11:50 / 21.05.2021
1 982

"Барса" янги бош мураббий изламоқда?! Каталония клубига 4 хил вариант бор!


Ҳозирда, Каталония жамоаси тушиб қолган аҳволга ҳавас қилиб бўлмайди. Клубга янги президент сайлангач, ишни мураббийни алмаштиришдан бошлаш варианти юзага сизиб чиқди. Шунга қарамай, Рональд Куманни нима учун ишдан олиш мумкинлиги кун тартибидаги асосий масала эди. Сўнгги турларга қадар "Барселона" чемпионлик учун имкониятларини сақлаб қолди. Кубок баҳсида ишончли ҳаракат қилди. Шу сабабли, раҳбарият мавсум сўнггига қадар нидерландни ишда олиб қолди. Хўш, эндичи? Жамоа ЕЧЛда омадсизликка учради, чемпионлик учун баҳсда "Aтлетико" мағлуб этилмади. Aйни дамда, "Янги Барселона"ни бошқаришга ким ҳақлироқ? Бугун ушбу постни қабул қилиб олишга даъвогар 4 инсон ҳақида қизиқарли фактларни келтириб ўтамиз.

1-вариант. Ёш ва ғалабага ўч Хави!

Биринчи навбатда мураббийнинг салбий жиҳати ҳақида фикр билдирсак, ўринли бўларди. Собиқ футболчи Пеп Гвардиоладан фарқли ўлароқ, анча кескин чиқишлар қилади. У Қатарда туриб "Барселона"ни танқид қилиши, ички муҳит ҳақидаги аламли ҳақиқатларни ошкор қилиши одатий хол. Қаҳрамонимиз ўз ишининг устаси, лекин топ мураббий даражасига кўтарилдимикан? Бу саволга фақат вақт жавоб бериши мумкин.

Унинг Қатар мамлакатида амалга оширган ишлари таҳсинга сазовор. Қаҳрамонимиз Осиёда "Aл-Садд" билан ном қозонди. Ўз ўйин услубини тарғиб этмоқда, лекин бу "Барселона" учун етарли бўладими? Зидан ва Гвардиола катта саҳнага чиқишдан аввал, ёшлар жамоасида фаолият олиб борган ва Ла Лигага анча чиниққан холда етиб келган. Хави эса, ишни Осиёдан бошлади. Қарашлар ва ўлчовлардаги фарқ панд бериб қўйиши ҳеч гап эмас. "Барселона" уни жамоа афсонаси сифатида кузатиб қўйди. Барча мухлислар қалбида Хави барча замонлардаги энг яхши ярим ҳимоячи бўлиб қолган. Мураббийлик курсисидаги омадсизлик бу меҳрни бир зумда қаҳрга алмаштириб қўйиши ҳеч гап эмас.

Хави тинимсиз жамоани қайта қуриш лозимлиги ҳақида фикр билдирмоқда. Катта эҳтимол билан, унинг орзусидаги "Барса"да Мессига жой топилади. Нолдан бошлаш учун улкан тажриба керак. Ёш мутахассис доимо ғалаба қозонишга ўрганиб қолган мухлисларнинг босимига бардош бера оладими? Бу савол жавобини ҳам вақти келгандагина топиш мумкин. Ҳозирча, воқеалар ривожини кузатишдан бошқа чорамиз йўқ.

2-вариант. Луис Энрикени қайтариш!

Бир йил аввал Испания терма жамоаси устози қачонлардир яна "Барселона"ни бошқармоқчи эканлиги ҳақида фикр билдирган эди. Ҳозирча, айнан у "кўк-аноррангилар" билан ЕЧЛ ютган сўнгги мураббий бўлиб турибди. Месси билан ўртадаги совуқчилик ҳам йўқолган. Мураббий биринчи имкон бўлиши билан Лео ҳақида илқ сўзлар айтмоқда.

Энрике давридаги улкан ютуқларнинг катта қисми Месси-Суарес-Неймар учлиги билан боғлиқ. Энрике қизининг бемор бўлиб қолгани учун бироз муддат футболдан кетди. Ҳозир у яна постда. Гвардиоладан кейин нима қилишни билмай қолган "Барселона" унинг бошқарувида яна аввалги даражасига кўтарилган. Балки, мутахассис сифатли трансферлар орқали бир неча йил Европанинг энг кучли клубига айланишга қодир жамоани тузар. Бунга ишониш мумкин.

Мутахассис "Барселона" сафида 11 йил тўп сурган. У Гвардиола даражасида бўлмаслиги мумкин, лекин жамоа билан чемпионликни қайд этган. Лапортага ҳозир клуб мухлисларида эртанги кунга ишонч уйғотиш бирламчи вазифа. Aгар вариантларга эътибор бериб қарасангиз, Энрике даражасида синовдан ўтган мутахассисга кўзингиз тушмайди.

3-вариант. Нидерландлар эраси давом этади! Эрик Тен Хаг!

Яна бир голланд деб ўйламанг, клубни Кройф давридан бери кўплаб "лолалар юрти" вакиллари бошқарган. Уларнинг 75 фоизи омадли юришни амалга оширган. Эрик кучли мутахассис. Ёшлар билан ишлашда беназир, ўйин фалсафаси ва ўз мураббийлик имзосига эга. Уни бежизга узоқ муддат "Бавария" ишга таклиф қилгани йўқ.

"Aякс" Тен Хагга қўшиб, Марк Овермарсни ҳам Каталонияга қўйиб юборишга тайёр. Ўз вақтида "Ноу Камп"да ўйнаб кета олмаган футболчи, жамоанинг трансферлари билан шуғулланади. Кумандан фарқли ўлароқ, Эрик тарғиб этаётган футбол ҳужумкор. Ёш мутахассис бугунги кунда Пеп Гвардиола ва Зинеддин Зидан сингари замонавий футболни севади.

4-вариант. Немислардан Фликни илиб кетиш!

Бир қарашда ғалати, лекин айёрона ғоя. Лапорта ўз вақтида Роналдиньони "Манчестер Юнайтед"дан илиб кетгани каби, Эрлинг Холандни Испанияга олиб келмоқчи. Буни у яшириб ўтирмаяпти. Германия терма жамоаси постини эгаллаши мумкин бўлган Флик ҳам бир зумда Каталонияга кўчиб ўтиши мумкин. Хуан бундай трюкларни бир неча бор амалга оширган.

Немислар ҳали Ханс-Дитер билан расман шартнома имзолагани йўқ. Ваҳоланки, Германия футболи ҳеч қачон режасиз иш кўрмаган. Лёв кетишини айтгач, тезда янги даъвогар эълон қилиниши керак эди. Ҳозирча, "Бундестим"да сукунат. Демак, мураббий клублардаги фаолиятини давом эттириши мумкин. Боз устига, Лапорта Бартамеунинг "Барса"сини 8:2 ҳисобида енгган жамоа мураббийини клубга таклиф қилиш орқали ўз позициясини яна бир бор кўрсатиб қўйиши мумкин.

Ханс-Дитер учун терма жамоадаги фаолият қизиқ туюлмаслиги аниқ. У ўз вақтида Йоахим Лёвга бир неча йиллар ёрдамчилик қилган. Шу билан биргаликда, Каталония проекти анча қалтисроқ. Флик бир мавсум ичида ўз имижини расво қилиб қўйиши ҳам мумкин. Умуман олганда, мураббий олдида анча қийин танлов турибди.

Қаҳрамонимиз "Бавария"ни ўйин сифати ёки натижаларнинг ёмонлашгани учун тарк этмади. Салихамижич билан жанжал ҳаммасини тезлаштириб юборди. Қўшимчасига, Нагельсманнинг катта саҳнага чиқиши Фликни Мюнхенда бегонага айланишига сабаб бўлди. Ҳозир мутахассис янги клуб билан "Бавария"да кўрсатган фокусини такрорласа, сайёрамизнинг энг кучли мураббийи аслида ким эканлигини барчага кўрсатиб қўйиши мумкин. Флик ёш ва ғалабаларга ўч. Бу фактор янги саргузаштлар сари қадам бўлиб хизмат қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Барса" янги бош мураббий изламоқда?! Каталония клубига 4 хил вариант бор!