22:36 / 21.05.2021
1 939

Драган Черан: МТЖда тўп суришга тайёрлиги, ҳозирги «Пахтакор»нинг аҳволи ва «Насаф»га қайтиши мумкинлиги ҳақида

Драган Черан: МТЖда тўп суришга тайёрлиги, ҳозирги «Пахтакор»нинг аҳволи ва «Насаф»га қайтиши мумкинлиги ҳақида

Тошкент клуби етакчиси Драган Черанга саволлар йиғилиб қолган эди. Унинг терма жамоада тўп суриши мумкинлиги ёки «Насаф»га қайтиши ҳақидаги миш-мишлар футбол мухлисларининг эътиборини тортгани рост. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «шерлар» ҳужумчисини суҳбатга тортдик.

- Драган, «Пахтакор» ОЧЛда кутилганидек иштирок этгани йўқ. Гуруҳда қолиб кетишимизга нима сабаб бўлди деб ўйлайсан?
- Аслида, ҳаммаси кўнгилдагидек кечди. Биз ҳамма ўйинни яхши ўтказдик. Квартетимиздаги бирорта клубдан бўшроқ тўп сурганимиз йўқ. Шунчаки, омад кулиб боқмади. Ваҳоланки, ҳеч бир рақибдан ёмон ўйин кўрсатмадик. Омад етишмади. Шу фактор сабабли гуруҳдан чиқа олмадик. Бошқачасига буни изоҳлаб бўлмайди. Мухлислар биздан кўпроғини кутгани аниқ, лекин баъзан футболда шунақаси бўлиб туради. Сен қанчалар истама, бунга лойиқ ҳаракат қилсанг ҳам маррага ета олмайсан. Бу футбол. Бугун улар, эртага биз ғалаба қозонамиз.

- Халқаро майдондаги омадсизликдан сўнг, жамоада тушкунлик кузатилмадими?
- Очиғи, буларни енгиб ўтиш осон бўлгани йўқ. Биз ҳам оддий инсонмиз. Сизлар мағлубиятдан қанча сиқилсангиз, биз бир неча баробар кўпроқ хафа бўламиз. Натижага жавоб берадиган аслида футболчилар. Шундай бўлса-да, вақт ҳамма нарсага даъво. Ҳозир кайфият анча яхши. Янги ўйинларни кутяпмиз. Ҳаммасини унутиб олдинга интилиш керак. Ортга назар ташлаган билан ҳеч нарса ўзгармайди.

- Шота Арвеладзенинг жамоани тарк этгани, клуб ўйинига таъсир кўрсатмадими?
- Умуман олганда айтарли ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Мураббий кетгани билан, унинг ишини издоши давом эттирмоқда. Питер ҳам Шота билан биргаликда Тошкентга келган. Клубни, футболчиларни, структурани яхши билади. Керакли қарорларни чиқара олади. Ўйлашимча, Шотанинг кетиши улкан йўқотиш бўлгани йўқ. Арвеладзе бошлаган ишларни давомчиси қолди. Асосийси шу. Қолгани майда деталлар.

- «Турон» жамоаси билан Яйпандаги ўйинда «Пахтакор» очко йўқотди. Бу нима билан боғлиқ? Жамоа таркиби анча заифлашиб қолгандек кўринмоқда?!
- (Кулади) Ахир биргина дуранг қайд этдик, холос. Мавсум давомида илк бор очко йўқотишимиз билан савол билан чиқдингиз. Аслида, бу ёқимли ҳолат. Биз барчани ўз ғалабаларимизга ўргатиб қўйдик. Шунинг учун рақиб билан муроса кўчасини танлашимиз кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда. Футболда ҳар доим ғалаба қозонишнинг имкони йўқ. Баъзида мағлубият ва дуранглар бўлиб туради. Таркиб борасида ҳеч нарса дея олмайман. Бу саволни мураббийга бериш ўринли бўлади. Ҳозирги «Пахтакор» билан аввалгисини солиштирмоқчи эмасман.

- Келажакдаги режалар қандай? «Насаф»га қайтиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми?
- Ҳозирча, Тошкент клуби билан йил якунига қадар шартномам мавжуд. Шундай экан, олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди. Ўйлашимча, келажакда ҳам «Пахтакор» билан қоламан. Бу ерда оилам ва ўзимни қулай ҳис этаман. Шундай экан, «шерлар» билан ўртадаги шартномани узайтириш ҳақида ўйлаяпман. Агар келишиб олсак, жамоада қолмоқчиман. Ҳозир бор эътиборим ички биринчиликдаги муваффақиятларга қаратилган. ОЧЛдаги натижалар ўз йўлига. Олдимизда чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш вазифаси бор. Уни 100 фоиз бажариш учун қўлдан келганча ҳаракат қиламан.

- Анча йиллардан бери Ўзбекистонда истиқомат қиляпсиз. Айтингчи, агар миллий терма жамоадан таклиф келиб тушса, қандай жавоб берар эдингиз?
- Бу жуда ҳам ёқимли ҳолат. Мен серб бўлишимга қарамай, Ўзбекистон терма жамоасига ёрдам беришим мумкин. Бунга ҳар доим тайёрман. Агар МТЖ бош мураббийи мени ўз жамоасида кўришни истаса, мен эртагаёқ машғулотларга қўшилишга розиман. Бу мен учун улкан шараф. Халқаро майдонда тўп суриш ва мухлисларимиз орзуси - ЖЧ йўлланмаси сари интилишни истайман. Нима бўлган тақдирда ҳам сўнгги сўзни МТЖ бош мураббийи айтади. У мени Ўзбекистон миллий жамоасига чақирса, албатта таклифни қабул қиламан.

- Таиланд ва бошқа давлатлар клубларидан таклифлар келиб тушаётганидан хабаримиз бор?!
- Тўғри, бир неча йиллардан бери Таилланд ва бошқа шарқий Осиё жамоаларидан таклифлар келди. Араб клублари ҳам бундан мустасно эмас. Шунга қарамай, фаолиятимни Ўзбекистонда давом эттирмоқчиман. Мен учун бу ҳозир иккинчи даражадаги масала. Асосий мақсадим «Пахтакор» билан шартномани узайтириш. Менда Таиланд клубларидан келиб тушган таклифлар доим бўлган. Ҳозир ҳам мавжуд, бироқ Ўзбекистонда ўзимни жуда яхши ҳис этяпман. Шу боис, имкон борича кўпроқ шу ерда фаолиятимни давом эттириш ниятидаман.

- Шота Арвеладзе билан Питер Хюистранинг иш услубида қандай фарқ бор? «Пахтакор»нинг ўйин услубида ўзгариш сездингизми?
- Бир қарашда ўзгариш йўқ. Улар тарғиб этаётган ўйин услуби бир хил, аммо мураббийнинг имзоси ҳеч қачон бир-бирини қайтармайди. Питер ўйинимизни янада яхшилаш учун янгилик олиб киришдан қочмайди. У ўсаётган мураббий. Менимча, тез орада у ўзи истаган «Пахтакор»ни шакллантиради. Бунинг учун биз қўлдан келган барча ёрдамни беришга тайёрмиз.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)
Мавзуга оид янгиликлар


Янгиликлар » Спорт » Драган Черан: МТЖда тўп суришга тайёрлиги, ҳозирги «Пахтакор»нинг аҳволи ва «Насаф»га қайтиши мумкинлиги ҳақида