пайтида 70 йил УЕФА таркибида бўлганмиз. Географик томондан қарайдиган бўлсак, Осиё давлатимиз. Лекин биз УЕФАга ўтамиз демаймиз, балки ўзимиз бўлган олдинги ташкилотга қайтамиз деймиз. Уйимиз шу. Энг муҳими, ҳозирги УЕФА раҳбариятининг позицияси. Менинг шахсий тушунимча, ўтган йил март ойидаги суҳбатлардан кейин бизда УЕФАга қайтиш имконияти бор.
- Шу ўринда ЎФА буни хоҳлайдими деган савол туғилади.
- Мен бу мавзу бўйича ЎФА раҳбарияти билан хеч качон гаплашмаганман ва уларнинг ичидан нима ўтаётганини билмайман. Буни аввал журналистлар ва мухлислар ўртасида овозга қўйиш керак. Ўйлайманки, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб УЕФАга қайтса бўлади. Чунки бундай имконият бошқа бўлмаслиги мумкин. Биз ё пайтдан фойдаланиб ўзимиз бўлган олдинги ташкилотга қайтамиз ёки бутунлай шу ерда қоламиз. ОФК футболимиз ривожи учун ҳеч нарса қилмаган. Ҳаммасига ўзимиз собик Иттифоқ пайтида олинган тажриба туфайли эришдик. Катта денгизда сузишни хоҳласанг, денгиз ёнига бориш керак. Ўз ўзидан денгиз сенинг олдингга келмайди.
- Ҳеч агент сифатида ўзингизни синаб кўрганмисиз?
- Жасур Абдураимов 1997 йил туғилган футболчиларни бошқарган пайт Японияга боргандик. Ўша ерда таниқли япониялик агент Том Хирасава билан танишганман. Мен уни бизда ҳам яхши футболчилар бор, келиб кўринг деб Ўзбекистонга таклиф қилгандим. Орадан икки-уч ой ўтиб у юртимизга келди ва “Насаф” иштирокидаги баҳсни кузатди. Ўшанда Шароф Муҳитдинов, Азиз Ғаниев ва Бобир Абдухолиқовни тавсия қилгандим. Лекин шундай бўлдики, агентга Фозил Мусаевнинг ўйини ёқиб қолди ва Мусаев Япония чемпионатига йўл олди. Агент бўлиб ишлаган эмасман-у, лекин япониялик агентга ёрдам берганман. Кейинчалик шу агент орқали кўп футболчиларимиз Корея ва Японияга йул олдилар.
- Келажакдаги режаларингиз нималардан иборат?
- Шуни айтишим керак, футболни жуда яхши кўраман. Мактабдан бўш пайтлари ҳам кўп футбол ўйнардим, болалигимдан "Пахтакор" ва МҲСК стадионларига борардим. Ҳозирча ўзимни "McSport" компаниясига бағишлаганман ва келажакда нималар бўлиши ҳақида ўйлаётганим йўқ. Лекин, умид киламанки, футболда қоламан.
- Шерзод, суҳбат учун ташаккур. Доимо соғ бўлинг ва ишларингизга омад ёр бўлсин.
Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Путин Трамп президентликка киришгунгача Курск вилоятини қайтариб олмоқчи