11:33 / 01.06.2021
3 666

“Милан”га Шомуродов керак!

“Милан”га Шомуродов керак!

Ёзги трансфер бозори очилмасидан турли шов-шувли хабарлар чиқа бошлади. Дастлаб, қишки трансферлар вақтида “Ювентус” Элдор Шомуродовга қизиқаётгани ҳақида маълумотлар тарқатилган, кейинчалик “Женоа” президенти туринликлар ҳақиқатан ҳам ўзбек футболчисини суриштирганини тасдиқлаган эди.

Мавсум якунига яқин Жозе Моуриньо “Рома” бош мураббийлигини қабул қилиб олиши ҳал бўлганидан кейин ҳамюртимизга Рим клубидан қизиқиш борлиги маълум бўлди.

Яқинда “Женоа” ижтимоий тармоқлар орқали Милан Бадель ва Элдор Шомуродов суратини қўйгани кўпчилик томонидан ўзбек ҳужумчисининг Милан клублари эътиборига тушганини англатишига йўймоқда.

Италияда эса, “Милан” жамоаси мухлислари бу трансферни муҳокама қилишни бошлаб юборди. Миланлик ишқибозларнинг аксарияти Шомуродов жамоани кучайтиришга қодирлигини айтмоқда. Эътиборингизга “Милан” фанатларининг Шомуродов ҳақидаги фикрларини ҳавола қиламиз.

Tommaso Villano: Якунланган мавсумнинг боши мослашиш жараёни бўлди ва чемпионат охирига келиб ўзбек ҳужумчиси 6 та учрашувда бешта гол урди. Битта голга ўртача 76 дақиқа сарфлади. Агар у “Милан”да ҳам шу даражада ўйнай олса, албатта, жамоани кучайтирган бўлади.

Simone Battista: Ҳар қандай вазиятда ҳам Шомуродов Манжукич ва Леауга қараганда жамоа учун фойдали футболчи ҳисобланади. Чунки бу иккисидан ёмон ўйнашнинг иложи йўқ!

Mauro Bianchini: Бу трансферда мантиқ бор. Шомуродов – А Сериядаги захирадан тушиб гол уриш бўйича энг зўр ҳужумчи. У ўйинга қўшилганидан кейин тўртта гол урди ва битта голли пас оширди. Захира футболчилари орасида бунақа самарадорликка ҳар ким ҳам эриша олмайди. Бунақа ҳужумчи бизга аниқ керак бўлади!

Francesco Franci: Молиявий инқироз нималаргни келтириб чиқармоқда. Топ-футболчилар ўрнига А Сериянинг ўртамиёна жамоаларидан ўйинчи олишга мажбурмиз.

Maurizio Peccolo: Менда ғалати ҳиссиёт бор. Охирги маротаба “Женоа”дан ҳужумчи олганимизда у ўзини кўрсата олмаган эди. 35 миллион еврога харид қилинган Кшиштоф Пёнтек “Милан”да ўзини кўрсата олмаганидан кейин уни 24 миллион евро эвазига қўйиб юборгандик. Шомуродовнинг трансфери ҳам шундай бўлиб чиқмаслигига умид қиламиз.

Vincenzo Marignoli: Бу трансфернинг тарихий асоси бор. Ўз даврида Андрей Шевченко ва Каха Каладзе клубимиз афсоналарига айланган. Шунинг учун бизга собиқ Иттифоқ ҳудудидан яна бир футболчи керак бўлади!

Alvaro Campeti: Чемпионлар лигаси олдидан таркибни кучайтириш керак. Йўқса кунимиз 40 ёшли қария Златан Иброҳимовичга қолиб кетади.

Francesco Manna: Элдорнинг ўйинини “Женоа”га қарши ўтказилган учрашувимизда кўрганман. Ҳаракатчан ва курашувчан ҳужумчи. Биринчи голни айнан унинг зарбасини Жанлиужи Доннарумма қайтарганидан кейин ўтказиб юборгандик. Дарвозабондан қайтган тўпни Маттиа Дестро тўрга жойлаганди.

Дебют мавсумида Италия футболида саккизта гол уриб, иккита голли пас узатган Элдор Шомуродовга турли жамоалардан қизиқиш ва ҳатто таклифлар бўлиши табиий ҳол, албатта. “Милан” мухлисларининг муносабати бизни хурсанд қилмай қолмайди. Демак, Шомуродов атрофидаги янгиликларни кузатишда давом этамиз...

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » “Милан”га Шомуродов керак!