16:16 / 16.03.2021
2 369

Ҳакамнинг хатоси билан қўлга киритилган ғалаба "Сўғдиёна"га ноқулайлик туғдирмаяптими?

Ҳакамнинг хатоси билан қўлга киритилган ғалаба "Сўғдиёна"га ноқулайлик туғдирмаяптими?
“Сўғдиёна” – “Турон” ўртасидаги беллашув ҳали ҳам қизғин мунозаралар жараёнида десак адашмаймиз. Кеча ЎФА томонидан ҳакамларга қўлланилган жазо эълон қилинди. “Турон” вакилларининг эҳтиросларга бой фикрларини ҳамма кўрди. Аммо ҳали бу борада “Сўғдиёна” томонидан бирор-бир муносабат билдирилмаётганди.

Тўғри, бу вазиятда мезбонларнинг ҳеч қандай айби йўқ, чунки қарорни ҳакам қабул қилди. Аммо ўша учрашувдан кейинги матбуот анжуманида ҳам негадир маҳаллий ҳамкамсбларимиз жиззахликлар устози Улуғбек Бақоевдан ҳакамнинг йўл қўйган хатоси ҳақидаги фикри билан қизиқишмади.

Sports.uz мухбири “Сўғдиёна” сардори Элёр Орифов билан боғланиб ўша ўйиндаги ҳолат ва яна бошқа масалалар бўйича фикрларига қулоқ солди.

“Сўғдиёна”нинг фақат натижа учун ўйнаётгани хусусида
- Чемпионатда иккита турт ортда қолди. Ўйлашимча, ҳозирда ҳамма жамоани даражаси бир хил деб ўйлайман. Ҳамма жамоа ҳам тезроқ оптимал формасига киришга ҳаракат қилади. Асосан иккита турда ҳам натижа учун ҳаракат қилдик. Бундан кейинги учрашувларда янада яхшироқ ўйинларимизни кўрсатиб, оптимал формага киришга ҳаракат қиламиз. Футболда барибир натижа муҳим ҳисобланади. Чемпионат энди бошланди, жамоалар ҳали тўлиқ ўйин услубига кириб олишмаган. Шу сабабли ҳам биз кўпроқ натижа учун курашяпмиз. Яна мухлисларимизни хурсанд қиламиз, деган умиддаман.

“Турон” билан учрашув ҳақида
- “Турон” билан яхши ўйин бўлди. Иккала жамоа ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатди. “Турон”ни ажойиб жамоа деб ҳисоблайман. Суперлигага илк бор чиққанига қарамай, кўплаб клубларга сюрприз тайёрлаб қўйган деб ўйлайман. Баҳсли мунозарага келадиган бўлсак, ўйиндан кейин ўзим ўша ҳолатни видеода кўрдим. Учрашув чоғида кўрмагандим. Ҳамма ҳам хато қилиши мумкин. Балки ҳакам ўша вазиятни яхшироқ кўрмагандир. Нима дейишни ҳам билмайман.

Нима бўлган тақдирда ҳам барча қарорларни ҳакамлар қабул қилишган. Биз бир нима дея олмаймиз. Албатта, ЎФА томонидан ҳакамларга хатолари учун жазо қўлланилди. Аммо бизнинг ишимиз майдонга чиқиб футбол ўйнаш. Кимнидир айблаб, ноҳақ деб айта олмайман. Ҳакамнинг қарори бизнинг фойдамизга чиққан тақдирда ҳам бу – футбол, кимдир ютади, кимдир ютқазади. Боя айтдим, инсон борки, ҳамма ҳам хато қилади.

Ҳакамнинг хатоси билан қозонилган ғалаба ноқулайлик туғдирмаяптими?
- Тўғри, ўйиндан кейин ўша вазиятни кўрдик, ҳақиқатан ҳам ҳакамларнинг хатоси туфайли бўлган экан. Энди буни ўйлагандан фойда йўқ. Чунки ўйин тугаб бўлган. Муҳими, биз уч очкони қўлга киритдик. Тўғри, ўшанда ҳакам аниқ қарор чиқарганида ўйин бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Барибир юз берган ҳолат ноқулайлик туғдиради. Олдиндан нима бўлишини ҳеч ким айтиб бера олмайди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ғалаба билан мағлубият доим ёнма-ён юради.

Энди яна юз берган ҳолат ҳақида гапиришнинг фойдаси йўқ, ҳакам қарорини қабул қилиб бўлди. Боя айтганимдек, бизнинг ишимиз майдонга чиқиб футбол ўйнаш ва ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Тўғри, ортиқча гап-сўзлар кўпайди. Бундай вазиятда кимдир тўғри ёки нотўғри тушунган. Очиғи, бир нима дейишга ҳайронман.

Жамоанинг асосий вазифаси нима?
- Бу йилги жамоамизнинг вазифаси ҳар йилгидан ҳам кўра, яхшироқ ўйинлар кўрсатиб, янада юқори ўринни эгалламоқчимиз. Жамоамиз билан битта мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қиламиз. Ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламан. “Сўғдиёна” катта вазифалар учун курашади. Нима бўлишидан қатъий назар ҳар бир учрашувга ғалаба учун чиқамиз.

Элёр Орифовни фақат “Сўғдиёна” учун ўйнаётгани тўғрисида
- Катта футболга қадам қўйганимдан бери “Сўғдиёна” жамоасида тўп суриб келяпман. Бу она шаҳримнинг жамоаси. “Сўғдиёна”ни учун ҳар доим боримни бераман. Клубни ривожлантириш учун қўлимдан келганича ҳаракат қилиб келяпман. Очиғи, бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлди ва кўриб чиқдим. Аммо яна “Сўғдиёна”да қолишга қарор қилдим. Балки келажакда янги босқичга қадам қўярман. Лекин ҳозир эмас. Ўз ўрнимни “Сўғдиёна”да деб биламан.

“Навбаҳор”ни қандай мағлуб этишди?
- “Навбаҳор” майдонида тўп суриш ҳар бир жамоа учун жуда қийин. Чунки бу клубни яхши биламиз. Айниқса, мухлисларининг жамоасини қандай қўллаб-қувватлашидан хабаримиз бор, буни бутун Ўзбекистон билади. Ўша ўйинга келсак, фақат ғалаба учун курашдик. Якунда жамоавий ўйиннинг эвазига уч очкони қўлга киритдик. Мураббийимиз таъкидлаганидек, асосан ғалабани кўзлаб майдонга тушгандик. “Сўғдиёна” неча йиллардирки, Наманганда ғалаба қозона олмаётганди. Мана шу ёқимсиз анъанани бузиш мақсадида ҳам майдонга уч очко учун чиққандик.

Юқорида айтдим, Суперлига баҳслари яқиндагина бошланди. Барча жамоаларнинг даражаси бир хил. Ҳозир ким жисмонан тайёр бўлса, ўша жамоа ютади деб ўйлайман. “Навбаҳор”га омад тилайман. Яхши таркибга эга. Ҳаттоки, учрашувдан сўнг, наманганлик ишқибозлар бизни ғалаба билан олқишлаб қўйишди. Бунинг учун раҳмат.

“Сўғдиёна”нинг иккита ўйинидаги турли фикрлар хусусида
- Тўғри, иккита ўйинда ютдик. Намангандаги учрашувдан кейин кўплаб мухлислар ва футбол мутахассислари бизга табриклар жўнатишди. Уларга катта раҳмат. “Турон” билан учрашувдан ҳам кейин табриклашди. Юқорида айтдим, бизнинг ишимиз футбол ўйнаш ва ғалаба қозониш. Мухлисларимиз ва мураббийларнинг ишончни оқламоқчимиз. Ҳозирги жараёнда биз учун асосан натижа муҳим. Ҳа, ҳар хил гаплар бўлди. Ҳакамнинг нотўғри қарори билан ғалаба қозонди, деган гаплар ҳам бор. Аммо бу қарорни ҳакам қабул қилди. Балки ўша ҳолатни у кўргандир ёки кўрмагандир. Ҳакамнинг ишига аралаша олмаймиз. Бундан бошқа ҳеч нима дея олмайман. Футболда кимдир ютади, кимдир ютқазади. Бизни қувонтиргани уч очкони қўлга киритдик.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳакамнинг хатоси билан қўлга киритилган ғалаба "Сўғдиёна"га ноқулайлик туғдирмаяптими?