3 131
"Андижон" раҳбари: "Юрий Сёмин билан музокара бошланган, шу ойнинг охирида Москвада учрашамиз"
Сўнгги кунларда “Андижон” клубидаги ўзгаришлар кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратгани табиий. Мавсумдаги навбатдаги мураббий истеъфоси ушбу клубда юз берди.
Ҳозирча “Андижон” бешта ўйинда биттадан ғалаб ва дуранг, шунингдек, уч марта мағлубиятга учраб 12-ўринда боряпти. Ҳозирча Ёрқин Назаров бош мураббийлик вазифасини бажариб туради. Лекин клуб раҳбариятининг режаси бўйича кейинчалик хорижлик тажрибали мутахассисни олиб келмоқчи.
Куни кеча sports.uz мухбири “Андижон” клуби хўжайини Журъатбек Қувватов билан учрашди ва бир қанча саволларга жавоб олди.
- Дастлабки савол ўз-ўзидан бош мураббий ўзгариши билан боғлиқ. Ғуломхўжаевни истеъфога чиқариш сизнинг ташаббусингизми?
- Албатта, бу ўзимизнинг ташаббусимиз. Ўйинларни кўряпсиз, назаримда нимадир етмаётгандек. Тўғри, жамоамиз ҳали ёш, бироз вақт кераклигини ҳам тушунаман. Аммо бизнингча, жамоа аниқ бир йўналиш ва тактикага туша олмагандек туюлди. Кўп сонли мухлисларнинг эътирози ҳам бўлди. Футбол – бу миллионлар ўйини. Клубнинг эгаси мен бўлганим билан барибир ишқибозларнинг ҳам фикрларига қулоқ солиб турамиз. Улар бизга ёмонликни хоҳлашмайди. Кўп сабабларга кўра, Отабек Ғуломхўжаев билан шартномани бекор қилишга келишиб олдик. Бу мураббийга миннатдорчилик билдираман, жамоамиздаги иши учун. Чунки қийин пайтда “Андижон”га ёрдам берди. Лекин футболнинг ичига қанчалик кириб борганингиз сари яхши ўйинлар ва юқори натижалар кўрсатгингиз келаверар экан.
- Йил бошидаги тақдимот маросимида бир йил давомида қандай натижа бўлишидан қатъий назар мураббийга имконият берилади, унга тегмаймиз, деган гапни айтгандингиз...
- Бизни ўқиётганлар бу икки хил гапирар экан, деб тушунишмасин. Биз бу соҳада янгимиз. Агар фармацевтика бўйича бўлса, бу борада адашмаймиз. Футболда иш бошлаганимизга энди бир йил бўлади. Ҳали ҳам бу соҳанинг ичига тўлиқ кирганимиз йўқ деб ўйлайман. Ўрганиш жараёнидамиз. Қаердадир хатога йўл қўйганимизни билсак тўхтаяпмиз ва тўғри йўлга тушиб олишга ҳаракат қиляпмиз. Адашганимизни ҳис қилиб, хатоларни тўғрилаш ҳам катта нарса.
- Ёрқин Назаров вақтинча бош мураббий этиб тайинланди. Кейинчалик жамоанинг бошқарувини кимга топшириш мўлжалланяпти?
- Бу масалада шошилмаймиз, яхшилаб ўрганамиз. Ўзбекистондан мураббий олмоқчи эмасмиз, хориждан олиб келамиз. Бор эътиборимизни шунга қаратганмиз. Аммо ҳозирча Ёрқин Назаровга ишониб топширдик. Уни ҳам тажрибаси бор. Яхши натижаларга эришса, бошқа мутахассисни кўриб чиқишимиз чўзилиши мумкин. Ўзингиз билгандек, бу натижаларга боғлиқ. Аммо биз хорижлик мураббийлар билан музокараларни бошлаганмиз. Масалан, россиялик таниқли мутахассис Юрий Павлович Сёминни айтишим мумкин. Биз бу мураббий билан гаплашиб турибмиз. Май ойининг охирида Москвада учрашишни режалаштирганмиз. Ҳозирда телефон орқали суҳбатлашиб турибмиз. Қолаверса, Бразилиядан икки нафар номзодимиз бор. Туркиядан битта ва Испаниядан ҳам иккита номзодларимиз мавжуд. Булардан ташқари, Польша ва Украинадан ҳам кўриб чиқаётган вариантларимиз бор. Ҳаммасини ўрганиб чиқамиз. Бу Ёрқин Назаров билан тез орада хайрлашамиз дегани эмас. Керак бўлса, келадиган хорижлик мураббий билан ҳамжиҳатликда ишлайди, тажрибасини орттиради.
- Раҳбар сифатида жамоанинг ҳозирги таркибидан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
- Реалистман. Чўнтагимга қараб қадам босаман ёки бўлмаса бизда кўрпангга қараб оёқ узат, деган гап бор. Ўйлайманки, бизни тикаётган пулимизга яраша жамоамиз бор. Ўта паст ёки баланд дея олмайман. Кўпчилиги ёш футболчилардан иборат. Тўғри, мухлисларимиз катта талаблар қўйишяпти. Бу бир йиллик жамоа эмас. Олдимизда турли йўллар бор эди. Бу йил иқтидорли ёшларни олиб, уларни тарбиялаш бўйича режа қилдик. Йиллар давомида инфраструктурамиз яхши ишламаган. Футболчиларга сафрланадиган ортиқча пулларни биз стадионга ҳам сарфлаяпмиз. Автобус олдик ва ёки бошқа камчиликларни ҳал қиляпмиз. Биз бу йил катта пул сарфлаб бир йиллик жамоа тузмоқчи эмасмиз. Катта тажрибага эга футболчиларни олиб келишимиз мумкин, аммо бу кутилган натижани бермаса, улар бир йилдан кейин кетаверишади. Биз эса ҳеч нарсасиз қоламиз. Бирданига ҳамма нарсани яхшилаб юборишнинг имкони йўқ. Бизнинг танлаган йўлимиз йиллар давомида ўз натижасини беради, деб умид қиламан.
- Шунингдек, мухлисларга уч йилда чемпионликни ваъда бердингиз. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, айтган гапингиз тўғрилигига ишонч ҳосил қиляпсизми?
- Бу йил Суперлигада қолсак, уч йилда чемпионликка қаттиқ ҳаракат қиламиз. Аввало жамоанинг ўзагини шакллантиришга интиляпмиз. Кейинги йили янада иқтидорли ижрочиларни олиб келамиз. Кейин учинчи йилга катта кучни сарфламоқчимиз. Биз бу мақсадимизга босқичма-босқич тайёрланиб борамиз. Агар бунга бирданига эришамиз деб ўйласак, унда пулимизга куйиб қоламиз. Мессини олиб келсанг, Чемпионлар лигасини ютиб бераман, деб ҳеч ким ваъда бера олмас экан-да! Биз вазиятга ақл билан ёндашяпмиз.
Шунингдек, кўпчиликка айтгандим, аслида биз ҳали Суперлига жамоасини олишга тайёр эмасдик. Вилоят раҳбарларининг бизга бўлган ишончи туфайли бу вазият тезлашиб кетди. Энди буни оқлашимиз керак. Мухлислар билан учрашганда ҳам айтгандим, бизни футболдан ташқари икки йил ичида қилаётган катта лойиҳаларимиз бор. Ҳаммаси молиявий имкониятга бориб тақалади. Бу йил қурилаётган обьектларимизни тугатиш арафасидамиз. Ана шундан кейин бор эътиборимизни футболга қаратамиз. Биз чемпионликка эришиш учун бежизга уч йил деб айтмадик, ҳаммаси ҳисобга олинган. Худо бизни қўллаб турса, албатта ниятимизга эришамиз.
- Таркибдаги легионерлар борасида фикрингиз қандай?
- Спорт директоримизга катта раҳмат айтаман, негаки, Пламен Димов масаласида адашмабмиз. У масъулиятни ўз бўйнига оляпти. Тажрибаси бор. Инсон сифатида яхши таассурот қолдиряпти. Тўғриси, Димов билан ошна бўлиб қолганмиз. Оиласини ҳам олиб келган. Эдгар Бернхардт бўйича эса адашибмиз, десак муболаға бўлмайди. Шахсий муаммолари борлиги учун у билан шартномани бекор қилиш арафасидамиз. Ўзи билан келишиб бўлганмиз, молиявий масалаларни ҳал қилиб берсак бўлди. Мартин Боакега келсак, ҳа, у ҳозирча гол ура олмаяпти. Бироқ жамоага фойдаси тегяпти, деб ўйлайман. Агар олдинги чизиқда унга яхши шерик топсак ёки ўйин услубимизни унга мослаштирсак голлар уради. Боаке бўйича адашдик, дейишдан йироқман. Ўтган йили бутун мавсум давомида 26 та учрашувда 3 та ғалаба қозонилган. Бу йил ҳозирча бешта турда битта ғалаба ва битта дуранг...Солиштирсак ёмон эмас, олдинда ҳали кўплаб ўйинлар турибди. Бундан ташқари, бизда ҳужумлар ва имкониятлар бор. Фақат якунига ета олмаяпмиз. Ўтган йили шу нарса ҳам йўқ эди.
- Шунингдек, жамоада дарвозабон муаммоси билиняпти. Яқинда Низомиддин Зиёвутдиновга жавоб берилди. Энди икки нафар посбон қолди. Уларда ҳам ҳали тажриба етарли эмас...
- Зиёвутдинов билан хайрлашиш менинг ташаббусим. Ўзим ҳам ўйинларни таҳлил қиламан. Футбол жамоавий ўйин бўлгани сабабли бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун ҳаракат қилиш лозим. Агар адашаётган бўлсам узр сўрайман, бироқ ортда қолган ўйинларимизни ўрганиб чиққанимизда 99 фоиз хатолар дарвозабон билан боғлиқ. Охирги ўйинлардан олдин ҳам айтгандим, огоҳлантиргандим.
Дарвозабонлар мураббийига ҳам танбеҳ бергандик. Қарасак, барибир ўзгариш бўлмади. Натижада у билан хайрлашдик ва дарвозабонлар мураббийига ҳам жавоб бердик. Тожикистоннинг “Истиқлол” клубида мураббийлик қилган Александр Китни олиб келдик. Осиё Чемпионлар лигасида бу жамоа нималар қилаётганини кўряпмиз. “Истиқлол”нниг асосий дарвозабони ҳам Китнинг шогирди. Бошида у билан ойлик маош масаласида бироз тортишгандик. Сизга қиммат нархга қаердандир дарвозабон олиб келган яхшими ёки менга пул тўлаб, ўзим яхши дарвозабонларни етиштирганим яхшими, деган аниқ саволни қўйди. Хуллас, шундай қилиб у билан келишиб олдик. Лекин дарвозабон ҳам истаяпмиз.
- Иккинчи даврага барибир тажрибали ўйинчилар кераклиги билиниб қоляпти. Бу борада режа қандай?
- Селекция ишлари бошланган. 3-4 нафар дарвозабонлар билан гаплашяпмиз. Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғига ҳам ўйинчи истаяпмиз. Тўғриси, ўзимиздан эмас, кўпроқ легионерларни таклиф қилмоқчимиз. Эдгар кетса, яна битта жойимиз бўшайди. 2-3 та легионер олиб келиш имкониятимиз бор. Адашмасдан яхшисини олиб келамиз, деб умид қиламан. Юқорида Бразилиядан номзод мураббийлар борлиги ҳақида айтдим. Шуни ҳам қўшимча қилмоқчиманки, биз бразилиялик таниқли мутахассис Зико билан ҳам алоқа ўрнатганмиз. Биласиз, у ўз вақтида “Бунёдкор” клубини бошқарган. Ушбу мутахассис жамоамизга ёрдам қўлини чўзган ҳолда мураббий ва футболчилар борасида ҳам ўз тавсияларини бермоқда. Зиконинг укаси футбол агенти сифатида фаолият кўрсатади. Шу сабабли улар бизга номзодларни тавсия қилишяпти. Кейинчалик бу масала бўйича Бразилияга ҳам бориб келишимиз мумкин.
- Шунингдек, ўйинлар чоғида мухлислар учун лотерея ташкил қилиняпти, турли қимматбаҳо совғалар эгаларига топшириляпти, “Спарк” машинаси ҳам ютуқ эгаларига бериляпти. Шунча ҳаракатга яраша фойдаси билиняптими?
- Мен тадбиркорман. Бирор ишни бошлашдан аввал биринчи навбатда сармоя киритилади. Лекин бу бирданига ўзини оқламайди, вақт керак бўлади. Ҳаттоки, сармоянгиз беш йилгача ўзини оқламаслиги мумкин. Биз Аллоҳга таваккал қилганмиз. Ҳозирча бу ишимиз ўзини оқлагани йўқ. Лекин умидимиз бор. Жамоанинг ўйинига ҳам кўп нарса боғлиқ. Ғалабалар бўлиб турса, стадионга мухлисларнинг ташрифи ҳам ортади.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ ва Россия Исроил ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги келишувда воситачи бўлади