18:39 / 22.03.2021
2 859

Элдор Шомуродов Гана билан ўйин ва «Ювентус»нинг қизиқиши ҳақида

Элдор Шомуродов Гана билан ўйин ва «Ювентус»нинг қизиқиши ҳақида
Ўзбекистон миллий жамоаси йиғинига чақирилган «Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродов ЎФА матбуот хизматига берган интервьюсида Гана ва Ироққа қарши кечадиган ўртоқлик учрашувлари, «Женоа»даги фаолияти, «Ювентус»нинг қизиқиши ва бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

Гана ва Ироққа қарши бўлажак ўйин ҳақида
- Олдимизда ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасида учта жуда қийин ва муҳим ўйин кутиб турибди. Шуни инобатга олганда Гана ва Ироққа қарши ўртоқлик баҳслари ҳам биз учун муҳим аҳамият касб этади. Чунки кўп вақт мобайнида миллий жамоа оптимал таркибда йиғила олмаганди. Олдиндаги ҳал қилувчи ўйинларга яхши тайёргарлик кўриш учун бу баҳслар муҳим ҳисобланади. Олдинги йиғинларга кела олмаган бўлсам-да, миллий жамоамизнинг ўртоқлик ўйинларини имконқадар томоша қилдим.

«Миллий жамоадан кўра, «Женоа»да босим кучлироқ»
- Миллий жамоада босим кучлироқми ёки «Женоа»да? Клубимда кўпроқ деб ўйлайман. Чунки «Женоа»да ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш ва миллий жамоамизга кўпроқ ёрдамим тегиш учун ҳаракат қиламан. Тўғрисини айтсам, «Женоа»да ҳам миллий жамоанинг ўйинларини кутиб яшайман. Ҳар сафар миллий жамоага катта хурсандчилик билан қайтиб, маза қиламан. Италияда эса босим кучли, клубимда ўзбекистонлик ўйинчи сифатида мендан кўпроқ нарса кутишади. Шу боис у ерда босим кўпроқ.

«Женоа»га кимни олиб борардим? Достон Ҳамдамов билан бир-биримизни яхши тушунардик»
- Ўзбекистондан яхши шерик олиб кел дейишса, «Женоа»га қайси футболчини олиб борардим? Жуда қийин савол. Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Бу миллий жамоадан бўларди. Масалан, Достон Ҳамдамов билан «Бунёдкор»да бирга тўп сурганимизда майдонда яхши чиқишардик. Ўзи ҳаётда ҳам қайси футболчи билан яхшироқ чиқишсангиз, майдонда ҳам айнан у билан бир-бирингизни яхшироқ тушунасиз.

«Топ-клубга ўтишдан қўрқмайман»
- «Ювентус» ростан ҳам қизиқди деб ҳисобласак, топ-клубга ўтишга қандай қарайман? Бу ҳаёт жуда тез ўтади. Имконият бўлса, фойдаланиш керак деб ўйлайман. Чунки рақобатдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Ўз кучимга ишонганим боис, кучли клубга ўтган тақдиримда ҳам захирада ўтириб қолишдан қўрқмайман.

«Женоа»ни танлашимга учта сабаб бор...»
- Нега айнан «Женоа»ни танладим? Биласизми, ўшанда агентларим билан маслаҳатлашиб шундай қарорга келгандик. Биринчидан, Генуя клуби одатда ҳужумчиларни сотиб олиб, кейин бошқа клубга сотишини инобатга олиб «Женоа»га ўтганман. Иккинчидан, бу клубга ўсишга эришиш мумкинлиги, жамоа футболчига яхши таклиф тушса, узоқ ушлаб ўтирмай сотишни маъқул кўриши ҳам бизни «Женоа»ни танлашимизга сабаб бўлган. Учинчидан, Генуяда футболга қизиқиш юқорилиги, «Сампдория» - «Женоа» ўйини Италиядаги асосий дербилардан бири эканлиги ҳам муҳим факторлардан бири бўлган, дейди Элдор Шомуродов ЎФА ютуб-каналига берган интервьюсида.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси 26 март куни Наманганда Гана, 29 март куни эса Тошкентда Ироқ миллий жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов Гана билан ўйин ва «Ювентус»нинг қизиқиши ҳақида