13:40 / 24.04.2021
2 584

Рамзан Қодировнинг ўғли ноҳалол ғалабада айблангач, реванш жангини ўтказишга тайёрлигини билдирди


Фото: «Грозний-информ»
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров адолатсиз ғалабада айбланганидан сўнг рақиби Аслан Биттиров билан реванш жангини ўтказишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

«Мен биринчи ва иккинчи раундларда рақибни яқиндан ўрганишни, учинчисида ҳужум қилишни истагандим, аммо улар тўхтатиб қўйишди. Мен бундан мамнун эмасман», — деди кичик Қодиров. У Биттиров билан қайта беллашишга тайёрлигини айтди: «Ким шубҳа қилаётган бўлса, гаров боғласин, мен сизга кўрсатаман».

13 ёшли Қодиров 8 апрель куни Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмат Қодиров хотирасига бағишланган профессионал бокс бўйича халқаро турнирда Биттировни мағлубиятга учратган эди.

Жанг давомида иккинчи раундда Биттиров бир нечта зарбани ўтказиб юборди, шундан сўнг ҳакам рақиби Қодиров фойдасига ўн сония санай бошлади. Шу билан бирга, Қодировнинг рақиби ўзини дадил тутиб турган эди ва жангни давом эттиришга тайёр эди, аммо ҳакам барибир нокдаун қайд этди ва Биттировнинг секунданти рингга сочиқни ташлади.

Кейинчалик Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудов ким энг кучли эканини аниқлаш учун кичик Қодировнинг қайта жанг ўтказишга тайёрлигини эълон қилди: «Адам исталган вақтда қайта жанг қилишга тайёрлигини айтди. Мен унинг сўзлари ҳавойи эмаслигини биламан».

Бундан ташқари, Даудов жангдаги ҳакам ҳақида ҳам гапирди. Даудовнинг сўзларига кўра, «ҳурматли ва таниқли ҳакамлар» томонидан мусобақадаги ҳакам ўзини профессионал тарзда тутгани айтилган. «Энг муҳими, ушбу ёш тоифасидаги болаларнинг соғлиғи», — дея таъкидлади у.

Аввалроқ Рамзан Қодиров ўғлининг бокс жангида ҳалол ғалаба қилмагани ҳақидаги гапларни «қора пиар» деб атаган эди. «Агар ҳакам зарба кўзга текканини кўрса, у ҳолда жангни тўхтатиши керак. Бу менинг ўғлимми ёки бошқами, фарқи йўқ», — деди Чеченистон раҳбари Instagram’да жонли эфирда.

2016 йилда аралаш яккакурашлар жангчиси Фёдор Емельяненко Грознийдаги болаларнинг жангларини қоралаб, улар вояга етмаганларнинг жисмоний ва психологик ҳолатига тузатиб бўлмайдиган зарар етказиши мумкинлигини айтган. Бунга жавобан Қодиров мусобақа «ўйин кўринишидаги дуэл» эканини айтган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рамзан Қодировнинг ўғли ноҳалол ғалабада айблангач, реванш жангини ўтказишга тайёрлигини билдирди