22:43 / 19.04.2021
2 519

Гимнастикачи қизларимиз Жаҳон кубогида иккинчи бор шоҳсупага кўтарилишди


Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг иккинчи босқичи ўз якунига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида ҳам Екатерина Пирожкова мураббийлигидаги жамоамиз гуруҳ машқларида ўзининг ғолибона одимини давом эттирди.

Гуруҳ машқларида Ўзбекистон терма жамоаси яна шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди ва қизларимизнинг оламшумул ғалабаси шарафига яна Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳияси янгради.

Нилуфар Шомуродова, Динара Равшанбекова, Ксения Александрова, Севара Сафоева ҳамда Камола Ирназарова 5 тўп билан машқларни ажойиб тарзда бажаришди ва уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳакамлар томонидан энг юқори баҳоланди – 40.95.

2-ўринни икки очкодан кўпроқ фарқ билан Белорус терма жамоаси эгаллади. Уларнинг чиқиши 38,65 балл билан баҳоланди. 5 тўп билан машқ бажаришда 37,60 балл жамғарган Исроил терма жамоаси кучли учликни якунлаб берди.

Уч ҳалқа ва икки жуфт булава билан машқ бажаришда белоруслик гимнастикачилар тенгсиз эканлигини исботлашди – 38,65 балл билан улар 1-ўринга сазовор бўлди. Ушбу йўналишда ҳамюртларимиз 37,70 балл билан кумуш медални Тошкентда олиб қолишди. Бронза медали яна исроиллик қизларга насиб этди. Уларнинг чиқишини ҳакамлар 34.95 балл билан баҳолади.

Жаҳон кубогининг шахсий биринчилигида Ўзбекистон шарафини истеъдодли қизларимиздан Сабина Ташкенбаева ҳамда Екатерина Фетисовалар ҳимоя қилишди. Ҳар иккала спортчимиз ҳалқа билан машқ бажаришда финалга йўл олди. Якуний натижаларга кўра, Сабина 5-ўринни эгаллаган бўлса, Фетисова 8-ўрин билан кифояланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гимнастикачи қизларимиз Жаҳон кубогида иккинчи бор шоҳсупага кўтарилишди